10.05.2018

УРУШДА ИККИ МАРТА ҲАЛОК БЎЛГАНЛАР РЎЙХАТИГА КИРИТИЛГАН ТЕШАБОЙ ОДИЛОВ ҲАҚИДА

нималарни биламиз?..

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан таҳририятимизга Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбекистонлик жангчилар тақдиридан ҳикоя қилувчи хатлар, мақолалар, фотосуратлар келмоқда. Эътиборингизга Фарғона вилояти, Сўх тумани, Ҳушёр қишлоғида яшаётган меҳнат фахрийси Одилжон Тешабоевнинг отаси, уруш қаҳрамони Тешабой Одилов ҳақида бизга юборган мактуби асосида тайёрланган мақолани ҳавола қиламиз.

Сўхлик Тешабой Одилов 1939 йилда ҳарбий хизматга чақирилганида мактабда ўқитувчилик қиларди. У Болтиқбўйи округида ҳарбий тайёргарликдан ўтади. Бу орада уруш бошланади. Дастлаб Тешабой Ғарбий Белоруссияни озод қилишдаги жангларда қатнашади. Кейинчалик Болтиқбўйи ҳарбий округининг 115-ўқчи дивизиясида хизмат қилади. 1941 йилнинг сентябрида Виборг шаҳрида душман ҳужумига дуч келишади. Жангдан олдин фашист авиацияси томонидан берилган зарба туфайли бошқа ҳарбий қисмлар билан алоқа узилади.

Озиқ-овқат ва ўқ дори таъминоти йўли душман томонидан тўсиб қўйилгач, Нева тезкор гуруҳи қўмондони генерал Василий Коньков Нева дарёси орқали Койвисто оролига мажбурий чекинишга буйруқ беради. Омон қолган 10 минг аскар Кронштадтга эвакуация қилинади. Жангчилар дарёнинг ўнг қирғоғидаги «Невский пятачок» деб номланган Нева-Дубровка тепалигида душманни кутиб олишга тайёргарлик кўради. Фашистларни шаҳарга ўтказмаслик учун 48 кеча-кундуз матонат билан мудофаада турган аскарлар бир неча бор окопдан чиқиб, уларнинг ҳужумини қайтаради. Тешабой Одилов Фёдор Черноскутов, Андрей Марченко каби қуролдошлари билан 33 маротаба душман билан юзма-юз чиқиб, уларни ер тишлатади. Лекин ўша ерда 1941 йилнинг 11 ноябрида ярадор бўлиб, ҳушидан кетади...

«Невский пятачок» ҳимоясида кўксини қалқон қилган бир неча минглаб аскарлар ҳалок бўлади. Ҳозир ўша жойга ўрнатилган ёдгорлик монументида ҳалок бўлган жангчилар қатори Андрей Марченко ва Тешабой Одиловнинг ҳам номи қайд этилган. Гап шундаки, бу икки аскар «Невский пятачок»нинг энг сўнгги ҳимоячилари бўлган. Уларни ҳарбий денгизчилар беҳуш ва оғир ярадор ҳолда топиб, госпиталга олиб боришган. Натижада ҳалок бўлганлар рўйхатида қайд этилган...

Тешабой Одилов ҳарбий госпиталда бир ярим ой даволаниб чиққач, 43-ўқчи дивизиясида мерганлиги билан донг чиқаради. Бугунги кунда унинг 1413 рақамли снайперлик милтиғи Санкт-Петербург ҳарбий музейида сақланмоқда. У Ленинград қамалини бартараф қилиш учун бўлган жангларда қатнашади.

1942 йилда Тешабой Одиловнинг жангда кўрсатган жасоратлари ҳақида ТАСС мухбири А.Михайлов мақола ёзади. Унинг сурати «Ватан ҳимоясида» («На страже Родины») газетасида босилади. «Союзхроника» томонидан «Снайпер-разведкачи» номли ҳужжатли фильм яратилиб, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида намойиш этилади. Тешабой Одиловнинг номи тилларда достон бўлади.

 Ёзувчи Адҳам Раҳмат у ҳақда «Машҳур мерган» очеркини ёзади. Улуғ адиб Ойбек «Йигитларнинг йигити» номли шеърида:

 

У йигит ким? Ким у паҳлавон?

Қай элатдан шундай мард ўғлон?

Ўзбек ўғли, ўзбек – Тешабой,

Фарғонали ўткир қарчиғай.

У Ватаннинг ёш қаҳрамони,

Ўзбек халқи фарзанди, жони.

Унинг номи юртда янграйди,

Суратига кўзлар тўймайди.

Ҳар кўнгилда унга муҳаббат,

Тарихларда у қолар абад.

Йигитларнинг удир қаймоғи,

Ёвни урган ғазаб чақмоғи.

Қўрқув билмас полвон, Тешабой,

Шонлар сенга арслон, Тешабой!

 

Ёзувчи Павел Лукницкий ўзининг китобида Тешабой Одилов кўрсатган жасоратлари ҳақида батафсил ёзган.

1942 йилнинг май-июнь ойида ўзбекистонлик бир гуруҳ ижодкорлар Ленинград қамалида турган аҳоли ва жангчилар учун совға-салом олиб борадилар. Уларнинг бир гуруҳини жангчилар билан учрашувга олиб келиш лейтенант Тешабой Одиловга топширилади. Йўлда ўзбекистонлик вакиллар келаётган «Полуторка» машинаси душман томонидан ўққа тутилади. Атрофда снарядлар портлай бошлайди. Шунда Тешабой Одилов меҳмонларни машинадан тушириб, уларни чангалзор орқали ҳарбий қисмга соғ-омон олиб келади. Орадан йиллар ўтиб, ўша делегация сафида бўлган, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси савдо вазири бўлиб ишлаган Ғафур Юсупов Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 22 йиллигида Тешабой Одиловга жўнатган табрик хатида ўша суронли йилларни эслаган эди...

1944 йил «Ватан ҳимоясида» («На страже Родины») газетасининг 24 июль сонида Андрей Марченко ҳамда у билан жангларда қатнашган Тешабой Одилов оғир ярадор бўлгани ва унинг милтиғи Зинат Нигматуллинга топширилгани ҳақида қисқа хабар босилади. Шундан кейин уларнинг номи тилга олинмайди, Нарва учун бўлган жангларда ҳалок бўлган, деб тахмин қилинади...

Тешабой Одилов 1944 йилда ҳарбий госпиталда икки ой даволангач, фашистлар эгаллаган шаҳар ва қишлоқларни озод этишда қатнашади. Ғалабани 1945 йил 6 майда Латвияда кутиб олади. Кейин Ўзбекистонга, қадрдон қишлоғига қайтади. Мактабда ўқитувчилигини давом эттиради. Бу орада Фарғона педагогика институтида ўқиб, олий маълумот олади. Уйланади, турмуш ўртоғи билан 13 фарзандни тарбиялаб вояга етказади. Мактаб директори, хўжалик раиси бўлиб ишлайди.

1961 йилда Павел Лукницкий томонидан чоп этилган «Ленинград ҳаракатда» («Ленинград действует») китобида 1942 йил «Невский пятачок» ҳимоясида ҳалок бўлган аскарлар қатори Тешабой Одилов ва Андрей Марченко номлари ҳам тилга олинади.

Ўша пайтда Удмуртияда яшаётган Андрей Марченко Павел Лукницкийнинг китобида ўзи ҳақида ўқигач, унга хат ёзади. Улар 1963 йил 9 майда «Невский пятачок»даги жангларда ҳалок бўлган аскарлар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойида учрашадилар. Барча ҳалок бўлганлар қатори Тешабой Одилов номи ҳам ёдга олинади...

1971 йилда Павел Лукницкий Тешабой Одиловнинг тирик эканидан хабар топади ва унга хат ёзади. Ўша йили Ғалаба байрами муносабати билан Тешабой Одилов Ленинградга таклиф этилади ва унга тантанали равишда «Нева Дубровкаси фахрийси» унвони топширилади. У шу ерда Павел Лукницкий ҳамда Андрей Марченко билан кўришади. Адиб урушда ҳалок бўлганлар рўйхатида номлари икки марта қайд этилган бу қаҳрамонлар ҳақида «Известия» газетасига «Ўлимни енгганлар» («Сильнее смерти») сарлавҳали мақола ёзади...

Ўлимларни доғда қолдирган Тешабой Одилов 1997 йил 21 сентябрь куни вафот этди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.