10.05.2018

«БОЛАЛИКНИНГ СЎНГГИ ЁЗИ»

«Болаликнинг сўнгги ёзи» ҳужжатли фильмини кўрган киши уруш инсоният бошига чексиз кулфатлар солганини яна бир бор чуқур англайди. Ўзбек халқининг бағрикенглиги, меҳридарёлигини, яхшилик энг олий қадрият эканини юрак-юракдан ҳис этади...

Бу оламда каттами-кичикми, миллат борки, ўзигагина хос анъаналари, қадриятлари билан бошқалардан ажралиб туради. Ўзбек халқининг фазилатлари ҳақида гап кетса, аввало бағрикенглиги, меҳр-оқибати юксаклиги эътироф этилади. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин, албатта. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши йиллари халқимиз чинакамига инсонпарварлик фазилатларини намоён этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам халқимизнинг олижаноб, гуманистик фазилатларини фахрланиб, ғурурланиб таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, уруш халқимиз бошига ҳам беҳисоб азоб-уқубатлар, ғам-андуҳлар солган, муштипар оналар фронтдан қора хат олаётган, одамлар бир бурда нонга зор бўлаётган оғир бир шароитда уруш кетаётган ҳудудлардан келтирилган миллионга яқин одамни Ўзбекистон ўз бағрига олди, улардан 200 минг нафари бола эди. Ота-оналаридан, яқинларидан ажралган бу норасидаларга турли ташкилотлар ҳомийлик қилишди. Юзлаб оилалар қанчалаб етим болаларни ўз қарамоғига олди. Ўзбек оилаларида бир бурда нон ҳам турли миллат фарзандлари билан баҳам кўрилди, улар ака-ука, опа-сингил бўлиб яшашди.

Машъум уруш тугаб, тинчлик замони келгач, Ўзбекистонга эвакуация қилинган кишилар ва болаларнинг бир қисми Ўзбекистонда умрбод яшаб қолди, бошқалари туғилган юртларига қайтишди...

Орадан етмиш йилдан зиёд вақт ўтди. Афсуски, уруш болаларининг кўплари бугун орамизда йўқ. Улар кўрган-билганларини ўзлари билан олиб кетишди. Аммо уруш йиллари Ўзбекистонда яшаган рус, украин, беларусь, яҳудий каби миллатлар болаларининг айримлари бугун ҳам ҳаёт, улар дунёнинг турли мамлакатларида яшашмоқда. Улар ҳозиргача Ўзбекистон номини қалбларида меҳр билан асраб келишмоқда, ўзбек халқи кўрсатган бағрикенгликни чуқур ҳурмат-эҳтиром билан хотирлашмоқда.

«Болаликнинг сўнгги ёзи» ҳужжатли фильми ана шундай инсонлар хотираси, уларнинг ўзбек халқига чин юракдан билдирган миннатдорликлари, меҳр-муҳаббатлари асосида яратилган. Фильм қаҳрамонлари АҚШнинг Нью-йорк шаҳрида яшашади, уларнинг сўзларини ҳаяжонсиз тинглаш мумкин эмас, кўз ёшни тийиб қолишга куч топиш қийин, жуда қийин. Улар чин юракдан айтаётган сўзлар томошабин юрагига қуйилади, уларнинг кўз ёшлари сизни ҳам қаттиқ ҳаяжонга, изтиробга солади. Улар ўзбек халқи шаънига айтган оташин сўзлар, эътирофлардан қалбимизда фахр-ифтихор туйғулари мавжланади.

Мана, улардан айримларининг дил сўзларига эътибор қаратайлик:

Михаил Ружанский: — Умрим давомида ҳар куни, баъзан ҳар дақиқа сахий ўзбек халқини эслаганимда кўз-ёшларим дарё бўлади. Бағрикенгликни, инсонийликни, инсонпарварликни жаҳон аҳли айнан ўзбеклардан ўрганиши керак...»

Ефим Коминер: — Ёзувчи Раҳмат Файзий сценарийси асосидаги «Сен етим эмассан» фильмида мен Абрам исмли яҳудий бола ролини ўйнаганман...

Мен Ўзбекистонда яшаб, жон-жоним, қон-қоним, ҳатто суякларим билан ўзбек халқи бизга фақат нон эмас, оталарча иссиқ меҳр берганини, шу туфайли биз, яҳудий етим болалар оёққа турганимизни эслайман, ҳис қиламан, юрагимнинг энг тўрида бурчдорлик туйғуси устувор эканлигини ангаб нафас оламан.

Елена Горошник: — «Ўзбекистон бизнинг ҳаётимизни сақлаб қолди. Бу юртга етиб борганимнинг учинчи кунидаёқ мен ўзимни ўз уйимда яшаётгандек ҳис қилдим. Бу халқ биз, етимларга миннатсиз ёрдам бераётгани учун хавотирсиз яшай бошладим... Агар Ўзбекистонга юборишмаганида 1941 йилдаёқ очликдан ё дайди ўқдан ўлиб кетган бўлардим. Ғалаба куни бутун Ўзбекистон байрам мамлакатига айланди. Турли миллат вакиллари кўчаларни тўлдириб, бир-биримизни қучоқлаб, рақсга тушардик.

Израил Либус: — Мен ўзимни аввало ўзбек фарзанди ҳисоблайман. Бирор дақиқа бўлсин, Ўзбекистонни севишдан толиқмайман. Томир-томиримгача бу юртга боғланганман...

«Болаликнинг сўнггги ёзи» ҳужжатли фильмини кўрган киши кўпдан-кўп хулосаларга келади. Бу фильм яхшилик ҳеч қачон унутилмаслигидан сабоқ беради. Бу фильм ўзбек халқи қалбини дунёга яқинроқ таништиришга хизмат қилади. Бу фильм халқимизнинг бебаҳо фазилатлари ҳақида бўлгани учун ҳам қадрли ва қимматли.

Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз бундай юксак фазилатлар фарзандларимизга ҳам ўтишини тилади. Чунки бундай бағрикенглик, инсонпарварлик нафақат фазилат, балки бебаҳо маънавий бойлик, жасорат, куч-қудратдир.

Бу ҳужжатли фильм ижодкорлари меҳнати, айниқса, сценарий муаллифи ва режиссёри Наби Раззоқовнинг маҳорати алоҳида таҳсинга, эътирофга лойиқдир.

 

Сафар Остонов



DB query error.
Please try later.