15.05.2018

ИНСОНИЙ БУРЧИМИЗ

Президентимиз таклифи олимлар, адабиёт ва санъат арбоблари, кенг жамоатчилик зиммасига улкан масъулият юклайди

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Самарқанд давлат университети профессори:

Президентимизнинг 9 майХотира ва қадрлаш кунига бағишланган маросимдаги нутқида биз олимлар зиммасига масъулиятли, айни чоғда шарафли вазифа қўйилди: «Мен тарихчи олимларимизга, адабиёт ва санъат арбобларига, кенг жамоатчилигимизга бир таклиф билан мурожаат қилмоқчиман. Бу даҳшатли урушда қатнашган ота-боболаримизнинг қаҳрамонлиги ҳақида янги-янги асарлар яратиш, жумладан, аниқ тарихий ҳужжатлар асосида мукаммал китоб-альбом тайёрлаб, нашр этишнинг, ўйлайманки, вақти-соати келди».

Биз аввало бу топшириқнинг маъно-мазмуни ва аҳамиятини чуқур англаб олишимиз керак. Бу йил Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 73 йил тўлди. Уруш қаҳрамонларининг сафи ҳам йилдан-йилга сийрак­лашиб бормоқда. Улар билган, кўрган қанча-қанча тарихий воқеаларни, уруш хотираларини ёзиб олиш, келажак авлодларга етказиш барчанинг, айниқса, тарихчи олимларнинг вазифаси бўлиши керак.

Мамлакатимиз раҳбарининг тарихчиларга, барча зиёлиларга қилган мурожаати, таклифи замирида мана шу эзгу мақсад, хайрли ҳаракат мужассамлашган.

Менинг назаримда яратиладиган китоб-алъбомда Икинчи жаҳон урушидаги буюк ғалабага Ўзбекистон қўшган ҳисса, фронт ортини мустаҳкамлашда юртдош­ларимизнинг фидокорона хизматлари, уруш қаҳрамонларининг тарихий хизматлари ўз ифодасини топади. Йиллар давомида сақланиб келаётган бу бўшлиқни тўлдириш учун олимларимиз, ёзувчиларимиз, санъаткорларимиз, журналистларимиз, фурсатни бой бермасдан тезроқ амалий ишга киришишлари лозим. Иккинчи жаҳон урушида ўзбек халқи кўрсатган жасорат ва матонат бугунги кунгача тўла ифода этилгани йўқ. Бу борада бизга Президентимиз нутқи дастуруламал бўлиб хизмат қилади. Унда илгари сурилган ғоялардан келиб чиқиб, тарихчиларимиз илмий тадқиқот ишлари олиб борсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

9 май байрамидан кейин Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов, «Нуроний» фонди вилоят бўлими раҳбари, ЎзХДП фаоли Ҳасан Нормуродов билан Президентимиз таклифи юзасидан суҳбатлашдик. Бу эзгу ташаббусдан университетимиз олимлари, айниқса, тарих факультети профессор-ўқитувчилари ҳам четда турмайди. Барчамиз мурожаатда илгари сурилган вазифаларни сид­қидилдан бажаришга ўзимизни масъул, деб биламиз. СамДУ тарих факультети домлалари, талабаларидан иборат гуруҳни шакллантириш, Самарқанд вилоятидан урушда қатнашганлар, ҳалок бўлганлар, бедарак кетганлар ҳақида маълумотлар, фотосуратлар, тарихий ҳужжатларни йиғишда мутасадди идораларга беминнат, холис ёрдам бермоғимиз керак.

Бу билан биз Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари олдидаги инсонийлик бурчимизни адо этган бўламиз.



DB query error.
Please try later.