12.05.2018

СЎХ — ЮРТИМИЗНИНГ ДИЛ ПАРЧАСИ

Фарғона вилоятининг Сўх тумани ҳақида эшитганмисиз?..

Асрлар тарихини мунис қучоғида асраб-авайлаб келаётган пурвиқор тоғлар, дала даштлар, мевазор боғлар, зилол чашмалар, инсон руҳиятига ором берувчи дилбар табиат — Сўхнинг ташриф қоғозидир. Сўхликларнинг кенг феъллиги, меҳмондўстлиги, самимийлигига қойил қоласан киши. Маҳмуд Ғазнавийларнинг муборак изи, Мирзо Бобурлардан қолган хотиралар, умуман аждодлар ёди билан боғлиқ мозийдан садо берувчи қадрдон туйғуларни теран ҳис этасиз Сўхда!

Қоя-тошлар, арчазорлар, азим дарахтлар, доривор гиёҳлар, каклик ва кабутарлар, чашмаю булоқлар маскани бўлган тоғларнинг номи ҳам шоирона ташбеҳларга ҳамоҳанг — Лазар тоғи, Сийратий тоғи, Қизил тоғ, Малла тоғ...

Ош тоғида белига қийиқ боғлаб, эгнида тўни, бошига дўппи кийган мўйсафид отахон худди қўлида бир лаган ошни кўтариб меҳмоннинг йўлига кўзлари нигорон тургандай туюлади. Февраль ойидаёқ бу тоғда бинафшалар қийғос очилади. Гулбўта тоғида қурилиш хомашёлари — гипс, кўмир, мармартош кўплиги аниқланган. Бу тоғлар табиий ҳимоя қўрғони ҳамдир. «Боғи Бобур»дан илҳомланиб, туман ёшлари чор-атрофни ўраб турган тоғларда 1,5 минг гектар мевазор боғ яратиш орзусида. Тоғлар ёнбағирларида жойлашган Ленбург, Тул, Девайрон, Ғазнов, Қаълача сингари қишлоқларда аждодлар ва авлодлар ўртасидаги мустаҳкам ришталар узвийлигини боғлаб келаётган муқаддас тушунчалар билан жуда кўп юзма-юз бўлиш мумкин.

Дарҳақиқат, мазкур ҳудуддаги бугунги ҳаёт манзаралари қувонарли янгиланиш ва ўзгаришлар, истиқбол, туман аҳлининг эртанги кунга бўлган юксак ишончи ва умидидан далолат беради. Тинчлик, миллатлараро дўстлик ва тотувлик қадрини ҳар нарсадан улуғ биладиган 76 мингдан зиёд аҳоли бугун амалга оширилаётган ислоҳотлардан мамнун. Тўрт сектор томонидан ҳам «йўл харитаси» асосида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Тумандаги барча мутасадди ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирокида маҳаллаларда сайёр қабуллар уюштирилиб, халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилмоқда.

Туман ҳокимининг Зангат, Ҳушёр маҳаллалари аҳолиси билан ўтказган сайёр қабулида ичимлик суви, ички йўлларни таъмирлаш, электр таъминоти, газ баллонлари етказиб бериш, нафақа тайинлаш, ногиронлик аравачаси ажратиш, даволаниш каби масалалар юзасидан кўтарилган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Мутахассислар тавсиялари асосида баъзи масалалар туман «йўл харитаси»га киритилиб, айрим муаммолар ижроси вилоят миқёсидаги корхона-ташкилотлар кўмагида амалга ошириладиган бўлди.

— Жорий йилнинг кейинги уч ойида барча маҳаллаларда қабуллар ташкил этилди. Мурожаатлар асосида биринчи ишни тиббиёт соҳасидан бошладик, — дейди Сўх тумани ҳокими Фаррух Ўсаров. — Туман ҳокимлиги ташаббуси билан тиббиёт бирлашмасининг 40 хонаси таъмирланиб, керакли мебель ва ётоқ жиҳозлари билан таъминланди. Барча ҳудудларни қамраб олган ҳолда 12 ижтимоий дорихоналар фаолияти йўлга қўйилди. Чегара ҳудудларга хизмат кўрсатиш учун 2 кўчма дорихона автомашинаси ажратилди. Иккита қишлоқ оилавий поликлиникасида тез тиббий ёрдам бригадаси ташкил этилиб, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси яхшиланди.

Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тўртта сектор штабларида ҳар бир кўча, оила бўйича йиғма жилдлар тайёрланди. Ҳар ҳафта секторга бириктирилган корхона-ташкилотларда раҳбарларининг сайёр қабуллари ўтказилиб, маҳаллалар кесимида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинади. Туманда «Чоршанба — тадбиркорлар куни» сифатида белгиланган. Янги иш ўринларини кўпайтириш мақсадида меҳнат ярмаркалари ўтказиб келинаётир. Тадбиркор Мухлиса Қурбонова қизларни ҳунарга ўргатиш бўйича ўқув маркази фаолиятини ташкил этаётган бўлса, ­Назокатхон Латипова буюртма асосида мактаб ўқувчилари кийим-кечакларини тикишга ихтисослашган корхонаси фаолиятини ривожлантирмоқда.

Туман «йўл харитаси»га киритилган масалалар бўйича вилоят ҳокимлиги кўмагида умумтаълим мактабларига 150 компьютер жамланмаси, 11 мингта ўқув ва электрон дарсликлар, кондиционерлар етказиб берилди. Туманнинг энг олис ва чекка ҳудудларидаги ­кўчаларнинг 50 километрига шағал ётқизилмоқда. Шунингдек, вилоят бюджети маблағлари ҳисобига сўхлик 30 нафар беморга вилоят шифохоналарида бепул даволаниш учун йўлланма ҳамда 35 ногиронлик арвачасига буюртма берилди. «Обод қишлоқ» дастури доирасида тумандаги Равон ва Қальа маҳалласида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилаётир. Ушбу эзгу ташаббусни амалга оширишда кўнгилли ёшлар отряди фаол иштирок этмоқда.

Сўхликлар ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланади. «Гули Ғазноби Сўх» кичик корхонаси раҳбари Қаюмжон Аббосов 650 метрга сув чиқариб, адирлар бағридаги 3 гектар ерни ўзлаштирган. 20 сотих узумзор, 20 сотих олма, 1 гектар майдондаги ўрик, шафтоли, бодом боғлари, 6 сотих иссиқхона, паррандачилик ва чорвачилик оиланинг даромад манбаи ҳисобланади.

«Соҳибкор» фермер хўжалиги раҳбари Исломали Додаев 10 гектар ернинг 1,5 гектарида узумнинг «Ризамат», «Шоҳанак» сингари ноёб навларини парваришлайди. Бу йил 1 гектарда плёнка остида тарвуз етиштирилмоқда. 2 қути ипак қурти боқиш, 3,6 гектардаги буғдойзорда агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказишга ­алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пиллачиликни ривожлантириш учун жорий йилда 1,5 минг туп тут кўчати экилган хўжаликнинг балиқчилик, асаларичилик ва чорвачилик тармоқлари ҳам жадал ривожланаётир.

Сўхнинг тарихий зиёратгоҳлари, табиат ёдгорликлари ички туризмни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. ­Султон Маҳмуд Ғазнавий, Ҳазрат Али, Занжир кушод, Хўжамурод зиёратгоҳлари, Сўх дарёси атрофидаги гўзал табиат манзаралари, табиий шифо масканлари сайёҳларда унутилмас таассуротлар қолдиради. Бу табиат неъ­матларини асраш учун эса каттаю кичик сўхликлар ўзларини бирдек масъул ҳис этади. Шу боис тунда ҳам Сўхнинг тинч ва осойишта, камалаклар ёғдусидек сержило кўчаларини сайр қилиш нақадар роҳатбахш.

Мазкур туманда қувонса, ҳавас қилса, ибрат олса арзийдиган янгиланиш ва ўзгаришлар жуда кўп. Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг амалдаги ифодасидир.

 

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.