12.05.2018

МАРДЛИК ВА ЖАСОРАТ УНУТИЛМАЙДИ

ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади

Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш сингари эзгу мақсадлар ўз ифодасини топган. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш масаласига эътибор қаратилган. Шунингдек, бугун сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллигини нишонлаш, уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахсларни моддий рағбатлантириш билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланган.

Айтиш керакки, барча вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, кенг жамоатчилик мазкур вазифалар ижросига сафарбар этилди. Халқимизга кўтаринки кайфият улашиш, нуронийлар ҳолидан хабар олиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш билан боғлиқ турли тадбирлар ўтказилди. Ушбу нуфузли умумхалқ байрамининг юқори ва авж нуқтаси пойтахтимизда давом этди.

Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида Хотира ва қадрлаш куни, Ғалабанинг 73 йиллигига бағишланган байрам тадбирида давлатимиз раҳбари нутқ сўзлади. Иккинчи жаҳон уруши ва Ўзбекистон билан боғлиқ кўплаб ҳақиқатлар, рақамларга алоҳида тўхталиб ўтди. Халқимиз кўрсатган мардлик ва жасорат асло унутилмаслиги таъкидланди.

Президент нутқи кенг жамоатчилик томонидан чуқур ўрганилмоқда. Ўзбекистон ХДП фаоллари, депутатларимиз ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

 

Улуғбек ВАФОЕВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Маълумки, юртимизда ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Эҳтиёжманд оилалар, кекса авлод вакиллари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун қатор хайрли ишлар олиб борилмоқда. Нуронийлар, жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронторти хизматчиларининг кўнглини кўтариш, саломатлигини мустаҳкамлаш, улар учун қулайликлар яратиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ғалаба байрами муносабати билан уруш фахрийларининг ҳар бирига Президентимиз табрикномаси, 5 миллион сўмдан пул мукофоти ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Таъкидлаш керакки, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни бу йил ўзгача кўринишда, кўтаринки кайфиятда, бирдамлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатликда нишонланди. Кўча-кўйда ҳарбий кийимдаги болалар, оркестрлар жамоалари қўшиқ айтиб, куй чалиб, атрофдагиларга байрам шукуҳини улашди. Айниқса, жойларда уруш йилларига алоқадор турли тиллардаги қўшиқлар ёши улуғ кишиларни ўтмиш хотираларига қайтарди.

Маълумки, кексалар, боқувчисини йўқотганлар, ногиронлиги бўлган шахслар партиямиз электорати ҳисобланади. Шунинг учун партиямиз аъзолари ҳам ушбу байрамни муносиб кутиб олишга ҳаракат қилди. Барча даражадаги партия ташкилотларимиз томонидан кексалар ҳолидан хабар олинди, Мурувват, Саховат уйларида турли тадбирлар ўтказилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Пойтахтимизда ташкил этилган сайллар, уруш вақти акс эттирилган турли кўргазмалар ёшу кексада тарихий хотираларни тиклади, деб ўйлайман. Айниқса, байрам муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги Президентимиз нутқи ҳамюртларимизда чексиз фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди. Зотан, у ерда айтилган фикрлар бутун халқимиз, отахону онахонларимиз, каттаю кичикнинг дилидаги, қалбидаги гаплар эди, десам янглишмайман.

Нутқда аждодларимизнинг улуғ Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси борасидаги баъзи рақамларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Урушда қатнашган 120 мингдан ортиқ Ўзбекистон фарзанди жанговар орден ва медалларга сазовор бўлгани таъкидланди. Уларнинг 280 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони, 82 нафари учала даражадаги «Слава» ордени билан мукофотлангани қайд этилди.

Бунинг маъноси шуки, биз уларга бундан-да юксак эҳтиром кўрсатишимиз, улар ҳаётидан рози бўлиб яшашида бор куч ва имкониятимизни сафарбар қилишимиз керак.

 

Дилбархон МАМАЖОНОВА, Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси:

— Инсон ҳамиша яхши яшашга, фарзандларининг камолини кўришга интилади. Бунинг замирида эса тинчлик ва осойишталик тушунчалари мужассам. Миллионлаб кишилар қурбон бўлган, оналар қалбини вайрон қилган, оталарга алам, фарзандларга эса машъум хотиралар қолдирган ва ҳали ҳануз юракларни жумбушга келтирувчи Иккинчи жаҳон уруши осуда ҳаёт тушунчасининг қадрини янада оширди.

Аждодларимиз халқимиз қадр-қиммати, ор-номусини ҳимоя қилишда босқинчи кучларга қарши букилмас ирода ва жасорат билан курашган. Бугунгидек фаровон ҳаёт учун не-не жонлар қурбон бўлган. Уларнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш биз учун азалий қадриятдир.

Бу йилги байрам чин маънода бизни ушбу эзгу мақсад йўлида бирлаштирди. Хусусан, Президент нутқи барчанинг қалбига чуқур кириб борди. Нутқда «Сиз, азизларни биз фашизмга қарши мардона курашган, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, Ватанимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, деб биламиз ва сизлар билан чексиз фахрланамиз», деб таъкидланди. Бу сўзлар каттаю кичикда бирдек фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди. Чунки барчамизнинг аждодларимиз, ота-боболаримиз, ака-опаларимиз ана ўша шонли ғалабага ўз ҳиссасини қўшган. Урушдан соғ-омон қайтиб, бугун орамизда дуогўй бўлиб юрган боболаримиз биз учун катта бахт ва беқиёс давлатдир. Шу боис фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган ватандошларимиз хотирасини ёд этиб, руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш ҳар бир фуқаро учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Аслида ҳам, сўнмас хотираларда минглаб, миллионлаб инсонлар тақдири мужассам. Зотан, аёвсиз уруш туфайли қанчадан-қанча оилалар боқувчисидан ажралди, гўдаклар етим, аёллар бева бўлиб қолди. Жигарбандидан жудо бўлган оналар қалбидаги алам ва изтиробни ифода этишга сўз ожиз. Бугун биздан жуда йироқда бўлган ўша қонли жанг майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб, ҳаётимизга файз бағишлаб юрган муҳтарам фахрийларимизни ҳамиша эъзозлашимиз, бошимиз ерга теккунча таъзим қилишимиз керак.

 

Абдулҳамид НУРМАТОВ, Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Хотира ва қадрлаш байрами Андижонда ҳам бирдамликда нишонланди. Турли ташкилот ва идоралардан тортиб, аҳоли хонадонларигача айём шукуҳи, шукроналик руҳи ҳукм сурди. Партиямиз аъзолари вилоятдаги барча ёши улуғ инсонлар хонадонларига кириб боришга, уларнинг яшаш тарзи билан танишишга ҳаракат қилди. Ёшлар эса бобожону бувиларининг ёшлик хотираларини диққат билан тинглашди. Умрининг баҳорини, ўсмирлигу ёшлигини уруш ва ундан кейинги тикланиш йилларига сарф этган азиз инсонларнинг дуосини олишди.

Айтиш керакки, дунёдаги миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон урушини ҳеч ким унутмайди. Ўша вақтда Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, 1,5 миллиондан ортиқ ҳамюртимиз урушда қатнашган. Ҳар уч кишининг бири ҳалок бўлгани, майиб-мажруҳ қайтганлар, бедарак йўқолганлар ҳисобга олинса, бу ғалаба халқимиз учун нақадар қимматга тушгани яққол намоён бўлади.

Минг афсуски, бугун ҳам дунёнинг турли минтақаларида кескинлик ўчоқлари кўпайиб бораётгани айни ҳақиқат. Бундай мураккаб ва таҳликали даврда тинчликни сақлаш долзарб вазифа саналади.

Бутун халқимиз катта қизиқиш, чуқур ҳаяжон билан кутиб олган, диққат билан кузатган Президент нутқида ҳам ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Тинчликни асраш мақсадида яқин ва узоқ қўшниларимиз билан ўзаро манфаатли алоқаларни кучайтираётганимиз таъкидланди. Айниқса, минтақамизда дўстлик ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлаш бўйича катта ишлар амалга оширилаётганига эътибор қаратилди. Жафокаш афғон заминида салкам 40 йилдан буён давом этаётган можарони тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги ташаббусларнинг халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани эътироф этилди.

Эндиликда, олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ёшлар онгига тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш тушунчаларини сингдиришимиз керак. Ўғил-қизларимизни экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик каби иллатлардан асрашимиз зарур. Уларга муносиб таълим-тарбия беришда ота-оналар, маҳалла-кўй, таълим муассасалари билан бир қаторда, жамоат бирлашмалари, нодавлат ташкилотларнинг алоҳида ўрни бор. Бу ишларда партиямиз ташкилотлари фаол иштирок этиши лозим.

 

Жанна ПАК, халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Ўзбек халқи ўзининг бағрикенглиги, меҳмондўстлиги билан ном қозонган. Бунинг қанчалар ҳақиқат эканини мен ва мен каби бу юртни ўз Ватани, деб биладиган, уни жондан севадиган инсонлар яхши биламиз. Асли сирдарёликман. Ўша ерда туғилиб ўсганман. Бобом 1937 йилда Кореядан сургун қилинганини, ўзбек халқи уларни очиқ чеҳра билан кутиб олганини доим таъкидларди. Отам фермер эди, онам эса ҳисобчи бўлган ва ҳозир нафақада. Болалигимдан турли миллат вакилларидан дўст ва ўртоқларим кўп эди. Энг ширин ва беғубор хотираларим ҳам улар билан боғлиқ. Ҳозиргача бир-биримизни йўқлаб турамиз. Бу ҳам мана шу заминда ўрганган одатларимиздан, деб биламан.

Ота-онам уруш йиллари ҳақида кўп гапиришмайди. Чунки унда фақат ўкинч, айрилиқ ва соғинч борлигини таъкидлашади. Лекин дунёдаги миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган, кўпларнинг ёстиғини қуритган фашизмни қоралаш, ғалаба йўлидаги қурбонларни ёдда сақлаш кераклигини уқтиришади. Бугун замон ўзгарди, одамлар ҳаётга янгича қарай бошлади. Бироқ анъана ва қадриятлар ўша-ўша. Меҳр-оқибат, бирдамлик тушунчаларини янада мустаҳкамлаш йўлида ислоҳотлар олиб бориляпти.

Мен ишлайдиган даргоҳда ҳам турли миллат вакиллари фаолият юритади ва ўқийди. Улар ўртасидаги дўстона муносабат эса бир оила фарзандларини ёдга солади. Демак, айнан мана шу тушунчалар, мана шу қадриятлар борки, юртимиз тинч, ҳамюртларимиз аҳил.

9 май — Хотира ва қадрлаш байрами арафасида бу сўзлар бот-бот тилга олинади. Ёши улуғ инсонларга ҳар қачонгиданда кўпроқ ҳурмат кўрсатилади. Биз ҳам ҳомий ташкилотлар ҳамда мактаб жамоамиз билан биргаликда ҳудуддаги фахрийлар хонадонида бўлдик. Кекса авлод вакиллари билан ёшлар ўртасида учрашувлар, суҳбатлар ўтказдик. Совға-саломлар улашдик. Муҳими, болаларимизга ўрнак бўлишга, саховат кўрсатиш, уруш қатнашчиларига, кекса авлодга ҳурмат кўрсатиш, уларни эъзозлаш бурчимиз эканини англатишга ҳаракат қилдик.

Зеро, давлатимиз раҳбари байрам кунги тантанали маросимдаги нутқида фарзандларимизга миллий қадриятларимизни ўргатиш масаласига ҳам эътибор қаратди. Уруш йилларида Ўзбекистонга эвакуация қилинганларнинг тақдири ҳақида тўхталиб, «Ўша суронли йиллар ҳақида гапирганда, халқимизнинг олижаноб гуманистик фазилатлари тўғрисида ҳар қанча фахрланиб, ғурурланиб сўз юритсак, арзийди, албатта» дея таъкидлади. Мен ҳам мана шундай танти ва оқкўнгил халқ олдида ҳамиша бош эгаман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.