03.05.2018

МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИ ТАЪЛИМ ТАРАҚҚИЁТИДАН БОШЛАНАДИ

Ўзбекистонда инновацион тараққиётни ривожлантириш, таълим тизимини сифат жиҳатдан ўзгартириш ва ислоҳ қилишда Корея Республикаси тажрибасидан ибрат олса арзийди. Бир инсон умрига тенг муддат мобайнида бу мамлакатда дунё аҳлини ҳайратга соладиган даражада амалга оширилган ислоҳотлар, биринчи навбатда, жанубий кореяликларнинг ўз кучи, салоҳияти, иқтидорига таянишига асосланди.

Ўзбекистон ўз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида, жамият ҳаётининг ҳамма соҳаларида туб ўзгаришлар ва янгиланишлар даврини бошидан кечирмоқда. Жаҳон ҳамжамиятида ниҳоятда катта қизиқиш уйғотаётган ушбу ислоҳотлар, энг аввало, халқимиз турмуш шароитини сифат жиҳатидан янги поғонага кўтаришга йўналтирилганлиги билан эътиборлидир.

Кучли ижтимоий сиёсатни қудратли иқтисодий салоҳиятга таянган ҳолдагина муваффақиятли амалга ошириш мумкин. Давлатнинг кучли ижтимоий сиёсати таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт муассасалари ва иншоотларини барпо этиш, уларни энг замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш, оналик ва болаликни, кам таъминланган аҳолини ишонарли ҳимоя қилиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш ва модернизациялашда ўз ифодасини топади. Бу давлат бюджетидан ижтимоий соҳага катта маблағ ажратишни талаб этади.

Кучли ижтимоий сиёсат инсон капиталини бойитишга, мамлакат қудрати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Буни Жанубий Корея мисолида кўриш мумкин.

ХХ асрнинг биринчи ярмида Жанубий Корея Япониянинг мустамлакаси эди. 1950-1953 йилларда бўлиб ўтган фуқаролар урушидан кейин мамлакат иқтисодиёти мутлақо издан чиқди. 1960 йилда Жанубий Кореяда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот атиги 80 АҚШ долларини ташкил этарди. Бу кўрсаткич Африкадаги энг қашшоқ мамлакатлар даражасига тўғри келарди.

60-йиллар бошида мамлакат аҳолисининг атиги тўртдан бир қисмигина ўрта маълумотли эди. Шунинг учун асосий эътибор умумтаълим, ўрта махсус ва олий таълим муассалари сонини кўпайтириш, аҳолининг саводхонлиги ва замонавий билимларини оширишга қаратилди. Бу илм-фанни жадал ривожлантириш, саноатни тиклаш ва модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлигини ошириш учун олим ва мутахассислар, юқори малакали конструкторлар ва муҳандислар, агрономлар ва мелиораторлар тайёрлашда мустаҳкам пойдевор бўлди.

Бугунги кунда аҳоли сони 51 миллиондан ортиқ мамлакатда 419 университет ва олий таълим муассасаси мақомига эга коллежлар фаолият олиб бормоқда. Ўрта умумтаълим мактабини тугаллаган мамлакат ёшларининг 75 фоизи талабалар сафидан ўрин олади. Олий таълим муассасаларида 100 мингдан кўпроқ чет эллик талаба таҳсил олаётган Жанубий Корея яқин йиллар ичида улар сонини икки бараварга оширишни режалаштирмоқда, чунки бу соҳа ҳам давлатга катта даромад келтирмоқда.

Бугунги кунда Жанубий Корея иқтисодий қудрати бўйича (мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 1,85 триллион АҚШ долларига тенг) жаҳонда 14 ўринга кўтарилди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот эса 27221,5 АҚШ долларига етди. Жанубий Корея саноати ривожланган янги давлатлар пешқадамларидан биридир. Унинг индустриясида ядровий реакторлар ва робот техникаси, ахборот-коммуникация технологиялари маҳсулотлари, автомобилсозлик ва кемасозлик каби соҳалар муҳим ўрин тутади. Мамлакат бизнесни юритишнинг енгиллиги бўйича жаҳонда бешинчи ўринда туради. Бу ердаги мавжуд 8 эркин иқтисодий ва эркин инвестиция зоналарида чет эл сармоядорлари учун жуда қулай шарт-шароитлар яратилган.

Жанубий Кореянинг миллий иқтисодиётни тарихан қисқа муддатда равнақ топтириш тажрибаси жаҳон мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистон учун ҳам ибратлидир. 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим сифатини яхшилаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар бунга мисол бўла олади.

Кейинги икки йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг таълим соҳасига доир етмишдан кўпроқ фармон, қарор ва фармойишлари қабул қилинди. Ушбу ғоят муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатда таълим тизимини том маънода сифат жиҳатдан ўзгартириш ва янгилаш жараёнлари учун асос бўлди.

Таълим тизимининг муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш мақсадида тузилган Мактабгача таълим вазирлиги эндиликда мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш асосида болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга хизмат қилади.

11 йиллик таълим қайта тикланди, умумтаълим мактабларига эътибор кучайтирилди. Таълим тизимидаги инновация ва креатив ёндашувлар асосида Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек номлари билан аталадиган, аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган махсус мактаблар ташкил этилмоқда. Ёшларнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга тубдан янгича ёндашувлар кузатилмоқда.

 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури изчил амалга оширилмоқда. Янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан олий таълим муассасалари сони 81 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетлар филиаллари 7 тага етди. Олмалиқда Москва пўлат ва қотишмалар институти, Тошкентда АҚШнинг Вебстер университети филиалини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Иқтисодиётнинг реал секторидаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларида сиртқи ва кечки бўлимлар очилди.

Давлат ижтимоий сиёсатида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилаяпти. Ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида масофадан туриб профилактика қилишни таъминлайдиган «Ақлли тиббиёт» ва «Ягона тиббий ахборот маркази» концепцияларини ўз шароитимизга мослаштириб татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда. Она ва бола саломатлигини асраш учун 2018 йилда 46 туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади.

Мамлакатимизда миллий инсон капиталини ошириш бўйича кўрилаётган кенг кўламли чоралар иқтисодиётимизни ривожлантириш суръатларини жадаллаштириши билан бир қаторда аҳолининг турмуш шароити ва сифатини яхшилаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиздир.

 

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,

академик,

Нодира ЗОКИРОВА,

профессор.



DB query error.
Please try later.