17.05.2018

МИРИШКОРНИНГ БУГУНИ ВА ЭРТАСИ

Ёхуд бепоён саҳрода астойдил меҳнат қилиб, мўъжизалар яратаётган одамлар ҳақида

Президентимиз Қашқадарёга ташрифи пайтида воҳанинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, кўпроқ экспортбоп экинлар экиш, тиббиёт, мактаб, болалар боғчаларидаги шароитни тубдан яхшилаш, замонавий уй-жойлар барпо этиш, ҳудудларни обод қилиш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Чироқчи туманида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида ҳудудлардаги ислоҳотларга тўхталар экан, Қарши чўлидаги йирик Миришкор тумани ҳам катта тараққиёт йўлига тушиб олишига ишонч билдирган эди.

Хўш, бугун туман меҳнат аҳли қандай ишларни амалга оширяпти, қандай кайфиятда яшаяпти?

 

ҚАЛАМПИР АЧЧИҚМИ, ШИРИН?

Сиз чек-адоғини бирдан илғаб бўлмайдиган Қарши чўли ҳақида эшитганмисиз? Қаҳратон қишда совуқдан саксовуллар танасининг ёрилгани ёки саратонда саҳронинг оғир-оғир хўрсингани, кўкатлар қовжираб кетганига гувоҳ бўлганмисиз? Ҳеч бўлмаса, улкан даштда тонг қандай отишини кўрганмисиз?..

Кимдир кўрган, кимдир кўрмаган, албатта. Ана шундай оғир шароитда яшаб, меҳнат қилиб, катта ютуқларга эришаётган одамлар ҳақида ҳикоя қилишнинг завқи ҳам бўлакча.

...Қарши даштининг бепоён ҳудуди — Миришкор тумани далаларига етиб келганимда, тонг энди отаётган, кунчиқар томонда қизғиш жилолар пайдо бўлаётган палла эди. Елда чайқалаётган баракали ғаллазорлар, ғўза ниҳолларига қараб, кўнгил яйрайди...

— Қаранг, одамлар аллақачон далага чиқишибди, — дея хитоб қилди ҳамроҳим — узоқ йиллар матбуотда ишлаётган фотомухбир Ҳусан ака Раҳмонов. — Тасвирга олиш учун тонг­нинг энг яхши пайти, фурсатни қўлдан чиқармайлик, шу атрофда тўхтайлик.

Йўл четида суҳбатлашиб турган одамлар ёнида тўхтадик. Билсак, туманнинг бир гуруҳ фермерлари тажриба ўргангани бу ерга келишган экан.

Қандай тажриба, нима янгилик экани билан қизиқдик.

— Саксон олтинчи йилдан буён Фар­ғонада аччиқ қалампир етиштириб келамиз, аммо 50 сотих ёки 1 гектар майдонда меҳнат қилганмиз. Қашқадарёга тажрибамизни ўргатгани келдик, — дейди Иброҳим Холмирзаев. — Мана, шу 10 гектар ерга бугундан ниҳолларни эка бошладик. Бизнинг тажрибамиз бўйича ҳар гектар ердан 30-35 тоннадан ҳосил олиш мумкин. Аммо бу ернинг шароити ўғит таъминоти, сувни вақтида етказишга кўп жиҳатдан боғлиқ. Ҳа, қалампирнинг ўзи ҳам, меҳнати ҳам аччиқ, аммо даромади катта, ширин...

Менда қатор саволлар туғилди: бу йил вилоятда қанча майдонга аччиқ қалампир экилади? Қайси мамлакатларга экспорт қиламиз? Уруғи қаердан келтирилган?..

— Ҳамма саволингизга мен жавоб бераман, — деди «Бик агро» қалампир етиштиришга ихтисослашган ташкилот раҳбари Олламурод Бозоров. — Президентимиз вилоятга келганида Қарши туманидаги «Бахт» фермер хўжалигида бўлиб, кўплаб истиқболли соҳалар ҳақида гапирганди, аччиқ қалампир етиштиришга ҳам эътибор қаратганди. Шундан кейин барча ишлар бошланиб кетди. Бу йил вилоятда 5 минг гектар майдонда қалампир етиштирилади. Уруғ Ҳиндистондан келтирилган. Туманлар ҳокимларининг қарори билан экин майдонлари ажратиляпти. Масалан, Миришкор туманида 2 минг гектар ерга қалампир, 80 гектарга плёнка остига марказлашган ҳолда қалампир уруғлари экилди, кўчат етиштирдик. Майнинг охирига қолдирмай ниҳолларни экиб улгуришимиз керак.

Бу янги экин турини энг кўп майдонга экаётган миришкорликлар билан ҳосил йиғиб олинаётганда яна учрашишни кўнглимга тугдим.

 

КАРАМ ЭКСПОРТГА ЖЎНАТИЛАДИ

Ҳали қуёш найза бўйига етмасдан яна йўлимизда давом этдик. Катта йўл ёқасида, дарахтлар орасида бош бойлаган пиёз тўпларини кўтариб чиққан кекса бобога кўзимиз тушди. Бизни шу йўл яқинида кутиб олган ЎзХДП туман кенгаши раиси Ўткиржон Усмонов бу инсон моҳир деҳқон 81 ёшли ­Даврон Очилов эканини айт­ди. Машинани тўхтатиб, у билан суҳбатлашамиз.

— Ўн гектар жойда мевали боғ яратганман, ҳосилга кирган, ҳозир ўғлим Элмурод қарайди. Мана, 16 сотих томорқамизда нима йўқ? Дарахтлар орасида пиёз, саримсоқ, картошка етиштириб келяпмиз. Ҳув у ёққа қаранг, ёввойи исмалоқнинг уруғини экиб, кўкартириб қўйибман. Узум, анор бор, ҳовлида ўтган йили кичик иссиқхона қуриб, лимон кўчати экдим. Туман ҳокими Равшан Комилов ҳар сафар йўлдан ўтганда бир тўхтаб, маслаҳат олиб кетади. Даромадга келсак, нима дейман, худога шукр, катта оиладан орттириб, бозорга ҳам чиқаряпмиз..

Дала бўйлаб яна бироз юргач, машинамизни кўм-кўк кўкатлар кўзни қамаштирган майдон четида тўхтатдик. Шошилиб тушдим, чунки чўлда ҳали эртанги карамни кўрмаган эдим. Ўзиям роса 100 гектар экан. Тайёр карамни юз нафардан кўпроқ хотин-қиз махсус машинадаги қутиларга юклашяпти. Иш бир зум тўхтамайди.

— Биз Тошкентдан келганмиз, — дейди тадбиркор Абдухолиқ Восиқов. — Кўп йилдан буён деҳқончилик қилиб келаман. Шукр, кам бўлмадик, 7 нафар фарзандни улғайтирдик. Ўтган йили Чироқчи туманида 30 гектар ерда деҳқончилик қилгандик. Миришкор тумани бу йил яхши шароит яратиб берди. Шу 100 гектар майдонни ижарага олиб, салат бўладиган карам етиштирдик. Ҳосил яхши. Карамни узиб, Қаршига олиб борамиз, кейин махсус қутиларга жойлаб, Россияга элтамиз...

Ўткир Усмоновнинг айтишича, ўтган йили туманда ғалладан бўшаган 5 минг гектар майдонга мош ва бошқа экинлар экилган, томорқа хўжаликларини ривожлантиришга, экс­портбоп экинларни экишга катта эътибор берилаётган экан.

 

КЕЛСАНГИЗ, ҲАЙРАТГА ТУШАСИЗ

Миришкор тумани ҳудуди — қарийб 300 минг гектар. Аҳолиси — 110 минг киши. Улар ўзбек, араб, туркман, татар, рус ва бошқа миллат вакиллари, аҳил ва иноқ турмуш кечиришмоқда. Жейнов қишлоғида араблар истиқомат қилаётган бўлса, Помуқ, Чандир, Найисон қишлоқларида туркманлар яшайди, улар 32 минг кишидан кўпроқ. Ўтган йили аҳолиси 1,5 минг кишидан ошар-ошмас бўлган, ҳудуди 75 минг гектардан кўп Авазчўлни машинада айланган эдим. Асосан саксовул, янтоқзордан иборат даштда қўй-қўзи боқиларкан. Анча жойни кўл эгаллаган. Туман ҳокимининг ташаббуси билан кўлда балиқчиликни ривожлантириш, ғоз, курка парваришлаш режалари тузилгани ҳақида эшитгандим. Айтишларича, бу режалар ҳам амалга оша бошлабди.

— Яқинда Туркманистон давлати раҳбарининг мамлакатимизга таш­рифи ва Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев билан дўстлик, биродарликни мустаҳкамлаш, ўзаро алоқаларни янада яхши йўлга қўйиш борасидаги учрашувини биз, туркманлар ҳам севиниб кузатдик, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Дилшод ­Нонаев. — Пойтахтимиз Тошкентда турк­ман боғи ташкил этилганидан ниҳоятда фахрландик. Туманимизда биз, туркманлар тенглар ичра тенгмиз, бахтлимиз, ўзбек, араб ва бошқа миллат вакиллари бир тан, бир жонмиз. Туркман миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилаётган Чандир ва Помуқ қишлоқлари «Обод қишлоқ» дастурига кирган, йўллар текисланяпти, янги уйлар қуриляпти. Насиб этса, туристлар, саёҳатчилар қадам ранжида қилса, ҳайратга тушадиган маконларга айланади.

— Бугун Помуқ қишлоғида катта байрам бўлиб кетди, — дейди шу ҳудуддаги марказий касалхона бош шифокори Усмонжон Маматқулов. — Гап шундаки, шифохонамиз 1979 йилда қурилган. 3 қаватли даволаш биноси, бир қаватли туғуруқхона, 2 қаватли поликлиника, «Тез ёрдам» бўлимидан иборат. Хуллас, чўлни ўзлаштириш йилларида тикланган бинолардан путур кетганди. Давлатимизнинг ғамхўрлиги туфайли катта маблағ ажратилди. 2017 йили 3 миллиард сўм, бу йил 2,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Тиббий ускуналар келтирилди. Марказий иситиш тизими бутунлай янгиланди. Таъмирлаш ҳали давом этаяпти. Энди «Тез ёрдам», юқумли касалликлар бўлимлари қайтадан қурилади. Бунинг учун яна 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Кези келганда, кардиолог, лор, невролог шифокорлар етишмаслигини айтмоқчи эдим. Хуллас, энг замонавий шифохонага эга бўляпмиз. Одамлар ҳукуматимиздан чексиз миннатдор...

Кун роса тиккага келди. Шамол кучайди, чанг-тўзон бошланди. Аммо катта йўл ёқасида тикланган бинолар атрофига тўпланган кишилар қўзғалишмади, уларнинг юз-кўзларида қувонч, шодликни кўраман. Карнай-сурнайлар, куй-қўшиқлар янграйди.

Бунинг боиси шундаки, шу куни Жейнов қишлоғида янги бозор бун­ёд этилгани тантана қилинаётган эди. Бу қурилишнинг ҳам ўз тарихи бор. Жейнов қишлоғида 25 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шу қишлоқда туғилиб ўсган, умрининг сўнгги йилларида хўжаликни бош­қарган, қўлидан келгунча обод қилишга ҳаракат қилган Ўзбекистон Қаҳрамони, раҳматли Муродулла Саидов кичикроқ бозор қуриш ишлари бошида турган эди. Аммо йиллар ўтиб, бозор талабга жавоб бермай қолди. Фақат бир қишлоққа тегишлидай кўринса-да, амалда бутун туман, ҳатто қўшни Касби туманидаги харидорлар эътиборида эди. Президентимиз ­қашқадарёлик сайловчилар билан учрашганда Қарши шаҳри, Деҳқонобод, Қамаши, Касби, Нишон, Чироқчи, Яккабоғ туманлари қатори, айнан Миришкор туманида 3 та янги бозор қурилиши ҳақида гапирган, келажак режаларини баён этиб берган эди.

Ўтган 2017 йилда Миришкор туманида яхши ўзгаришлар юз берди. Янги ҳокимнинг ташкилотчилиги туфайли ғалла ва пахтадан катта ҳосил кўтарилди ва ободончилик ишларига киришилди. Жейнов қишлоғидаги эски бозор бузилиб, бутунлай янгидан қурила бошланди.

Аъзам Абдуллаев, «Гулрух омад Файз» қурилиш МЧЖ бошлиғи:

— Асли Қамаши туманининг Манғит қишлоғиданман. Касбим бўйича иқтисодчи бўлсам-да, қурилиш, ободончиликка қизиқдим. 2009 йилда алоҳида қурилиш ташкилотига асос солдик. Барча турдаги техникаларга эгамиз. Туманимизда 50 та намунали бир қаватли, иккита 32 ва 24 хонадонли кўп қаватли уйларни қурганмиз. Бозорнинг ҳудуди 1 гектар 36 сотих экан. Алоҳида лойиҳа тайёрланди. Жами 4 павильон, 53 савдо дўкони қуриб бердик. Деҳқонлар уйи, 2 минг квадрат метрга тенг автомобиллар сақлаш жойи ва бош­қа иншоотларни барпо этдик. Ҳисоб-китоб бўйича 8 миллиард сўмдан ошиқ иш бажарибмиз. Ниятларимиз кўп. Ўзимизнинг Қамаши туманида қум-шағал карьери очдик, цех қурмоқчимиз.

Жасур Тошев, тадбиркор:

— Туманимиз шароитида ноз-неъматларни иссиқ кунларда ҳамда қиш ойлари учун сақлаш — муаммо. Шуни ўйлаб, бозорда 100 тонна маҳсулот сақлайдиган совитгич қурдик. Ускуналари Германияда ишлаб чиқарилган. Ўзимизнинг фермер хўжалигимиз бор. Ўтган йили ғалла ва пахта режаларини ошириб адо этиб, яхши даромад кўрдик. Яна банкдан 600 миллион сўм кредит олдик. Хуллас, энди маҳсулотларни асраб, қишда бозорларга чиқарамиз...

Нодирбек Ёмғиров, тадбиркор:

— Илгариги дўконимиз бузилди, чунки талабга жавоб бермасди. Янги лойиҳа асосида яхши дўкон қурдик, хўжалик моллари билан савдо қиламиз....

Хуллас, бозор майдони кенгайди. Янги артезан қудуғи қазилди. Фаввора қурилди. Супермаркет, мини-маркет, ошхоналар бунёд этилди. Ҳавас қилса арзийди.

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев бозор майдони, дўконлар қурилиши сифатини кўздан кечирди. Бозорни тантанали очишда қурувчилар шаънига, одамларнинг аҳиллигига илиқ сўзларни айтди. Фахрийлар, қурувчиларга тўн кийдирилди. Куй-қўшиқлар янгради. Шу жойда янги бозор раҳбарлигига ёш тадбиркор Хуршид Хушмуродов сайланди.

 

БОЛАЛАРГА ЭЪТИБОР

Шу куни вилоят раҳбарлари янги хусусий болалар боғчаси очилишида ҳам қатнашди. Маълум бўлишича, бўш турган бино ноль қийматида тадбиркор Жўшқин Холовга берилади. У қўш қаватли бинони ­сифатли таъмирлайди, замонавий каравотлар, турфа ўйинчоқлар, ўқув қўлланмалари келтирилади. Умуман, боғча биноси 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, таълим стандартлари асосида жиҳозланган. Бино тўлиқ иситилади. Ота-оналар аллақачон болаларини шу боғчага олиб келишибди.

— Мен 5 ёшли ўғлим Муҳаммадини олиб келдим, — дейди ёш она Зиёда Мусаева. — Кўриб турибсиз, бу ерда болалар таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилган. Боғча мудири Шаҳноза Шодмонова ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси экан. У болаларга хорижий тилларни ўргатиш, яхши муаллимларни ишга олиш ва бошқа ниятларини гапириб берди. Туман ҳокими айтишича, яна 20 та хусусий боғча бунёд этилар экан.

— Бу режаларнинг бариси қутлуғ, — дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Жамол Бердиев. — Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан таълим соҳасида бошланган изчил, кенг қамровли, келажакка мўлжалланган ислоҳотлар ҳозирданоқ юксак самара бера бошлади. Болалар мактабларда яхши таълим олиш­япти. Айниқса, мактабгача таълим муассасаларининг мустақил фао­лият кўрсатаётгани кўплаб имкониятлар эшигини очади. Туманимизда ҳозиргача 2269 нафар бола 18 давлат ва 2 хусусий боғчада тарбия­ланаётган эди. Энди улар сафига янги боғчага қатнайдиган 150 болани ҳам қўшинг. Хўш, энди тарбия­чилар ҳақида. Мамлакатимиз раҳбари кўрсатмасига кўра, Қарши давлат университетида олий маълумотли, аммо мактабгача таълим соҳаси ­му­та­хассиси бўлмаган муаллимлар учун 3-4 ойлик курслар очилган. Бош­қа соҳа муаллимлари ўқиб, боғчаларга ишга келиши мумкин. Бундан ташқари, 2017 йилдан бошлаб ўрта махсус маълумотли тарбиячилар шу университетда сиртдан ўқиб, олий маълумотга эга бўладилар. Ҳозир туманимиздан 14 тарбиячи сиртдан ўқимоқда. Келажакда мактабгача таълим масканларида тарбияланганлар бир неча тилни биладиган бўлишади.

Хулоса ўрнида айтсак, Миришкор туманида ислоҳотлар кўтаринки руҳда давом этмоқда. Ҳадемай, автоматлаштирилган кушхона, дуккакли экинларни қадоқлаш корхонаси, ёғ ишлаб чиқариш цехи ва бошқа кичик, аммо фойдали корхоналар ишга тушади. Жейнов қишлоғида пахта толасини қайта ишлаш корхонаси қурилиши бошланади.

Бепоён чўл бағридан қайтар эканман, миришкорликларнинг яқин беш-ўн йилдан кейинги ҳаётини тасаввур қиламан. Чўл бағрида замонавий гўзал шаҳар пайдо бўлади, одамлар турмуши бир неча баробар фаровонлашади. Ҳаётдан мамнун, бахтли одамлар яшайди бу ерда. Бугунги ишлар, ўзгаришлар бунга кафолат беради.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.