05.05.2018

Ўзбекистон — Туркия: ҲАМЖИҲАТЛИКДА ҲИКМАТ КЎП

Туркия Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи кўплаб сабабларга кўра тарихий воқеа бўлди. Икки давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон ўртасида олиб борилган олий даражадаги музокаралар ва уларнинг якунлари бўйича имзоланган 25 ҳужжат Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

 

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Инсонлар бир-бирларига яхши ният билдиришса, тинчлик ва садоқатли дўст доим ҳамроҳ бўлишини тилайди. Тинчи, дўсти бор одамни бахт­ли инсон, деб аташади.

«Қўшнинг тинч, сен тинч», деган мақолда ҳам катта ҳикмат борлиги ҳаммамизга аён. Ён қўшниларимиз билан муносабатларимиз яхшиланиб, дўс­тона алоқаларимиз фаоллашиб боряпти. Ўртадаги тўсиқлар олиб ташланмоқда. Қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, бугун турк қардошларимиз билан борди-келдимиз янги бос­қичга кўтарилди.

 Ўтган йилнинг 25-26 октябрь кунлари Президентимизнинг Туркияга ташрифлари ғоят самарали кечган бўлса, куни-кеча Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон жаноблари юртимзда бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Туркия Президенти раҳбарлигидаги делегациянинг ташрифи дўстона муносабатларимизни амалда яна бир бор намоён этди. Президентнинг халқимизга чексиз ҳурматидан қалбларимиз нурга тўлди.

Айниқса, дунёда тинчлик ўрнатиш бўйича Ўзбекистон ташаббусларига алоҳида тўхталди. Кўряпмизки, нафақат бизнинг тилимизда, дўстларимиз, қардошларимиз тилида ҳам янги сўз тез-тез ишлатилаяпти. Бу «Ўзбекистон ташаббуслари», деган эзгу ғоя мужассам бўлган сўз. Тинчликпарварлик, ҳамжиҳатлик, ўзаро муроса ва музокара ғоялари билан суғорилган таклиф-ташаббуслар «Ўзбекистон ташаббуслари» номи билан дунёга машҳур бўлаяпти.

Туркия Президенти ўз нутқида юртимизнинг 33 миллионлик ва Туркиянинг 81 миллионлик халқи товар айирбошлаш ҳажмини 1,5 миллиарддан яқин келажакда 5 миллиард долларга етказади, деб ишонч билдирди.

Шунингдек, олий мартабали меҳмон Ўзбекистонда демократияни мустаҳкамлаш, давлат ва жамият қурилишида парламентнинг роли ошаётганлигини алоҳида эътироф этди. Қонунчилик палатасида 23 дўстлик гуруҳи фаолият олиб бораяпти. Ўтган йили Туркия Буюк Миллат Мажлиси билан Ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Парламентимизда «Ўзбекистон-Туркия» дўстлик гуруҳига асос солинганлиги ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Парламентимиз аъзолари Туркия Буюк Миллат Мажлисида бўлишиб, ўзаро тажриба алмашмоқдалар. Парламентлараро ҳамкорлик давлатларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигига катта ҳисса қўшади. Зеро, ҳамкорлик ҳамиша эзгу ниятлар рўёбини таъминлайди.

 

Гулноза САДРИДДИНОВА, Шайхонтоҳур туманидаги 46-оилавий поликлиника бош шифокори, Шайхонтоҳур туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Эътиборимни тортган жиҳат шуки, Туркия давлати билан тиббиёт соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Натижада икки мамлакатнинг соҳадаги кўзга кўринган илмий текшириш институтлари ўртасида тажриба алмашинуви жадаллашади. Тизимда юқори кўр­саткичларга эришилади. Соҳа ривожи аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириши шубҳасиз.

Туркия охирги йилларда тиббиёт соҳасида кўплаб тажрибага эга бўлди. У ерда тиббий суғурта яхши йўлга қўйилган. Ҳар бир шифохонасида юқори даражада хизмат кўрсатилади. Ходимларнинг билим ва малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Уларнинг ўқиши, замонавий тиббиёт сирларини чуқур ўрганиб, билимларини бойитиши учун катта маблағлар йўналтирилади.

Айтиш керакки, туркияликлар нафақат тиббий хизмат турларини, балки улар учун ишлатиладиган асбоб-ускуналар ҳамда дори воситаларини ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш борасида изланмоқда. Масалан, томография, ультратовуш каби замонавий диагностика ускуналарини ишлаб чиқаришни ўргатишга ихтисослаштирилган курсларни очиш арафасида. Муҳими, ҳамкорлик асосида ушбу тажриба ўзбекистонлик ёшларга ҳам ўргатилади. Йирик тиббиёт билим юртларида малака ошириш, давлат грантлари асосида фарзандларимизнинг ўқитилиши тизим ­истиқболига хизмат қилади.

Тажриба алмашиш мақсадида Тошкентда ҳамкорликдаги жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Юртимиздаги саломатлик ҳафталиги давомида Туркия ва Ўзбекис­тонлик врачлар иштирокида плас­тик жарроҳлик йўналишида амалиёт ўтказилди. Бир гуруҳ фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволанди. Кардиология, урология, ортопедия, генекология каби йўналишларда ҳам ҳамкорликдаги операциялар қилинмоқда.

Муносабатларнинг шу зайлда давом этиши икки халқ учун янги тарих саҳифаси очилаётганидан далолат беради.

 

Акмал УМАРАЛИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Туркия Президентнинг тарихимиз, маданиятимиз, урф-одатларимизни яхши билиши мамлакатимизга, халқимизга бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиромидан далолатдир.

Мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл очилаётгани, хорижий, жумладан, туркиялик инвесторларнинг ишончини мустаҳкамламоқда. Эзгу саъй-ҳаракатлар ҳозирданоқ ўз натижасини кўрсата бошлади. Туркия раҳбари мана шу масалаларга эътибор қаратар экан, ушбу жараёнда парламент аъзоларининг ўзига хос иштироки зарурлигини қайд этди. Зотан, парламентлараро ҳамкорлик алоқалари нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки сиёсий-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантиради.

Парламентимиздаги нутқда қардош давлат раҳбарининг юртимиз тарихи, маданияти, санъатига қизиқиши намоён бўлди. Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга бўлган уринишлари ўз ифодасини топди. Қисқа ва мазмунан бой маърузада ҳамкорликнинг тарихи, бугуни ва истиқболдаги режалари акс этди. Бу тилаклар яқин вақтлар ичида ўз рўёбини топади ва хал­қимизга чексиз ҳурсандчилик бахш этади, албатта.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.