12.05.2018

«НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ

жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмоқда

Ногиронлиги бўлган шахсларни нималар ўйлантиряпти? Улар муносиб турмуш кечириши, ўқиши, ишлаши учун қандай тўсиқларга дуч келмоқда?

Қонун пухта, мукаммал бўлиши, самарали ишлаши учун ана шундай саволларга жавоб топиш талаб этилади.

Газетамизнинг ўтган сонларида ушбу масала бўйича қатор фикр-мулоҳазалар билдирилган эди. Бугун мавзуни давом эттирамиз.

 

Эргаш НОРПЎЛАТОВ, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти раиси ўринбосари:

— Биз қонун лойиҳасига бағишланган турли тадбирларда, давра суҳбатларида қатнашяпмиз. Аммо қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда масъул бўлган идоралар вакилларининг фаоллиги сезил­маяпти. Тўғри, биз ўз таклифларимиз, қа­рашларимизни баён қилишимиз мумкин. Аммо уларнинг ҳам ўзига яраша фикр-мулоҳазалари бор, албатта. Шунинг учун ҳамкор ташкилотлардан ўзаро фикр-мулоҳазалар кутиб қоламиз.

Менда бир таклиф бор. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш бўлиши керак. Наинки пойтахтда, балки республика миқёсида буни ташкил этиш лозим. Ушбу жиҳатлар ҳам қонун лойиҳасида ўз ифодасини топса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Кўзи ожизлар учун брайль ёзувидаги адабиётларни, нашрларни кўпайтириш ёки уларнинг нархини мақбуллаштирувчи чоралар топиш керак. Масалан, айни пайт­да чоп этилаётган брайль ёзувидаги журнал Тошкентда 100 минг сўмга ­сотилса, Қорақалпоғистонга боргунча унинг нархи 200 мингга айланмоқда. Демак, бу масала, хусусан, поч­та хизматлари бўйича ҳам меъёр қонунда акс этиши керак.

Биринчи гуруҳ ногиронлиги бўл­ган шахсларнинг бандлик масаласини олайлик. Улар қайсидир мактаб, коллеж, олий таълим муассасаси ёки бошқа бирор жойда ишлашидан қатъи назар, ёрдамчи котибга эҳтиёж сезади. Ушбу масала ҳам қонунчиликда ифода этилса, деган фикрлар билдириляпти.

Якка тартибдаги реабилитация воситалари ҳақида ҳам ло­йиҳада айтиб ўтилган. Хориж амалиётида кўзи ожизлар учун 15-20 турдаги реабилитация воситалари берилади. Афсуски, бу борада бизда ечимини кутаётган масалалар кўп. Ҳатто айрим мактабларда кўзи ожизларнинг ёзиши учун мўлжалланган махсус григюр ускуна ҳам йўқ ёки етарли миқдорда эмас. Мана шундай кичик муаммоларни ҳал қилмасдан туриб, ишимизни қониқарли, деб айтолмаймиз.

Айни пайтда хориж тажрибаси, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ўрганиляпти. Тез кунларда яна қўшимча таклифларимизни ёзма равишда мутасаддиларга топширамиз.

 

Дилноза СУЛТОНОВА, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти аъзоси:

— Қонун лойиҳасининг 12-моддасида реабилитация масаласи ифода этилган. Лекин абилитация масаласига у қадар эътибор қаратилмаган. Яъни ижтимоий, руҳий ёки жисмоний ривожланиш учун янги ва кучайтирилган усуллар орқали комплекс чора-тадбирлар кўришга қаратилган хизматлар тартиби белгиланмаган. Ногиронлиги бўлган шахслар ўзининг ақлий, касбий қобилиятини рўёбга чиқариши учун қўшимча шароитлар яратилиши керак.

Шу мақсадда уларга маиший техника, ўқиш-ёзиш воситалари, овозли электротехника ускуналарини мослаштириш талаб этилади. Масалан, овозли микротўлқинли печлар бор. Ана шундай махсус воситаларни имтиёзли нархларда сотиб олиш учун алоҳида шохобчалар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шунингдек, қонун лойиҳасида шаҳар йўловчи транспорти ҳамда темир йўл ва авиатранспортларидан фойдаланишда имтиёзлар кўрсатиб ўтилган. Мазкур меъёрни тўлдириш керак, деб ўйлаймиз. Яъни биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни етакловчи ҳамроҳларини ҳам бепул тарзда транспортлардан фой­даланишини назарда тутувчи қў­шимчалар тўғрисида ўйлаб кўриш керак. Бунинг учун ҳаво йўллари ва темир йўл акциядорлик компаниялари билан музокара олиб бориш, қўшимча йўловчига бепул хизмат кўрсатиш уларнинг меъёрлари, харажатларига мос келадими, йўқми деган саволларга жавоб олиш ­лозим. Ёки етакловчи шахсга имтиёзли чегирмалар белгилаш билан боғлиқ тартиб жорий этилиши мумкин.

Жойларга чиқиб, ногиронлиги бўлган шахслар билан мулоқотлар ўтказилганда турли таклифлар билдирилмоқда. Мисол учун, қаровга муҳтож бўлган кекса ёшдаги кишиларнинг нафақа пулларига қўшимча равишда моддий ёрдам ажратиш тартиби ҳам қонунда белгиланса, де­йишмоқда. Тўғри, уларга турли кўринишдаги маблағлар берилади. Лекин ҳар ойда маълум бир сумманинг белгиланилиши орқали улар ўзларига қаровчи олиш имконига эга бўлади.

Қонун лойиҳасининг 34-моддасида ахборот-технологияларидан фойдаланиш тартиби белгилан­япти. Аммо унда эски усул қолиб кетган. Яъни ахборотлардан фойдаланишда магнитофон ва тасмалар қўлланилсин, деб айтилмоқда. Ҳозирги кунда ҳеч ким улардан фойдаланмаслигини инобатга олиб, ушбу жумла «электроташувчи», деб ўзгартирилиши керак.

Лойиҳанинг 37-моддасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ­фаолияти кўрсатиб ўтилган. Лекин бунда ҳам имтиёзлар аниқ ифода этилмаган. Айтайлик, адвокатура. Ушбу хизматнинг қайси йўналиши пулли, қай бири бепул кўрсатилиши ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Ёки баҳолаш ташкилотлари, МЧЖлар бор. Коммунал соҳада ҳам кўплаб мурожаат ва таклифлар бўлади. Масалан, ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий хизматларда ёки суддан тиббий экспертиза хулосаси олишда барча билан бир хил ҳақ тўлайди. Коммунал тўловларда компенсация эмас, имтиёзлар бўлса яхши эди, деган фикр­лар ҳам билдирилмоқда.

Энг муҳими, қонун барча учун тушунарли ёзилиши керак. Қонун ло­йиҳасининг ҳозирги кўринишида эса сатр бошлари жуда кўп, узун. Бирини ўқиб, кейингисини якунлагунча боши эсдан чиқади. Шунинг учун узундан-узоқ жумлалар ўрнига қисқа, лўнда ва аниқ ёзилса, барча учун маъқул бўларди, деб ўйлайман.

 

Ғолибжон ИШЧАНОВ, Ўзбекистон ногиронлар жамия­тидаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти етакчиси:

— Биламизки, барча ногиронлар, кўзи ожизлар, карлар жамиятлари ҳеч қандай субсидиялар олмайдиган, ўзини ўзи таъминлайдиган ташкилотлар ҳисобланади. Жамиятлар аъзоларини моддий таъминловчи восита уларнинг қошидаги корхоналардир. Уларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун давлат буюрт­малари ҳам берилишини истардик.

Шунингдек, қонун лойиҳасига жамиятлар учун жой ажратиш масаласи ҳам кўрсатиб ўтилса, деган таклифимиз бор. Тўғри, вилоятларда жойларга эгамиз. Лекин туман бўлимларида бу масала жуда муаммоли. Кўпчилик жамият раислари муқим жойга эга эмас. Маҳаллий ҳокимиятлар зиммасига имтиёзли равишда жой ажратиш юклатилса, ушбу масалага ҳам ечим топилган бўлар эди.

Қонун лойиҳасида олий таълим муассасаларида бепул таҳсил олиш кўрсатилган. Бунинг учун барчамиз беҳад хурсандмиз. Ногиронлиги бўлган шахсларда айрим ҳолларда иккинчи мутахассисликка ўқишга эҳтиёж туғилади. Шунинг учун иккинчи мутахассисликка сиртдан ўқиш масаласи ҳам қонун лойиҳасида акс этса, деган истаклар билдирилмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг муаммолари иккита ­тои­фага бўлинади. Масалан, ногиронлик аравачаси, пандуслар йўқлиги, тиббий хизмат кўрсатиш каби масалалар локал муаммолар дейилади. Яна бири эса тизимли муаммолар бўлиб, Президент фармонига кўра, янги қонун лойиҳасида ана шуларни ҳал этиш масаласи ўрин олиши лозим. Маълумки, тизим йўлга қўйилмаса, локал муаммоларни ҳал қилиб, якунига етиб бўлмайди. Шунинг учун тизимни ўзгартириш, фаолиятни такомиллаштириш билан боғлиқ таклифлар илгари сурилмоқда. Ўйлаймизки, жамоатчилик томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазалар, олиб борилаётган музокаралар қонун ло­йиҳасини мукаммаллаштиришга хизмат қилади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.