12.05.2018

ТОШКЕНТДАН КЎНГЛИМИЗ ТОҒДЕК КЎТАРИЛИБ, ҚУВОНЧГА ТЎЛИБ, ЯШАРИБ ҚАЙТДИК

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан пойтахтимиз Тошкент шаҳридаги «Ботаника» боғида ўтган байрам тантанасида қатнашган уруш ва меҳнат фахрийларининг қувончини ҳеч нарса билан ўлчаб, сўз билан таърифлаб бўлмайди. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган уруш қатнашчиларининг қувончлари чексиз. Улар Тошкентдан уйларига қайтишгач, жойлардаги мухбирларимиз уларнинг дил сўзларини ёзиб олишди.

 

Абдусалом РАҲМОНОВ, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, Наманган туманидаги Хонобод қишлоғидан:

— Тошкентда ўтказилган Хотира ва қадрлаш куни байрамида 22 нафар наманганлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари иштирок этдик. Айниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар биримиз билан алоҳида ҳол-аҳвол сўрашганидан, бизни диққат билан тинглаганидан биз «фронтовой»ларнинг бошимиз осмонга етди.

Байрам маросими шу қадар юксак савияда эдики, барчамиз бир зумнинг ўзида навқирон йигитлик паллаларимиз кечган ўтмиш жанггоҳларидаги лаҳзаларни эсладик...

Ҳарбий мундирдаги курсант қизларнинг илтифотлари, қучоғимизни тўлдирган ранго-ранг гуллар, атрофдан таралаётган куй-қўшиқлардан кўзларимиз қувонч ёшларига тўлди.

Эртакнамо «очил дастурхон» теварагида етмиш икки томиримизга сингиб кетган ҳарбий сухандон Юрий Левитаннинг руҳбахш, ўктам овози садоси жисмимизга янгитдан навқиронлик бағишлади.

Одамнинг боши тошдан, деганларича бор экан. Номинг ўчкур уруш сабабли не-не азоб-уқубатларни кечирмадик, дейсиз. Кунимиздан бор экан, шундоқ дориломон кунларни кўриш насиб этди.

18 ёшга тўлган йигит эдим. Мактабда яхши ўқиганим учун ўзим савод чиқарган 27-мактабга ўқитувчи қилиб ишга олишганди. 1942 йилнинг кузида Горький шаҳридаги 205-ўқчи полкига келтиришди. Бир ярим ойлар чамаси бизни махсус тайёргарликдан ўтказишди. Москвага алоҳида топшириқларни бажарувчи двизияга юборилдим. Омсдон, Грозний Чебоксари шаҳарларида бўлдим. Москва, Сталинград мудофааси жангларида қатнашдим.

1947 йилда ота-онам билан дийдорлашиб, уларни тирик эканимга ишонтириш учун қишлоққа келиб кетишимга рухсат беришди.

Ғалабага эришилган бўлишига қарамай, қуролдошларимнинг аксарияти хизматни давом эттираётган ҳарбий полкимга қайтишга бурчли эдим. Полкка қайтгач, Япон урушида ҳам қатнашдим. Мўғилистон, Манчжурия ва Кореяга юборилдим. Харбин, Хедзю, Мунтзян шаҳарларини озод қилишда иштирок этдим.

Кейин Владивостокка келиб хизматни давом эттирдим. Шу тариқа она қишлоғим Хонободга 1949 йилда қайтиб келдим. Севимли касбим учун жонажон мактабимда ўқитувчиликни давом эттирдим.

Менинг ёшим 95 га етди. Етмишга кирганимда ҳам мактабимдан оёғимни узмадим. Саккиз нафар фарзандимни ўқитувчилик касби билан вояга етказдим. Бугун уларнинг бари ўқиган, ишли, уй-жойли. Муҳандис, қурувчи, тадбиркор. Менинг изимдан ўқитувчилик касбини танлаган ўғлим Абдулбоқи фан номзоди — олим.

Йил ўн икки ой уйимдан табрикловчилар қадами узилмайди. Совға устига совға, меҳр устига меҳр, олам-олам иззату ҳурмат.

Киши бир лаҳзада ҳам минг яшнаб, минг яшариши мумкин экан. Тошкентдаги байрам тантанасида шуларни ҳис қилдим. Буларнинг барчаси учун Президентимизга минг раҳмат!

 

Турсунқул ЭРГАШЕВ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Нурота туманидан:

— Ботаника боғида бўлиб ўтган Хотира ва қадрлаш байрами ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Ҳамма мукофотлар бир бўлди-ю Президентимиз Шавкат Мирзиёев самимият билан қўлимни маҳкам қисиб сўрашгани бир бўлди. У киши ҳаммамизни ғалабанинг 73 йиллиги билан табриклади, узоқ умр тилади. Ҳа, айтмоқчи, мен билан кўришаётиб: «Соғлиқ қандай?» — деб сўради. Мен саҳнада рақсга тушаётган чаққон йигитларни кўрсатиб: «Ана шулардекман!» — дедим. «Доим соғ бўлинг», — деди. Бундай эътибордан, Президент мен билан шахсан сўрашганидан ғурурланиб кетдим. Ёдимда Президентимиз Сайловолди учрашувлари билан Нурота туманида бўлганида, мендан тумандаги аҳвол, кексаларимизнинг яшаш шароитини сўраган, одамларнинг яшаш шароити билан қизиққан эди. Бу сафар ҳам Президентимиз билан кўришиб, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим.

Бундан 73 йил аввал тенгқурларим қатори урушга борганман. Унинг даҳшатлари ҳали-ҳануз кўз олдимдан кетган эмас. Душман билан бўлган жангларда қанча-қанча дўстларимиз нобуд бўлди. Кўпчилигининг пешонасига ногиронлик қисмати битилди.

1944 йили мина парчаси чап билагимнинг ярмини юлиб кетди. Кўп қон йўқотдим, дала госпитали жойлашган қишлоқ аҳолиси менга қон берди, оёққа тургунимча ҳолимдан хабар олишди. Фронтдан қайтиб, она-қишлоғимда эллик йил болаларга тарих фанидан дарс бердим. Фарзандларимни олий маълумотли, жамиятга нафи тегадиган қилиб тарбияладим.

Байрам тантаналарида уруш йилларини эслатувчи куй ва мусиқалар янграгани, ҳарбий техникалар намойиш этилгани, ёшлар ҳарбий кийимларда юрганини кўриб, фронтдаги воқеаларни эсладик. Ҳаммамиз ҳам ҳаяжонга тушдик, кўзларимизга ёш келди. Кўрсатилган эътибор ва рағбатдан бошимиз кўкка етди. Юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигига кўз тегмасин.

 

Режеп ҚУРБАНМЕДОВ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидан:

— Энди Тошкент дегани жуда ўзгариб кетибди. Вой-бўй, бу осмонўпар бинолар, бу ободгарчиликларни умрим бино бўлиб, ҳеч ерда кўрганим йўқ. Ёшим 90 да, чарчаб қоламан-ов, девдим, йўқ, жудаям ҳурмат-иззатимизни жойига қўйишди. Бизни мошинада олиб юришди. Ётоқ жойларида ҳам ҳамма нарсани муҳайё қилиб беришди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг айтган гапларини эшитдингизми... Меҳр билан гапирди, бизни жуда ҳурматлаб гапирди, ҳарбий кийимдаги ёш йигит-қизлар бизни рақсга таклиф қилишди. Уларни кўриб ёшлигим эсимга тушди, фронтдаги дўстларимни эсладим. Қайта-қайта кўзимга ёш келди... Уруш йилларида айтилган қўшиқларимизни эшитиб, жуда ҳаяжонландим.

Мен 1943 йилда хизматга чақирилиб, Днепрни душманлардан озод қилиш пайтида оёғимдан жароҳат олганман. Ўша жанг майдонида ҳалок бўлган қанчадан-қанча қуролдош дўстларимни ҳеч қачон унутмайман.

Япон урушида қатнашганман, 1950 йилда қадрдон қишлоғимга қайтиб келдим.

Урушдан қайтгач халқ хўжалигини тиклашда қатнашдим. 1984 йилгача тракторчилар бригадасини бошқардим. Биз уруш қатнашчиларига давлатимиз томонидан катта эътибор кўрсатиб келинмоқда. Ўтган йили Тахиатош шаҳридан менга уй совға қилинган эди. Бу йил, қаранг, Давлатимиз раҳбари томонидан 5 миллион сўм пул, тилла соат совға қилинди. Табрик мактуби ҳам олдик. Бунинг устига бизни Тошкентга — байрамга таклиф қилишди. Президент ҳар биримиз билан қучоқ очиб сўрашди. Бу кунлар ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Тўғрисини айтсам, бунчалик эътибор, қадрлаш умримизга умр қўшади, бизга куч-қувват беради.

Мен ўзимни дунёдаги энг бахтли инсонлардан ҳисоблайман. Ёшлигимнинг энг гуллаган йилларини урушнинг қонли майдонларида ўтказган бўлсам, бунинг ҳаммаси Ватан учун, келажак учун эди. Оллоҳга беҳисоб шукур, менга мана шундай ёруғ кунларни кўриш насиб этди. Ўн нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказдим, 45 невара, 75 эварам бор, бундан ортиқ бахт борми!

Бизни улуғлаганни Яратган ўзи кам қилмасин.



DB query error.
Please try later.