08.05.2018

«СЕН ЕТИМ ЭМАССАН»

Ўтган аср 60-йилларининг охирида чоп этилиб, қўлма-қўл бўлиб кетган, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Раҳмат Файзий қаламига мансуб «Ҳазрати инсон» романига Иккинчи жаҳон уруши даврида 14 нафар етим болани ўз тарбиясига олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи асос қилиб олинган эди.

Тарихий ҳақиқатни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Яхшидир, ёмондир, бу — бизнинг кечаги кунимиз, ўтмишимиз. Ундан сабоқ олишимиз, хулоса чиқаришимиз учун бизга хотира берилган. Ана шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифи билан Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган, «Халқлар дўстлиги», деб номланган ёдгорлик ансамбли пойтахтимиз марказидаги майдонга, Шайхонтоҳур туманидаги кўчага Шомаҳмудов номининг қайтарилиши адолатдан бўлди...

Уруш даҳшатлари моҳирона тасвирланган, ўзбек миллатининг номини дунёга таратган «Ҳазрати инсон» асари рус, болгар, араб, форс, вьетнам, словак каби ўнлаб хорижий тилларга таржима қилинди, турли миллат китобхонлари меҳрини қозонди. Ҳаётий воқеалар асосида яратилган қаҳрамонлар сиймоси пойтахтимиз марказида ўзбек миллатининг бағрикенглиги, инсонпарварлиги, меҳрига қўйилган ҳайкал бўлиб қад ростлади...

Ўтган асрнинг 60-йиллари ўзбек кино санъатида томошабинлар меҳрига сазовор бўлган бир қатор кино асарлар яратилган. Ўзбек халқининг бағрикенглиги, инсонпарварлигига бағишланган «Сен етим эмассан» фильми нафақат собиқ иттифоқда, хорижда ҳам муваффақият қозонган. Бу фильм кино тарихи саҳифаларига олтин ҳарф­лар билан ёзилди. Ана шу фильмнинг сценарий муаллифи Раҳмат Файзий эканлигини кўпчилик билмаса керак. Ҳолбуки, атоқли адиб ўзбек кино санъатида комедия, драма жанрида ҳам кўплаб сценарийлар ёзган.

Иккинчи жаҳон урушида Украина, Белоруссия ва Россиядан Ўзбекистонга эвакуация қилинган турли миллатга мансуб 1 миллиондан ортиқ аҳоли, 200 минг нафар ёш болаларга халқимиз меҳр бериб, уларни бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаган. Жуда кўп ўзбек оилалари етим болаларни ўзига фарзанд қилиб олиб, тарбиялаган. Ана шулардан бири 14 нафар етим болани ўз тарбиясига олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда бўлиб ўтган йиғилишда ер юзида жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкинлиги ҳақида гапириб: Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, халқимизнинг эзгу фазилат ва қадриятларини абадийлаштириш учун Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган, Халқлар дўстлиги деб номланган ёдгорлик ан­самб­лини пойтахтимиз марказидаги майдонга қайтарсак адолатли бўларди. Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги кўчага Шомаҳмудов номи қайтарилади. Метронинг Халқлар дўстлиги, майдон ҳам Халқлар дўст­лиги ва ­Истиқлол саройини ҳам Халқлар дўстлиги саройи қилсак... — деди.

Бу фикрлар халқимиз тилидаги ва дилидаги гап бўлди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Раҳмат Файзийнинг «Ҳазрати инсон» асари қаҳрамонлари сиймоси акс эттирилган ҳайкалнинг ўз ўрнига қайта тикланиши севимли адибимизнинг бу йил нишонланадиган 100 йиллик тўйига ҳам муносиб совға бўлди...

 

Ғайрат РАҲМАТУЛЛАЕВ,

журналист.



DB query error.
Please try later.