Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
10.05.2018

Иккинчи жаҳон уруши йилларида газетамиз саҳифаларида қандай тарихий маълумотлар эълон қилинган эди?..

1942 йил, 23 январь

 

...Кўчириб келтирилган болаларни ўз тарбияларига беришни сўраб районлардан жуда кўп талаблар келмоқда.

Кўчириб келтирилган болалар учун (Сурхондарё) областида 600 кишилик жой ҳозирланди. Уларга иссиқ кийим ва бошқа нарсалар тўпланмоқда...

 

 

1942 йил, 28 январь

 

...Киров районида 70 га яқин бола оилалар тарбиясига берилди. Бундан ташқари, 12 бола болалар уйига жойлаштирилди. Ўзбекистон пахта тайёрлаш трести 24, Универмаг идораси 4 болани қарамоғига олди. Бу болалар учун уй-жой, озиқ-овқатлар ҳозирланди. Уларни махсус мураббиялар тарбия қилмоқда.

 

 

1942 йил, 27 декабрь

 

Фашистлар вақтинча босиб олган областлардан Ўзбекистонга кўпгина болалар келди. Улар етимлардир ёки ўз қишлоқ ва шаҳарларидан қочиб кетиш вақтида ота ва оналарини йўқотган болалардир.

...Тошкентда ва бутун Ўзбекистонда мингларча оилалар болаларни ўз тарбияларига олдилар...

 

 

1945 йил, 9 май

 

9 майни ғалаба байрами деб эълон қилиш тўғрисида

Совет халқининг немис-фашист босқинчиларига қарши олиб борган Улуғ Ватан уруши ғалаба билан тугалланди. Қизил Армия тарихий ғалабаларга эришди. Бу ғалабалар гитлерчилар Германиясининг тамомила тор-мор қилиниши билан тугалланди. Гитлерчилар Германияси сўзсиз таслим бўлганини билдирди. Шу ғалабаларни нишонлаш юзасидан 9 май умумхалқ тантанаси куни — FАЛАБА БАЙРАМИ деб белгилансин.

9 май иш куни эмас деб ҳисоблансин...

Москва, Кремль.

1945 йил 8 май.

 

 

1945 йил, 10 май

ҚАСИДА

Эй, менинг йиғлайбериб — кўз ёшлари қуриган, лекин ноумид бўлмаган онам, кул — қувон!

Эй, менинг, жаҳон-жаҳон мусибатларни кўтариб, учуримлардан учиб ўтолган ўлкам, кул — қувон!

Эй, нуроний ва донишманд оталарим, эй, пок зурриётнинг истиқболини невараларининг ёрқин пешоналарида ўқиган мўйсафидлар! Кулинг, қувонинг!

Кутилган соат келди!

Эй, кечалари уйқусиз, ёр хаёлида кашта тиккан ва кетмон чопган, дарс ўқиган ва ўқ қуйган қизлар! Кулинг, қувонинг!

Кутилган кун келди!

Эй, отасининг йўқлигини билдирмай, онасига тасалли бўлган шўх, навқирон насл! Укаларим, сингилларим! Кулинг, қувонинг!

Кутилган соат келди! Улуғ кун келди!

Тўрт йил кутдик, тўрт йил кўзларимиз узун ва қадимий карвон йўлларига термулиб, ногирон бўлди. Лекин билардикки, шу соат, шу бахтиёр ва унутилмас соат, шу ажойиб кун келажак...

Билардикки, ёвуз, ғаддор, беномус, кўҳна — чириган гитлер Германияси ўлажак! — билардикки, сариқ аждаҳонинг пўлат калласи мажақланажак. Билардик ва билиб, умидвор, пурвиқор, шиддаткор оғир йўллардан ўтиб келардик...

Тиз чўкмадик, жаллод қаршисида омон тилаб ёш тўкмадик, ўлганлар ўлди, уларга асрлар ҳайкал ва обидалар қуражак! Қолганлар омон бўлсин! Чунки биз — ўлимларнинг омонсиз ва шаддод кўзларига қараганлардан!.. Чунки биз — даҳшатлар, офатларнинг талабгор, номард ва қонли ўпқонларидан мардона ўтишга яраганлардан!..

Тамом бўлди! Оламни ўз панжасига олиб, қонини сўрмоқ хаёлига тушган иблиснинг куни, қора салтанати, ҳаёти тамом бўлди.

Бундан сўнг, Германия зиндонларидан акаларимизнинг фиғонлари кўкларга учмаяжак!

Бундан сўнг, занжирли қул подалари узун-узоқ йўллардан кун ботар томон юрмаяжак, сурунмаяжак!

Бундан сўнг, бенаво ва бечора қочқинлар ўрмонларда, ботқоқларда, ертўлаларда ҳаёт кечирмаяжак!

Бундан сўнг, Германия жаллодлари гўдакларимизнинг қонларини бода ўрнида ичмаяжак!

Бундан сўнг, муттаҳам ўрдуларнинг олам саҳнасидан қонли томошалар бошлашига йўл йўқ!

Тамом бўлди!

Бахтимизни босиб олмоқчи бўлган қора кунлар — ҳеч қайтиб келмасдай кетди.

Ўлди!

Разил, ноҳақ, расво, ғирром, шаллақи гитлерчилар Германияси ўлди!

Каззоб, одамхўр, дажжол гитлерчилар Германияси фарзанд атаб туққан бўривойлар бунда қолди! Фақат, ер тагида!

Очкўз, ёлмағуз, сариқ вабо ва бадбахт, муттаҳам, чириган гитлерчилар Германияси ишониб қўлига арғамчи ва қилич бериб, овга юборган жаллодлар бунда қолди! Фақат — ер тагида.

Кул! Кул, эй, менинг муҳтарама ва аламдийда онам!

Ҳаққинг бор!

Кулинг! Эй, кекса, миқти, расо ва азиз оталар!

Кулишга, яйрашга, ғурурланишга ҳақингиз бор!

Сулулар, укалар, сингиллар кулингиз! — кулайлик, қаҳ-қаҳалар фалак жомини янгратсин, ҳақимиз бор!

Чунки зафар байроқлари душман ўлкасининг шоҳиқаларида ҳилпирамоқда! Чунки зафар олган — қон ва қурбонлар бериб, зафар олган — бизнинг олплар, бизнинг баҳодирлар, бизнинг саркардалар, бизнинг сардорлар!

Фақат, эсдан чиқармайликки, не-не жаннатосо шаҳарларимиз ёниб, кул бўлди! Не-не қизларимиз, ўғилларимиз неча ойлаб ва ҳатто йиллаб золимлар исканжасида қул бўлди. Фақат, эсдан чиқармайликки, не-не гўдакларимиз тириклайин кўмилиб, армон билан кетди. Не-не кексаларимиз кесилиб, бурдаланиб, ҳақорат остида фиғон билан кетди.

Дорларга осилганлар эсда турсин!

Кўзларига чўғ босилганлар эсда турсин!

Қулоқларига қўрғошин қуюлганлар эсда турсин!

Кўкракларидан юлдуз ўюлганлар эсда турсин!

Беомон сўйилганлар эсда турсин!

Эй, улуғвор, бахтиёр, ғолиб, бўйин эгмас мамлакатим! Тўй қутлуғ бўлсин, тўйлар қутлуғ бўлсин...

Эй, радиотўлқунлари! Менинг наъраларимни учар қанотларингда қитъалардан-қитъаларга олиб уч! Менинг мамлакатимнинг шодиёнасини ўлмас тароналардай жаҳонларга тарқат! Жаҳон юрагида жаҳон-жаҳон шодиёналар қўзғата ол! Тўлқунлата ол!..

 

МИРТЕМИР

 

 

1945 йил, 25 май

 

Гвардия генерал-мойори Собир Раҳимовни дафн этишни уюштириш юзасидан тузилган комиссиядан

Немис-фашист босқинчиларга қарши қаҳрамонона курашда ҳалок бўлган гвардия генерал-мойори Собир РАҲИМОВни дафн этиш маросими Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Собир РАҲИМОВнинг танаси Москвада куйдирилди. Собир РАҲИМОВнинг ҳоки солинган қути Тошкентга келтирилди ва Ўзбекистон ССР Олий Советининг залига қўйилди.

Ўзбекистон ССР Олий Советининг залига 24 май кундузи соат 3 дан кечқурун соат 8 гача ва 25 май эрталаб соат 11 дан кундузги соат 4-30 минутгача кириш мумкин.

Дафн этиш маросими 25 май кечқурун соат 6 да Ўртоқлар қабристонида бўлади.

 

ЎзССР Халқ Комиссарлари Советида

Гвардия генерал-мойори Собир Раҳимов хотирасини абадийлаштириш ва унинг оиласини таъминлаш тўғрисида

ЎзССР Халқ Комиссарлари Совети немис-фашист босқинчиларига қарши олиб борилган курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган гвардия генерал-мойори Собир Раҳимовнинг хотирасини абадийлаш тўғрисида қарор чиқарди.

Тошкент шаҳрида генерал-мойори Собир Раҳимовга ҳайкал ўрнатилади.

Тошкент шаҳридаги Тахтапул кўчаси ва Куйбишев районидаги 118-мактаб генерал Раҳимов номига қўйилади.

Калинин районидаги «Ўткун» колхози аъзолари умумий мажлисининг колхознинг генерал Раҳимов номига қўйиш тўғрисидаги илтимоси қондирилади.

Халқ Комиссарлари Совети Ўзбекистон совет ёзучилари союзига ва ЎзССР Давлат нашрётига гвардия генерал-мойори Раҳимовнинг ҳаёти ҳамда жанговор хизматлари тўғрисида 1945 йилда рус ва ўзбек тилида китоб нашр этишни топширди.

Генерал-мойор Собир Раҳимовнинг оиласига бир йўла нафақа берилади, шахсий пенсия тайинланади ва Тошкентда 4 хонали уй қурилади.

Гвардия генерал-мойори Собир Раҳимовни дафн этиш ҳаражатлари давлат ҳисобига қабул қилинди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА тайёрлади.



DB query error.
Please try later.