05.05.2018

4 ФОИЗЛИ КРЕДИТ ОЛМОҚЧИМИСИЗ?..

Маҳаллага мурожаат қилинг

Чиноз тумани 14-сонли мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент вилоят кенгаши ҳамкорлигида семинар ўтказилди.

Партия фаоллари билан бирга манзилга етиб борганимизда соат эрталабки 9 га яқинлашиб қолганди. Тадбир бошланишига анча вақт бор бўлса-да, ҳовли одамлар билан тўла эди.

— Фуқароларимизда давлат идораларига, сиёсий партияларга нисбатан ишонч сезиларли даражада ортмоқда, — деди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Меҳрож ­Дархонов. — Рости, олдинлари бирор тадбир ўтказишни режалаштирсак, одам йиғиш қийин бўларди. Уларнинг кўпчилигида партияга мурожаат қилиш орқали масала ечим топмайди, деган ўй бор эди. Семинарларда мутасадди ташкилот вакиллари иштирокини таъминлаш ҳам жуда муҳим масала ҳисобланади. Аммо ташкилотларга хат жўнатиб, бир неча бор қўнғироқлашганимиздан сўнггина зўрма-зўраки бирор ходимини жўнатишарди. Бугун масъулларнинг ўзи жамоатчилик билан мулоқот қи­лишга шошилмоқда.

Семинар бошланди. ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов сўзга чиқиб, боқимандалик кайфиятини бартараф этиш, бу борада партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.

— Ўрганишлар натижасида айрим депутатлар сайловчилар билан алоқани узиб қўйгани, ўз округидаги ижтимоий вазиятдан бохабар эмаслиги маълум бўлди, — деди у. — Бу партиянинг нуфузи пасайишига олиб келади. Шу вақтга қадар бундай депутатларга чора кўриш борасида партияларда бирор қонуний ҳақ-ҳуқуқ йўқ эди. Жорий йилнинг 18 апрелида вакиллик органлари билан боғлиқ қонунчиликка қатор ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, депутатлар нафақат сайловчиларнинг ишончини оқлаши балки уни депутатликка номзод сифатида кўрсатган сиёсий партия олдидаги мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилди. Акс ҳолда, уларнинг ваколати муддатидан олдинроқ тўхтатилиши мумкинлиги қайд этилди. Бу депутатлар энди ўз ҳолича юра олмаслигини, масъулиятини янада ошириши кераклигини англатади.

Ўзгартишлар асосида пар­тия гуруҳлари қўшимча ҳу­қуқларга ҳам эга бўлди. Уларга туман, шаҳар ҳокимининг ёки тегишли маҳаллий ижро этувчи органлар мансабдор шахсларининг қониқарсиз фаолияти тўғрисида вилоят, Тошкент шаҳар ҳокимига хулоса тақдим этиш ваколати берилди. Шунингдек, депутатлар ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритишга ҳам ҳақли бўлди. Бу депутатларнинг сайловчиларга берган ваъдаларини амалга оширишларида катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

— Чинозликлар меҳнаткаш, камтар, — деди халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати Аҳмадилло ­Худойберганов. — Жонидан ўтмаса, бирор кимсага дардини айтмайди. Буни яхши билганим учун ҳам вақт бўлди дегунча бирма-бир хонадонларга кираман. Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қиламан. Уларни ўй­лантираётган масалаларни ёзиб олиб, мутасаддилар билан бирга ҳал этишга уринамиз. Масалан, жойлардаги учрашувлар давомида таълим соҳасида ислоҳотлар оқсаётгани маълум бўлди. Ҳозир масала ижобий томонга ечилган. Аҳоли бундан хурсанд. Тиббиёт бирлашмасининг биноси янгидан таъмирланган. Аммо кўпчилик тиббий хизмат сифатидан норози. Одамлар тез ёрдам машиналарини соатлаб кутишга мажбур бўлмоқда.

Яна бир масала хусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Биз аввало, кам таъминланган ва боқимандалик ўртасидаги фарқни аниқлаб олишимиз лозим. Боқиманда инсон давлатдан, атрофдагилардан кўп нарса кутади. Халқ тилида айтганда, бўйни ишга ёр бермайди. Эҳтиёжманд инсон ўз ҳолатидан чиқиб кетиш истагида ёнади. Ҳар қанча меҳнатдан қочмайди, аммо бунга қурби етмайди. Мазкур масалага ойдинлик киритилса, имтиёзли кредитлар мақсадлилиги таъминланади. Бунинг учун қонун ҳужжатларига қўшимча меъёрлар киритиш, жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш талаб этилади.

— Жорий йилнинг биринчи чорагида марказимизга 429 нафар фуқаро иш бўйича мурожаат қилган бўлса, шундан 323 нафарининг доимий бандлиги таъминланди, — деди туман банд­ликка кўмаклашиш ­маркази раҳбари Санжар ­Зоҳидов. — Бундан ташқари, ишсиз аҳолининг ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш амалиёти ҳам жорий этилган. Шу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошида Жамоат ишлари жам­ғармаси фаолиятига тўхталиб ўтмоқчиман. Қарорга асосан экс­перимент тарзида жамоат ишларини ташкил этиш учун 2017 йилнинг охирги чорагида 84 миллиард, жорий йил учун 714 миллиард сўм маблағ ажратилди. Маълумот ўрнида: жам­ғарма белгиланган тартибда ишсиз сифатида рўйхатдан ўтган, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар иштирокини молиялаштиришни мақсад қилган. Буларнинг бари иш топишда қийналаётган эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳа­мият касб этади.

Жорий йилнинг ўзида туманимиз миқёсида 100 га яқин жамоат ишлари ташкил этилди. 47 нафар фуқаро маҳаллалар кесимида ободонлаштириш ишларига жалб қилинди. 23 хусусий корхона икки ойлик муддатда жамоат ишларини ташкил этишга ариза берганди. Муддат якунига етгач, уларнинг 22 нафари мунтазам ишга қабул қилинди. Мазкур хайрли ишлар жамғарма томонидан туманимизга ажратилган 3 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига амалга оширилмоқда.

— Бугунги кунда кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида 4 фоизли кредитлар берилмоқда, — деди «Ҳамкорбанк» туман бўлими раҳбари Абдужаббор Онарбоев. — Кўпчилик мазкур кредитни олиш учун «кимга чиқайлик?», «ким рўйхатни тезлаштиради?» дейишади. Шу фурсатдан фойдаланиб, бу жараённи банклар амалга оширмаслигини айтмоқчиман. Мазкур тизимда тегишли тартиблар жорий этилган. Кредит олувчилар рўйхатини ўзини ўзи бош­қариш органлари шакллантиради ва жойлардаги касаба уюшмалари бўлимларига тақдим этади. Махсус комиссия иштирокида рўйхатдаги инсонларнинг яшаш шароити обдон ўрганилади. Касаба уюшмалари федерацияси яна бир бор рўйхатни ўрганиб, ке­йин Марказий банк бўлимларига тавсия этади. Банк ходимлари фуқароларнинг хонадонларига бориб, бу ҳақда маълум қилишади. Кредитдан мақсадли фойдаланиш борасида маслаҳатлар берилади.

Тадбир якунида кам таъминланган аҳоли вакилларига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.