17.05.2018

ЎЗБЕКИСТОН — АҚШ: ЯНГИ УФҚ ВА МАРРАЛАР САРИ ДАДИЛ ҚАДАМЛАР

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 2018 йил 15 май куни илк расмий ташриф билан Вашингтонга келди.

 

Вашингтон, 16 май. ЎзА махсус мухбири Абу Бакр ЎРОЗОВ хабар қилади.

 

Ташрифнинг асосий тадбирлари 16 май куни Америка Қўшма Штатлари Президентининг расмий қароргоҳи — Оқ уйда бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп кутиб олди.

Кейинги вақтларда икки мамлакат ўртасида давлат раҳбарлари даражасида мулоқотлар мунтазамлик касб этмоқда. 2017 йилда Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари икки марта — май ойида Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида ҳамда сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида Нью-Йоркда учрашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги мавжуд алоқалар ва истиқболдаги режалар хусусида суҳбатлашди.

Шунингдек, 2017 йилда Ўзбекистон ва АҚШ раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Жорий йил март ойида Президент Дональд Трамп Президент Шавкат Мирзиёевга Тошкент шаҳрида ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференция арафасида мактуб йўллади.

Ўша мулоқотларда давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга доир масалалар, ўзларини қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашдилар. Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

АҚШ Президенти Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ва кооперацияни фаоллаштиришга қаратилган, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ҳамда фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатларининг стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, айниқса, минтақавий ва халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги долзарб масалалар бўйича икки давлат раҳбарларининг қараш ва ёндашувлари муштараклиги мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли алоқаларни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўтган вақт давомида Ўзбекистон билан АҚШ ўзаро англашув, ҳурмат ва манфаатдорлик тамойилларига асосланган стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни ривожлантириш йўлида муҳим қадамлар қўйди.

Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли режаларини биргаликда кўриб чиқиш мақсадида Президент Дональд Трамп Ўзбекистон раҳбарини АҚШга расмий ташриф билан келишни таклиф қилди. Ўзбекистон Президенти томонидан мамнуният билан қабул қилинган ушбу таклиф олий даражадаги мулоқотларнинг янги даврини бошлаб берди.

Давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашувида Дональд Трамп мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик соҳасидаги умумий мақсадларни амалга оширишда биргаликда ишлашдан мамнун эканини қайд этди.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон Республикасининг қўшни давлатлар мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, шунингдек, Марказий Осиёни янада тараққий эттириш ва минтақада ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, деди Дональд Трамп.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган юксак эҳтиром ва меҳмоннавозлик учун АҚШ Президентига миннатдорлик билдирди.

2017 йилда бўлган учрашув ва телефон мулоқотлари чоғида муҳокама этилган масалаларни бугун маромига етказиш кўп қиррали ҳамкорлигимизни жадал ривожлантиришда янги қадам бўлади, деб ўйлайман, — деди Шавкат Мирзиёев. — Ўзбекистон ва АҚШдаги Президент сайловларидан кейин мамлакатларимиз муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Бугун қабул қилинадиган «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши» номли Қўшма баёнот ўз номи ва моҳияти билан кўп нарсани англатади. Томонларнинг узоқ келажакка мўлжалланган интилишларидан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ташқи сиёсатининг концептуал асослари ўзгармасдан қолишини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Америка Қўшма Штатлари билан муносабатларни янада кенгайтириш, ҳар томонлама ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг қатъий тарафдоридир.

Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиши Америка бизнесининг юртимизда узоқ муддатли фаолиятни йўлга қўйиши ҳамда АҚШнинг етакчи корпорация ва компаниялари билан инвестициявий-технологик ҳамкорликни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш каби масалаларга устувор аҳамият қаратилган.

Президентимизнинг ташаббуси ва сиёсий иродаси туфайли минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ишонч мустаҳкамланди. Давлат чегаралари, сувдан фойдаланиш муаммолари, транспорт йўлаклари, савдо алоқалари, ҳудудлар ҳамкорлиги каби кўплаб масалалар бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратишини яна бир бор таъкидлади. «Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё — биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир. Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», деди давлатимиз раҳбари БМТ минбаридан.

Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи давомида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Минтақамиздаги ижобий ўзгаришларни Президент Дональд Трамп алоҳида эътироф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Дональд Трамп музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Унда асосий эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди. Вазирлик ва компаниялар, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, юқори технологиялар, савдо-саноат, ёқилғи-энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Савдо-сотиқ соҳасида мамлакатларимиз ўртасида 1998 йилдан буён энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда. Ўзбекистонда америкалик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 181 корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 46 таси тўлалигича ушбу мамлакат капитали асосида тузилган.

Ўзаро савдо транспорт ва транспорт коммуникациялари, фармацевтика, автомобилсозлик, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, электротехника каби кўплаб соҳаларни қамраб олган.

Ташкил этилганига йигирма йилдан ошган Америка — Ўзбекистон савдо палатаси бугун иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг муҳим механизмига айланди. Айни пайтда АҚШнинг «Boeing», «General Motors», «General Electric», «CNH Industrial», «Hayatt», «Hilton» ва бошқа кўплаб йирик компаниялари мамлакатимизда муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Музокарада томонлар олий даражадаги мулоқотларни изчил давом эттириш, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, гуманитар алоқаларни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.

Мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун фойдаланилмаётган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаат келтириши таъкидланди.

Давлат раҳбарлари қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё, молия, туризм, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялар соҳаларида янада яқин ҳамкорлик қилиш бўйича мавжуд имкониятларни ўрганишга келишиб олдилар.

Ташриф давомида Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида 20 дан ортиқ йирик шартномалар имзолангани ва уларнинг умумий қиймати 4,8 миллиард долларни ташкил этиши қайд этилди.

Томонлар маданият, илм-фан, таълим, спорт ва туризм соҳалари бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Президентлар мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликка ўз ҳиссасини қўшадиган Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Ўзбекистонда аккредитация қилинишини мамнуният билан қайд этдилар. Дональд Трамп АҚШ Ўзбекистонда инглиз тили бўйича таълим дастурларини амалга оширишда кўмак беришга тайёр эканини билдирди.

Давлат раҳбарларининг «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши» деб номланган Қўшма баёноти қабул қилинди.

Шунингдек, икки давлатнинг турли вазирлик ва идоралари ўртасида савдо-иқтисодий, электротехника, фармацевтика, инвестиция, технология, инновация ва таълим соҳаларида узоқ муддатли ҳамда кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон раҳбарининг ушбу ташрифи ўзаро муносабатларда янги уфқ ва марралар сари дадил қадам экани алоҳида таъкидланди.

Куннинг иккинчи ярмида давлатимиз раҳбари Артур Саклер галереясига ташриф буюрди. Галерея коллекцияси Осиё халқлари санъати асарларидан иборат 10 мингга яқин экспонатни ўз ичига олган.

Президентимиз галереяда сақланаётган ўзбек тўқимачилик буюмлари намуналарини кўздан кечирди. Марказий Осиё бўлимидаги миниатюра ва қўлёзмалар билан танишди.

Вашингтонда АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи давом этмоқда.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.