03.05.2018

ҚАРДОШЛИК ВА ҲАМКОРЛИК ТАНТАНАСИ

ота юртнинг очилган эшиклари

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида ўзаро меҳрли муносабатлар ҳар қадамда сезилиб турди. Бу ҳикмат Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Турк халқининг Ўзбекистонни ота юрт дейишида чексиз ҳурматини ифодалаш учун шу сўзнинг ўзи кифоя», деган фикрида; президентларнинг жаҳолатга қарши курашда бир сафда туриш аҳдида; ўртада бўлган ажралиш бартараф этилиб, турк халқи учун ота юртга зиёрат эшикларининг очилганлигида; Туркия Президентининг «Ҳурматли қардошим», деб мурожаат этишида; Режеп Эрдўғоннинг олқишлар билан тингланган «Бир киши ариқ очади, минг киши шу ариқдан сув ичади», деган мақол бор. Шавкат Мирзиёев билан бугунги учрашувимиз ва эришилган келишувлар ўша ариққа ўхшайди. Миллионлаб фуқароларимиз баҳраманд бўладилар», деган сўзларида; стратегик ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда икки томонда ҳам ирода борлиги ҳақидаги комил ишонч билан айтилган хулосаларда намоён бўлди. Ҳақиқий дўстлик ҳиммати Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ота юртингиз эшиклари сизлар каби яқин қардошларимиз учун доимо очиқ», деган самимий сўзларида ўз ифодасини топди.

Дарҳақиқат, ушбу ташриф натижалари ҳамкорлигимиз тарихида мутлақо янги саҳифа бўлиб қолади. Янги марраларга йўл очиб беради. Зеро, Туркия ва Ўзбекистон тарихи — буюк, урф-одат ва анъаналари муштарак, энг яқин қардошлар тарихи. Халқимизнинг энг бахтли куни — мустақиллик. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини дунёдаги 200 дан ортиқ мамлакатлар ичида биринчи бўлиб Туркия қутлаганини унутмаймиз. Бу азалий бирлик халқаро майдонда ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам бир-бирини доимо қўллаб-қувватлашда бардавом бўлади. Бўлиб ўтган музокаралар, имзоланган ҳужжатлар ушбу иқтисодий, сиёсий ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорлигимиз натижаларини яна бир поғона юқорига кўтаради.

 

МУЗАФФАР БЎЛ

Туркия Президенти Режеп Эрдўғон Ўзбекистоннинг қаҳрамон шоирлари — Абдулла Ориповнинг «Мен нечун севаман Ўзбекистонни?», Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» қасидаларидан парчаларни илҳом билан ўқиди. Турк лаҳжасида янграган машҳур «Ўзбегим» ўзбек ва туркнинг буюк, муштарак тарихини, гоҳ шуҳратли, гоҳ мағлубиятли асрларда чеккан дардларини, буюк орзуларини эслатди. Турк халқи тилидан ўзбек халқига «ўзбегим», деб айтилган қардошлик изҳори бўлди:

Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон ўзбегим,

Сенга тенгдош Помиру оқсоч

Тиёншон ўзбегим.

Сўйласин Афросиёбу, сўйласин

Урхун хати,

Кўҳна тарих шодасида битта маржон ўзбегим.

Мана бу сатрлар ўзбек қалбининг энг нозик торларини чертиб, бугунги ислоҳотлар шиддатини, ҳамкорлик истиқболини кўрсатди:

Музаффар бўл, ғолиб бўл, ўктам,

Дўсту ёринг, қардошинг билан.

Асрларнинг силсиласида

Боқий тургай кошонанг сенинг

Улуғ башар оиласида.

Ҳа. Қайта-қайта айтилган бу назм жавоҳирлари ташриф кайфиятини кўтариб, унинг меҳрини, руҳини, самимиятини ошириб юборди.

 

АЖДОДЛАР

Турк — тарихий шахс исми. Мирзо Улуғбек бобомиз Туркни «машриқнинг биринчи қони», деб бундай тавсифлаган эди: «У (турк) оқил ва боадаб бўлиб, ҳунарманд бўлган. Ўз қавми орасида хуш расм-русумлар, гўзал тартиблар ўрнатган. Таомга туз солиш, шунингдек, чорва ва ҳайвонлар терисидан либос тикиб кийиш ҳам Турк даврида пайдо бўлди. Турк 240 йил умр кўрган», деб ёзган ўзининг «Тўрт улус тарихи» китобида.

Туркийлар — жаҳондаги энг қадимий ва йирик этнослардан бирининг номи. Қадимги Хитой манбалари маълумотларига кўра, бу атама бундан 3,5-4 минг йил муқаддам расмсимон иероглифлар билан тошга ўйиб ёзилган. Битикларда «тиек» ва «тиаук» шаклида учрайдиган турк сўзи бақувват, баркамол, одиллик каби маъноларни англатган. Қадимги Хитой манбаларида турклар қиёфаси чуқур кўзли, қирра бурунли, басавлат бўлгани қайд қилинган.

Милоддан олдинги 2-асрдан — милоддан аввалги 3-асргача бўлган даврда турклар Ҳун ҳоқонлиги таркибида бўлган. Шу сабабли Хитой манбаларида «шюнну», «ҳунну» деб ҳам аталган. Кейинчалик хитойлар туркларни «тиеклэ»(замонавий тилда «теле») деб аташган.

Туркийшуносликнинг энг муҳим манбалари VII-XI асрларга мансуб Ўрхун-Енисей ёзув (битик)лари, «Девони луғатит турк», Абулғози Баҳодирхоннинг тарихий-этнографик асарлари ва бошқалар ҳисобланади. Ўзбек ва турк халқлари кўп асрлик умумий тарих, ягона тил ва дин, муштарак қадриятлар ва ўхшаш урф-одатлар билан бир-бирига чамбарчас боғланган. Соҳибқирон Амир Темурнинг «Бизким мулки Турон Амири Туркистон, миллатларнинг энг улуғи Туркнинг бош бўғинимиз», деган муборак сўзлари турк ва ўзбеклар тарихи бирлигининг олий ҳужжати бўлиб хизмат қилади.

 

ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ ҲИЛПИРАЙДИ...

 «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»да: «Жаҳонда 100 миллиондан ортиқ киши 35 туркий тилда сўзлашадилар. Турк ижодий қудратининг салоҳияти ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий номи билан боғлиқ», дейилади. Бу бежиз эмас. Буюк бобомизнинг барча туркий тил соҳибларининг муҳтарам шоири эканлигини унинг:

Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам, —

деган сатрлари ҳам тасдиқлаб туради. Яъни, «мен туркий шеърият байроғини кўтариб, туркий тилда сўзлашувчиларнинг барчасини бир адабий тил остига бирлаштирдим», дейди аллома ўзининг «Лисон ут-тайр»ида.

Ёки:

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдир,

Муайян турк улуси худ менингдир.

Олибмен тахти фармонимға осон,

Черик чекмай Хитодин то Хуросон

Хуросон демаким, Шерозу Табрез...

Жаҳон харитасида ушбу байтларда қамралган ҳудудларни тасаввур этсак, Хито, яъни Шарқий Туркистондан Табризгача яшаган юзлаб халқлар — жами турк улуси Алишер Навоийнинг илҳомидан баҳра олгани маълум бўлади.

Президент Режеп Эрдўғон Туркий тилдаги давлатлар йиғилиши кенгашининг Туркиядаги офисида фақат Ўзбекистон байроғи етишмаётгани ҳақида айтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон байроғи энди туркий тилли давлатлар байроғи сафида ҳилпираб туради. Ўзбекистон туркий тилдаги давлатлар йиғилишининг Бишкекда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитида қатнашадиган бўлди.

 

МАЪНАВИЙ БИРЛИК

Халқларимизнинг азалий маънавий — миллий, исломий бирлигининг яна бир мисолини XIX асрнинг иккинчи ярмида халқимиз ҳаёти, феъл-атворини ўрганган венгер олими Арминий Вамберининг қайдларида кўрамиз. Ўша давр ўзбеклари ҳақида олим шундай ёзади: «...ўзбеклар художўйдир ва болалардан қунт талаб қилишади; муғомбирлик камдан-кам учрайди; ўзбеклар яхши мусулмондирлар — шу жиҳатдан анатолиялик туркларга ўхшайдилар; ашула ва мусиқани жон дилидан севишади».

Яхши мусулмонликда бир-бирига ўхшашлик намуналари нафақат кўҳна тарихда, балки бугунги ҳаётда, нафақат мамлакатларимизда, балки жаҳон миқёсида намоён бўлмоқда. Бир мисол. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида сўзлаган нутқини эслайлик. Президентимиз нутқи Буюк аждодларимизга эҳтиромдан бошланди. Президентимиз ҳақиқий ислом динидан ислом номидан қилинаётган жиноий қилмишларни фарқлашга даъват қилди. Буни фақат Имом Бухорий, Исо Термизий, аз-Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Мотурудий, Насафийлар каби ислом маърифатининг юзлаб устунларини етиштириб берган халқнинг фарзанди айтишга ҳақли эди.

Қуръони каримдан кейинги китоб «Саҳиҳи Бухорий» ёки Имом Бухорийнинг исми ёзилган китоблар бугун дунёнинг ҳар бир мусулмон хонадонида турибди. Ана шу муборак китобнинг муаллифи — Имом Бухорийнинг ватани бўлмиш Ўзбекистон «Жаҳолатга қарши маърифат» деган халоскор ташаббусни ўртага ташлади. Ўшанда «Юксак минбарлардан бизнинг буюк боболаримиз ҳақида сўзлаш учун катта юрак, кучли ирода ва ўз халқига кучли муҳаббат керак. Бирорта президент бу ишни қила олмас эди. Фақат Шавкат Мирзиёев қила олди», деб Президентимизни биринчи бўлиб қутлаган ҳам қардош Туркия Республикаси раҳбари Режеп Эрдўғон бўлди.

 

БИР КИШИ АРИҚ ОЧАДИ...

Бугун халқаро муносабатларнинг мутлақо янги формати амалда. Барча халқлар каби туркий халқлар ҳам озод. Эркин. Ким билан қандай муомала қилиш эрки қўлларида. Туркийликни сиёсий эмас, маданий майдон ўлароқ англаб, ўзаро фойдали иқтисодий, сиёсий, маданий ҳамкорлик йўлларини очмоқдалар. Бу йўллар оби ҳаёт келтирувчи ариқларга ўхшайди. Шу сабабли Туркия Президенти Режеп Эрдўғоннинг «Бир киши ариқ очади, минг киши шу ариқдан сув ичади», деган ўзбек халқ мақолини ихлос билан айтиб, шарҳлагани бежиз эмас.

Ишонч — маънавият масаласи. Ишонч — мардлик, садоқат йўлбошчиси. Ишонч сусайса, ишончсизлик, ишончсизлик кучайса, совуқчилик кучаяди. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Президентимиз халқ ишончини қозониш, халқни амалий ишлар натижалари билан ишонтириш талабини муттасил таъкидлайди. Бу адолатли, универсал тамойилнинг давлатлар орасидаги муносабатларда ҳам қадрланиши очиқ-ойдин, мардона айтилди: «Ўртамизда ишончсизлик ва совуқчилик даврлари бўлган эди, лекин биз бирлашиб, ушбу музларни эритдик ва бу совуқчилик энди ҳеч қачон қайтмайди», деб ишонч билдирди Президентимиз.

Бугун бутун дунё нигоҳи инсониятга цивилизацион туртки берган икки туркий давлат — Ўзбекистон ва Туркияда. Икки қардош — дунёнинг иқтисодий ривожланган давлатлари 20 талигида турган Туркия ва шиддат билан ривожланаётган Ўзбекистон яна бир бор комил ишонч билан бир-бирини бағрига босди.

Ўзбек ва турк халқлари кўп асрлик умумий тарих, ягона тил ва дин, муштарак қадриятлар ва ўхшаш урф-одатлар билан бир-бирига чамбарчас боғланган. Конституциясига мувофиқ Туркия Республикаси демократик, дунёвий ва социал-ҳуқуқий давлат. Халқининг деярли 95 фоизини ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил қилади. Шу сабабли Туркия Ўзбекистонда буюк алломалар меросини ўрганиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга қаратилган ташаббуслар ва амалий ишларни юқори баҳолади. Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти фаолияти доирасида Самарқандда Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар марказини таъсис этиш таклифини қўллаб-қувватлади. Туркиядаги Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Бу икки халқ маънавий илдизларининг азалдан абадгача бардавомлигини яна бир бор тасдиқлади. Буни хотирамизда қоладиган бир манзара — Туркия Президенти Режеп Эрдўғоннинг Бухорои шариф зиёратидан сўнг самолёт трапида туриб ўзбекона хайрлашгани ҳам тасдиқлади. Бу билан турк халқининг раҳбари ота юртга, ота юрт аҳлига ўзининг чуқур эҳтиромини изҳор қилди.

 

Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,

педагогика фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.