03.05.2018

УРУШНИ МЕН КЎРГАНМАН...

Отам — II Жаҳон уруши қаҳрамони Донабой Элтазаровнинг аламли нигоҳларида, қайғу муҳрланиб қолган кўзларида, изтиробли сўзларида, қуролдош дўстларини эслаганида, юзларини ювадиган ёшларда, уруш хотираларини айтиб беришини сўраганимизда, сукут сақлаганида... Урушни мен кўрганман.

Ленинград фронтининг 201-ўқчи дивизияси артиллерия полкининг тўпчилар гуруҳи командири старшинаси — отам Донабой Элтазаров урушни Ленинградда (бугунги Санкт-Петербург) бошлаб, Кенигсбергда (бугунги Калининград) тугатган...

Оддий аскар, тўпчи наряди командири, старшина унвонлари, тўрт йиллик жабҳадаги ҳаёт-мамот жанглари, оғир ярадорликлар, Нева бўйидаги шаҳарда 900 кунлик қамалда кунига 250 грамм нонга қаноат қилиш, юз минглаб очликдан ўлган инсонларнинг ҳалокатини кўриб изтиробга тушиш, ёвни юртдан қувиб ғалаба нашъасини суриш, 1945 йил декабрда ота-она ва муштипар сингил кутиб турган ота уйига жангга кетиб, омон қолган уч ака-укадан биринчи бўлиб қайтиш бахти — булар отамнинг уруш вақтидаги ҳаётининг лавҳалари...

Отам — учинчи ва иккинчи даражали «Шуҳрат», «Жанговар Қизил Байроқ», «Қизил Юлдуз», биринчи ва иккинчи даражали «Ватан уруши» орденларининг кавалери Донабой Элтазаров, Жиззах вилояти Фориш туманининг олис тоғ қишлоғи — Баланд Осмонда 1923 йилда туғилган. 1941 йил декабрда 18 ёшида фронтга чақирилган, Душанбе шаҳрида тузилган ҳарбий қисмда тайёргарликдан ўтгач, 1942 йил бошларида Ленинград ҳимоячилари сафига бориб қўшилган. 900 кун давом этган ҳаёт-мамот жангларида ўз тўпчи наряди билан нацистларга қарши курашнинг олдинги сафида турган. 1942 ва 1943 йилда икки марта яраланган.

Отам биринчи марта яраланганида кўзлари фугас минасининг ёлқинидан куйиб, кўрмай қолганини айтар эди. Тошкентлик бир рус ҳарбий врач унга яхши қараган, «70 кун ичида кўзингни очиб бераман, ҳамюрт, бардам бўл», деб кўнглини кўтарган. Отам жуда ҳиссиётли одам эди, кўзи тузалавермагач, бир кун врачга: «агар 70 кунда кўзим тузалмаса, яшашдан маъни йўқ, чунки уйда кўзи ожиз отам ва ногирон онам бор, уларнинг олдига кўр бўлиб қайтгандан, шу ерда шаҳид бўлганим яхши», деган экан. Аммо унга омад кулиб боққан шекилли, доктор 68-куни келиб, кўзига боғланган докаларни олиб ташлаб «қани, менга қара-чи», деганида кўзини минг қўрқув-таҳлика билан очганида отам яна ёруғ оламни кўргани ва ўзини қайта дунёга келгандек ҳис этганини айтарди.

Иккинчи марта яраланганида бутун вужудига тўп ўқининг (шрапнель) парчалари қадалган, кўп марта операция бўлган, ўнг елкасида суякка қадалган шрапнель парчаси тери остида кўм-кўк бўлиб туриши ҳали ҳам кўз ўнгимдан кетмайди...

Отам урушнинг сўнгги кунини яхши эслар эди: ўрмонга яширинган душман полкини очиқ майдонга тўпларни ўрнатиб, кутиб туришганида, ёв аскарлари тўп-тўп бўлиб тўғри улар тарафга юра бошлаган. Командирлардан негадир тўпдан ўт очиш буйруғи келмаган. 3,5 йил давомида ҳалок бўлган жанговар дўстлар хотираси, вайрон қилинган шаҳар ва қишлоқлар, бегуноҳ қатл қилинган миллионлаб инсонлар, хазон бўлган ёшлик, йўқотилган соғлиқ — буларнинг ҳаммаси аскарларнинг уруш охирлаган сари жанговар руҳини ва ёвга бўлган нафратини ошириши табиий. Ана шундай кайфиятда бўлган отам снайпер милтиғини олган ва душман зобитларини бирма-бир отиб қулатишни бошлаган. Орадан анча-мунча вақт ўтгач, рота командири жон ҳолатда етиб келиб, «уруш тугади, отма» деб унинг қўлидан снайпер қуролини тортиб олган. Бу воқеа 1945 йил 8 ёки 9 май куни бўлган...

Отамда урушда ҳалок бўлган дўстларининг алами умрининг охиригача кетмади. Ўзи билан урушга бирга кетган, бирга жанг қилган Ғанибой ва Алибой Эгамовларни кўп эсларди. Улар ярадор бўлиб, санчастга кетган ва у ердан қайтмаган, чунки санитария батальони жойлашган жой душман самолётлари томонидан бомбардимон қилиниб, ер билан битта қилинган, тирик жон омон қолмаган. Кейинчалик отам ўз ўғлига, мендан катта акамга Ғанибой, у кишининг ўғлига — неварасига Алибой исмини берган — қуролдош дўстларининг хотирасини яшатиш учун...

Отам уруш хотираларини сўзлаб беришни севмас эди. Ўқувчилик йилларимизда ҳар йили ғалаба байрами арафасида уни мактабга таклиф этиб, уруш хотираларини айтиб беришини сўрар эдик. Отам қисқа сўзлар ва ҳар гал «Бу урушни бизлар кўрдик, сизлар асло кўрманглар, тинчликни қадрига етиш ва уни асраш керак», дерди. Бошқа сўзамол фахрийлар каби ўз қаҳрамонлигини ошириб-тошириб сўзламагани учун баъзан ҳайрон бўлардим. Йиллар ўтгандан сўнгра англадимки, айни донолар ўзларининг ақли ва фаросатини беҳуда намойиш қилмагани каби, ҳақиқий қаҳрамонлар ўз ботирлигини кўз-кўз қилишни хоҳламас эканлар.

Отам қаҳри қаттиқ, «йўлини бировга кестирмайдиган» одам бўлиб, эл ичида обрў-эътиборли эди, одамлар у кишидан ҳайиқишини сезар эдим. Аммо фарзандлар ва невараларга келганида, у жуда юраги куйрак, жон оғритмас одамга айланар эди. Катта энам ўйинқароқ бўлиб кетганимизда «ота бўлиб шу зумрашаларнинг танобини тортиб қўйсангиз бўлмайдими?», деб таъна қилар эди, отам кулиб қўярди ва «4 йил окопнинг ичида ётганимда, урушнинг азобларини кўрган пайтимда, насиб қилиб омон қолсам, оила қуриб, фарзанд кўрсам, уларни ҳеч ҳам уришмайман, деб қасам ичганман. Урушда мен чеккан азоблар етти пуштимга етиб-ортади», дер эди. Энг кўп такрорлагани — «фақат ўқинглар, одам бўлинглар, ўқиган ютади» қабилидаги насиҳат эди. Барчамизга ўз тоғаси — профессор Ваҳоб Эгамовни намуна қилиб кўрсатарди. Бугунларда англадимки, отам учун «одам бўлиш» тушунчаси аввало олим, зиёли бўлиш экан. Биз ака-укалар ана шу руҳда катта бўлдик, барчамиз олий даргоҳда ўқидик, ҳаётда ўз ўрнимизни топдик, ҳатто мен машҳур ўзбек шевашунос-олими профессор Ваҳоб Эгамов фаолият кўрсатган СамДУда ишлаб, олимлик мартабасига эришдим. Номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилганимда отам, эҳтимол, умрининг энг бахтли дамларини яшагандир.

Урушдан кейин Самарқанддаги олий бухгалтерия курсини битириб, бутун умр молия тизимида ишлаган отам онам — Қумри Элтазарова билан 8 нафар фарзандни тарбиялаб катта қилдилар. Уйли-жойли қилдилар. Онам 2003 йилда, отам 2006 йилда боқий дунёга кўчди. Улар кўчганида невара, чевараларининг сони юздан ошган эди. «Армоним йўқ, армоним қолмади, қаерда бўлсаларинг ҳам унинглар, ўсинглар, кам бўлманглар, мингдан-минг розиман» — отам мана шу сўзларни такрорлай-такрорлай жони узилганини яхши эслайман... Фақат бахтли яшаган инсонларнинг сўнгги сўзлари шундай бўлади...

Баъзан отам тушларимга кирганда, юрагимда оғриқ, соғинч, армон билан уйғонаман: чунки дунёдаги энг фидокор, энг жафокаш, энг раҳмдил ва донишманд ота эди у... Ҳар бир фарзанд қалбида ўз отаси хотираси фақат ана шундай ҳислатлар билан муҳрланиб қолади.

 

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ



DB query error.
Please try later.