12.05.2018

БАНК КРЕДИТЛАРИДАН МАҚСАДЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЛОЗИМ

Навоий шаҳрида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини боқимандалик кайфиятидан чиқариш бўйича жойларда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг иш самарадорлигини оширишга бағишланган амалий семинар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, вилоят, туман, шаҳар кенгаши раислари, депутатлар, туман тижорат банклари ва ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказлари ходимлари иштирок этди.

— Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларидан бири эҳтиёжманд оилалар турмуш даражасини ошириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳисобланади, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. — Таъкидлаш жоизки, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишда микрокредитлар ажратилиши халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда. Афсуски, республикамизнинг барча ҳудудларида ҳам бу борадаги ишлар талаб даражасида эмас. Айрим фуқаролар банк кредитларидан мақсадсиз фойдаланяпти. Ўйлайманки, аҳоли орасида тушунтириш, тарғибот ишлари олиб бориш чораларини кучайтириш лозим. Бунда бошланғич ташкилотлар ва депутатлар иштироки муҳим аҳамият касб этади. Кредит олиш ва ундан фойдаланиш маданятини шакллантириш борасида тизим йўлга қўйилиши керак.

Шунингдек, сессияга киритилаётган масалаларда ҳам бу борада таклиф бериб бориш яхши самара беради. Жорий йилнинг биринчи чорагида партия гуруҳлари томонидан амалий ҳаракат дастуридан келиб чиқиб, қатор масалалар сессияга киритилди. Аммо уларни таҳлил қилишда депутатлар етарлича ташаббус кўрсата олмаяпти. Демак, электорат манфаатлари билан боғлиқ масалалар ҳамон ўз ечимини кутмоқда.

Семинарда иштирокчилар томонидан муаммоларни ҳал этиш бўйича турли таклифлар билдирилди.

— Ижтимоий йўналтирилган дастурларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича жойларда амалга оширилаётган ишлардан жамоатчиликни кенг xабардор қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратяпмиз, — дейди халқ депутатлари Навбаҳор туман кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Феруза РАҲИМОВА. — Бунда давлат органлари, фуқа­роларнинг ўзини ўзи бошқариш идо­ралари билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Илҳом САТТОРОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.