01.05.2018

«БОЙСУН БАҲОРИ» ФЕСТИВАЛИДА ИШТИРОК ЭТГАН ХОРИЖЛИК МЕҲМОНЛАР ҲАЙРАТИ

Сурхон деганда, энг аввало, кўҳна воҳанинг ўзига хос урф-одатлари, чанқовуз чалаётган, лапар айтаётган момолар, қир-адирда дўмбира чалиб, йиғилганларни ҳайратга солиб достон куйлаётган бахшилар кўз ўнгимизда гавдаланади. Асрлар оша яшаб келаётган халқ қўшиқлари, уларга ҳамоҳанг рақс санъати, ўзига хос миллий либослар нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда машҳур.

 

— Инсониятнинг илк манзилларидан бири бўлган Бойсун тумани гўзал табиати, осмон­ўпар тоғлари, зилол сувлари, ўхшаши йўқ иқлими билан бизни ҳайратга солди, мафтун қилди, — дейди афғонистонлик Муҳаммад Захирий. — Биз бу ердаги тинч-осуда ҳаётни, бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳавас қилдик. Бундай тантана қишлоқ ва шаҳарлари обод, халқи тинч, энг муҳими, одамлари ўз ҳаётидан рози бўлган юртга ярашади, Анжуманни юксак савияда ўтказиш учун барча шароит ва имкониятларни яратиб берган ташкилотчиларга раҳмат.

Миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга берилаётган эътибор туфайли қадимий урф-одатларимиз, халқ амалий санъати каби номоддий маданий мерос дурдоналари олимлар томонидан чуқур ўрганилиб, қайтадан ҳаётийлик касб этмоқда. Бойсундаги илк манзилгоҳлар, тамаддунлар бешиги ҳисобланмиш Тешиктош ғори инсоният тарихининг энг қадимий цивилизацияси ўчоғи сифатида тадқиқ қилинмоқда.

Бу ердаги маданий муҳит жаҳон ҳамжамияти маданий объектларининг 19 номинанти орасида ЮНЕСКО томонидан «Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси» рўйхатига киритилган. Ўз навбатида Бойсун маданияти ва анъаналарини сақлаш ва ҳар томонлама ўрганиш натижасида олимлар томонидан элликдан ортиқ ёдгорлик топилди.

Туманнинг жуғрофий муҳити аҳолининг анъанавий турмуш тарзи, халқ ижодиёти, фольклор мусиқаси ва оғзаки поэтик ижоди ҳамда халқ эпос-достонлари каби турли кўринишларда намоён бўладиган анъаналарни бус-бутунлигича, табиий тарзда сақлаб қолишга имкон яратган.

Фестивални ўтказиш учун «Падан» қишлоғининг поёнсиз яйловлари бекорга танлаб олинмади. Чунки бу ердаги кенг далалар, қир-адирлар инсон руҳига тетиклик бағишлайди, кайфиятини кўтаради. Туман ҳокимлигининг саъй-ҳаракати билан ана шу ҳудудда анжуманни ўтказиш учун қисқа вақт ичида ўзига хос кичик шаҳарча қад ростлади.

Фестивалнинг айнан Бойсунда ўтказилиши бежиз эмас, — дейди туман ҳокими Ўктам Тўраев. — Чунки унинг моддий ва номоддий маданиятида Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон ва Ҳиндистон халқлари маданияти ва санъатининг тарихий ривожланиш жараёнидаги турли ўхшашлик унсурлари мавжуд.

Бу ерда туркий ва шарқий эрон халқларининг фольклор маросимлари ҳамда ҳунарманд­чилик анъаналари сақланиб қолган. Очиғи, ҳали бу ерда ўрганилмаган, тадқиқ этилмаган ҳужжатлар жуда кўп.

— Халқимиз байрамларни, тўй-томошаларни азалдан хуш кўради, — дейди тошкентлик Санобар Йўлдошева. — Мен ана шу тадбирда иштирок этиш учун қарийиб етти юз чақирим йўл босиб келган бўлсам ҳам, бундан афсусланмайман. Тоғ ён бағрида анжуман қатнашчилари учун яратилган шароитни кўриб, очи­ғи, ҳайратдан лол қолдим. Одамларнинг яйраб дам олиш­лари учун барча имконият бор.

— Тоғли жойларда кўп бор бўлганман, — дейди Англиядан келган Натам Джеффере. — Лекин бу қадар улкан тош соябонларни, халқингиздай хушфеъл, очиқ юзли меҳмондўст одамларни шу ерда учратдим. Фестиваль доирасидаги турли спорт мусобақалари, миллий халқ ўйинлари, хўроз, қўчқор жанги, дор ўйинлари, кураш, кўпкари мусобақалари айниқса менда катта қизиқиш уйғотди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва эътибори туфайли «Бойсун баҳори» халқаро фестивали узоқ йиллик танаффусдан сўнг ўтган йили яна қайтадан тикланди, — дейди жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов. — Бундай анжуманлар узоқ ўтмишимизни чуқурроқ идрок этишга, тарихимизни ўрганишга, ўзлигимизни англашга ёрдам беради.

Мозий жавоҳири — «Бойсун баҳори» халқаро фестивали бу йил ўтган йилдагидан-да завқли ва мароқлироқ бўлди. Германия, Хитой, Италия, Франция, Қозоғистон, Афғонистон, Тожикистон ва бошқа хорижий давлатлардан келган меҳмонлар, ҳамюртларимиз Швейцариядан келтирилган ҳаво шарлари ёрдамида фестивални самодан кузатиш имкониятига эга бўлди. Уч жойга ўрнатилган саҳнада ўзбекистонлик ва тожикистонлик таниқли санъаткорлар, Афғонистон ­Ислом Республикасидан ташриф буюрган ҳофизлар иштирокида концерт дастурлари намойиш этилди.

Анжуман якунида ғолиблар қимматбаҳо совға ва диплом билан тақдирланди, полвонлар беллашувида сурхонлик Самижон Убайдуллаев «Равон» автомашинасини қўлга киритди.

Тадбир доирасида Термиз давлат университетида «Бойсун баҳори» ҳамда «Моддий ва номоддий маданият бешиги» мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Унда Бойсун миллий ҳунармандчилиги, этнографияси ва археологиясини ўрганиш, ҳудудда туризм­ни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Фестивалда Сурхондарё ­вилоят ҳокими Эркин Турдимов ҳамда Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевлар қатнашди.

 

Абди ҚОДИРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.