15.05.2018

ДЕПУТАТЛИК СЎРОВИГА

Шўрчи тумани ҳокимлиги ҳамда айрим мутасадди ташкилотлар раҳбарлари жавоб беришмади. Ушбу вазият юзасидан депутатларнинг прокурорга қилган мурожаатига ҳам икки ойдан буён жавоб келмади...

— Депутат ва фаолларда ташаббускорлик етишмайди, деб кўп гапирамиз. Лекин айрим раҳбарлар депутат ташаббусига бепарволик билан қараётгани ҳам муаммога сабаб бўлмоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП Шўрчи туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Ботиржон Ражабов. — Одамларнинг дардини эшитиш ва электоратни қийнаётган масалаларга ечим топиш мақсадида юборилаётган депутатлик сўровларининг жавобсиз қолаётганини қандай баҳолаш мумкин?.

— Бугун одамларни ишсизлик, банк-молия, тиббиёт ва таълим соҳасидаги муаммолар кўпроқ қийнаяпти, — дейди халқ депутатлари Шўрчи туман кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Ислом Йўлдошев. — Депутатларимиз ушбу масалаларда мутасаддиларга мурожаат қилмоқда.

— Депутатлик сўрови юборишни тубдан ўзгартириш ва янгича усуллардан фойдаланиш керак, — дейди халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Асқарали Хуррамов. — Ўтган йили ЎзХДП гуруҳи томонидан 94 депутатлик сўрови юборилди. Жорий йилнинг ўтган уч ойида эса бу кўрсаткич 22 тани ташкил қилган. «Шўрчи тумангаз» филиали, Бандликка кўмаклашиш маркази, «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди депутатлик сўровларига қонунда белгиланган муддатда ва асосли жавоб берганини алоҳида таъкидлаш лозим. Аммо депутатлик сўровига беписанд қараётган раҳбарлар ҳам бор.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида «Катта Совур» маҳалласидан ­Саидхон Нусратов маҳалла гузари қуриш борасида Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилган. Масала партия гуруҳи томонидан ўрганилганда, ҳудудда маи­ший ва савдо хизмати кўрсатадиган шаҳобчага эҳтиёж борлиги аниқланган. 2017 йилнинг 5 декабрь куни Шўрчи туман ҳокимига фуқаро Саидхон Нусратовга ярим сотих ер майдони ажратишда амалий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ сўров юборилади. Амалдаги қонунларимизда сўровга ўн кун муддатда жавоб бериш белгиланган бўлса-да, қарийб ярим йилдирки, масъуллар буни пайсалга солмоқда...

Йўллар иқтисодиётнинг қон томиридир. 198 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуддаги баъзи ички йўллар таъмирталаб бўлса, айрим маҳалла ва қишлоқ кўчалари ёзда чанг, қишда эса лой. «Ички йўлларни таъмирлаш мақсадида маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағларнинг манзилли ишлатилиши тўғрисида»ги масалани ўрганиш учун ЎзХДП гуруҳи 2017 йилнинг 18 октябрь куни Шўрчи туман ҳокими ўринбосарига сўров юборган. Ўз вақтида ­жавоб бўлмагандан кейин, 2017 йил 4 декабрида такрорий сўров юборилган. Афсуски, масъуллар яна жим...

Шўрчи туман мактабгача таълим бўлими мудирига 2018 йилнинг 9 март куни юборилган депутатлик сўровида таълим муассасалари кесимида ота-оналарнинг бадал суммаларидан қарздорлиги, тарбияланувчиларга бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва масъул ташкилотларнинг рўйхатини тақдим қилиш сўралади.

— Тегишли ҳужжат ва маълумотларни ўз вақтида ололмадик, — дейди халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Тўйчи Жангиров. — Маълум бўлишича, сўров бўлим мутасаддиларининг бепарволиги сабабли йўқолган экан. Жорий ­йил­­нинг 24 март куни эса иккинчи сўров юборилди. Минг афсус, бу гал ҳам жавоб йўқ...

Тўғрисини айтганда, айрим амалдорлар мурожаатларга лоқайд ва бепарво қарайди. 2003 йилда фойдаланишга топширилган 91-қишлоқ оилавий поликлиникамиз 4 маҳалланинг 16500 нафардан ортиқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатади. Авария ҳолатидаги бино ичимлик суви билан таъминланмаган. Иситиш тизими яхши ишламайди. Масалага ечим топиш мақсадида шу йилнинг 24 январида туман ҳокимига мурожаат қилдим. Аммо муаммога эътиборсиз қаралди.

...Ўзбекистон ХДП Шўрчи туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Ботиржон Ражабовнинг 2018 йил 16 мартда Шўрчи туман прокурори, адлия маслаҳатчиси Акбар Астанақуловга йўллаган хатида жумладан шундай дейилган: «...Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи томонидан туман Ички ишлар бўлимига 2017 йил 27 ноябрь ҳамда 2018 йил 16 февралда доимий комиссия хати чиқарилган. Туман ҳокимлигига депутатлик сўровлари юборилган. Аммо ҳар иккала идора ҳам мурожаатларга беписандлик билан қараб келмоқда. Ушбу ҳолатлар юзасидан текшириш ўтказиб, камчиликларга йўл қўйган шахсларнинг интизомий жавобгарлик масаласини белгиланган тартибда ҳал этишингизни сўраймиз...».

Шундан кейин масала ижобий ечим топгандир, деб ўйлашингиз табиий. Икки ойга яқин вақт ўтган бўлса-да, туман прокуратураси бунга муносабат билдиргани йўқ. Нега? Жавоб ёзишга вақтлари йўқми, эҳтимол улар депутатлик сўрови нималигини яхши тушунишмас? Унда депутат киму депутатлик сўрови нималигини тушунтириш керак бўлади.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.