01.05.2018

БУГУНГИ ДИПЛОМАТ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Ҳайдарали ЮНУСОВ, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти, Париж 1 Пантеон-Сорбонна университетининг таклиф этилган профессори, Оксфорд университетининг таклиф этилган тадқиқотчиси:

Биз — ўзгаришлар даврининг одамларимиз. Жаҳонда ва мамлакатимизда рўй бераётган шиддатли ўзгаришларга ҳамнафас авлод вакилларимиз. Бундай даврда яшашнинг ўз масъулияти бор.

Мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида бўлгани каби ислоҳотлар эпкини ­хал­қ­­аро алоқалар ва ташқи сиёсат соҳасига ҳам кириб келмоқда.

Президентимиз томонидан 2018 йил 11 январь куни ўтказилган Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг ­хориждаги элчихоналари ­фао­лияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳадаги муаммолар ва уларнинг илдизлари теран таҳлил қилинди, ҳамда истиқболдаги вазифалар белгиланди. Шунингдек, ­халқаро алоқалар ва ташқи сиёсат соҳасида мутахассислар тайёрлаш билан боғлиқ масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Зотан, давлатлараро, минтақавий, ва ҳатто, глобал миқёсдаги халқаро алоқаларда, бу алоқалар қанчалик қамровли ва шиддатли бўлмасин инсон омилининг, яъни соҳа мутахассисларининг касбий тайёргарлиги ва шахсий фазилатлари муҳим омил бўлиб қолаверади.

Мамлакатимиз раҳбарининг маърузасида Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсат ва дипломатияси учун масъул вазирлик фаолиятидаги муаммолар билан биргаликда бугунги кун ва келажак дипломатини тайёрлаш соҳасидаги камчиликлар кўр­сатиб ўтилди.

Дипломат эгаллаши лозим бўлган шахсий фазилатлар ҳамда касбий билим ва малакалар мухтасар санаб ўтилди. Ўзбекистоннинг бугуни ва истиқболи учун ўта муҳим бўлган ташқи сиёсат ва дипломатия соҳасида фаолият кўрсатувчи мутахассис — дипломат қандай бўлиши керак деган саволга ойдинлик киритилди.

Соҳадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари ҳамда етук кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари 2018 йилнинг 5 апрелида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда таш­қи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Президент фармонида ҳам ўз аксини топди. Мазкур ҳужжатда, дипломат кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларда етук шахсий ва касбий фазилатларни шакллантириш, ҳар томонлама моддий ва маънавий рағбатлантириш, етарли даражада ижтимоий ҳимоя қилиш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент томонидан дипломатнинг шахсий фазилатлари ҳақида фикр юритилар экан, уларнинг ҳақиқий ватанпарвар, ўз халқи ва юртининг чин фидойиси бўлиши лозимлиги уқтирилди. Бу миллат тарбияси ва маънавияти билан боғлиқ жиддий масаладир. Шу маънода, ўзбек халқининг бой тарихи, бетакрор маданияти ҳамда мазкур маданият ва қадриятларнинг лисоний ифода шакли бўлмиш ўзбек тилини мукаммал билмасдан туриб миллий ғурурни озиқлантириб бўл­майди. Ўзбек тилини мукаммал билиш дегани бу — чексиз луғавий, услубий, фасоҳий имкониятларга эга Навоий тилининг улкан салоҳиятидан фойдалана олиш, ёза олиш деганидир. Афсуски, ҳозирги ўзбек дипломатларининг, ҳаттоки, элчиларнинг бу борадаги билимлари етарли эмас.

Эътибор бериш лозимки, хорижий тилларни пухта эгаллаш балки дипломатнинг касбий маҳорати нишонасидир, бироқ ўз она тилини мукаммал билиши унинг айнан шахсий фазилати сифатида қаралиши лозим. Шундай шахсий фазилатларга эга дипломатлардангина ҳақиқий ватанпарварликни кутса бўлади.

Дипломатлар эгаллаши лозим бўлган яна бир фазилат — уларнинг халқчил бўла олишларидир. Халқчиллик халқ­қа яқин бўлиш, унинг дарди ва ташвишларидан хабардорлик билан биргаликда корига ярашни ҳам англатади. Халқчиллик, айни пайт­да, ўз халқининг барча фазилатларини, яшаш ва тафаккур тарзини табиий равишда, ўз ҳолича, ўзига ва ўзлигига сингдириш демакдир.

Ўзбек халқининг меҳмондўстлик, саховатпешалик, адолатпарварлик, бағрикенглик, истиҳола ва шу каби юзлаб бемисл фазилатлари борки, улар замон ва макон хилқатларида ўз эътирофини аллақачон топиб улгурган.

Эрамиздан аввалги ­асрларда яшаган Герадот, ­Страбон, Деодор, Помпей Трог каби тарихчилар томонидан яратилган қадимги юнон манбаларида «қадимийликда мисрликларга қиёс» қилинган Марказий Осиё халқлари «азалдан қудратли ва шуҳратли» халқлар сифатида таърифланган. Ал-Маъсудий, Ал-Мақсудий, Истаҳрий, ибн Хав­қал каби араб тарихчи ва этнографларининг асарларида Хуросон ва Моворауннаҳр халқ­ларига шундай таъриф берилади: «Оллоҳ уларга очиққўллик ва оқкўнгилликни берган, улар ўз­ларининг ўткир ақли ва ­Қуръонни тўғри ўқишлари билан ажралиб туради».

Европалик сайёҳ Ҳерман Вамбери ўзининг «Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи» асарида ўзбекларни тўғри сўз ва самимий халқ сифатида тавсифлайди. Ўзбек халқининг шу каби миллий хусусиятлари ва фазилатлари битилган манбалар бисёр. Бу борада ўзбек дипломатларининг юмуши енгил: уларнинг вазифаси ўша фазилатларни ўзларида жо этиши ва ўзбек халқининг самимиятини бошқа халқларга етказиш, таъбир жоиз бўлса, тарғибот қилишдангина иборатдир.

Дипломатлар эгаллаши лозим бўлган касбий билим ва кўникмалар ҳақида гап кетганда, албатта бугунги кун талабларидан келиб чиқиш лозим. Президентимиз таъкидлаганидек, жаҳон миқёсида рақобат, қарама-қаршилик, турли манфаатлар тўқнашуви, геосиёсий зиддиятлар тобора кучайиб бормоқда. Халқаро муносабатлар тизими ривожида янги сифат бос­қичи кузатилмоқда. Бу хал­қ­аро-институционал тизимнинг такомиллашишида, норма ижодкорлик жараёнидаги туб ўзгаришларда, халқаро ҳуқуқ манбалари тизимининг кенгайишида, халқаро муносабатлар субъектлари сонининг ошишида яққол акс этмоқда.

Асосий вазифаси давлат­лар­аро муносабатларни таъминлаш воситаси деб қараладиган дипломатия эндиликда, давлатлар, халқлар ва халқ­аро ташкилотларнинг халқаро фаолияти, уларнинг ўзаро, айрим ҳолатларда жисмоний ва юридик шахслар билан алоқаларини тартибга солувчи восита сифатида ҳам гавдалана бошлади.

Фан-техника соҳасидаги мисли кўрилмаган ютуқлар, учувчи ва сузувчи қурилмаларнинг янги авлоди ва қудратли интеллектуал салоҳиятга эга микросхемаларнинг пайдо бўлиши халқаро муносабатлар тизимини мураккаблаштирмоқда. Айни пайт­да, халқаро муносабатларнинг интенсивлашуви негизида сиёсий жараёнларнинг ўзаро ички алоқадорлиги ҳам кучайиб бормоқда.

Авваллари Парижнинг биргина «акса уриши» бутун Европани «тумов»га етакласа, ҳозирги кунда узоқ Африка ёки афғон қишлоғида чақнаган учқуннинг тутини жаҳоннинг энг йирик пойтахтларида кўринмоқда.

Бугунги кун дипломати халқаро майдондаги муҳитдан тўлақонли хабардор бўлиши, халқаро муносабатларнинг ривожланиш тенденциялари ҳам­да жаҳон саҳнидаги кўпқиррали сиёсий жараёнлар орасидаги кўз илғамас алоқадорликни пай­қай олиши ва ҳис эта билиши талаб этилади. Дипломатларнинг глобал ўзгаришлар эпкинининг ҳамин қадар тебранишларига таъсирчанлиги, ўзгаришлар даври даъватига ҳозиржавоблиги бугунги кун талаби сифатида гавдаланмоқда.

Ўзгаришлар гирдобида қолган ­дунёда элчининг ўз мамлакати ва халқаро майдонда рўй бераётган воқеалардан бохабарлиги ва ҳозиржавоблиги муҳим касбий фазилат. Ҳар қайси замонда ташқи сиёсат ички сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида кўрилган. Ўз навбатида, муайян вазиятларда ички сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилашда ташқи омиллар таъсири эътиборга олинади.

Элчи ва ҳар қандай даражадаги дипломат ўз мамлакати ичидаги ўзгаришлар, ислоҳотлар ва янгиликлардан хорижий ҳамкорларни хабардор этадиган — ўзгаришлар даврининг элчиси бўлмоғи лозим.

Мамлакат ичкарисидаги ўзгаришларнинг халқаро майдондаги эврилишларга ҳамоҳанглиги ва уйғунлигини таъминлаш бугунги дипломатиянинг стратегик вазифасидир. Чунки замон ва у билан биргаликда халқаро вазият, халқаро ҳамжамият ва халқаро алоқалар табиати ўзгармоқда. 2017 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда иштирок этиш учун юртимизга биринчи марта ташриф буюрган Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Ф.Могерини Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатларининг устувор йўналишлари хусусида гапирар экан, ўзгаришлар даври шерикчилиги ғоясини илгари сурди.

Фан-технологиялар куча­йиб бораётган ҳозирги пайт­да бугунги кун дипломати, шуб­ҳасиз, энг янги ахборот технологиялари воситалари билан ишлаш кўникмасига эга бўлиши лозим. Чунки ҳозирги кунда турли манфаатдор гуруҳлар ўртасидаги рақобат йўлаги ўзгарган. Эндиликда янги виртуал бозорлар ҳамда энг янги ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш технологиялар учун кураш энг кескин рақобат майдонини ҳосил қилмоқда.

Дипломат самарали фаолият кўрсатиши учун ўз тасарруфидаги барча расмий воситалар билан биргаликда халқ дипломатияси имкониятларидан ҳам самарали фойдалана билиши лозим. Ўзи фаолият кўрсатаётган мамлакатдаги энг нуфузли фан, санъат ва маданият арбоблари билан мулоқот ўрнатиши, илмий доиралар ва тадбиркорлар жамоаси билан ҳамкорлик ришталарини боғлай олиши даркор. Бу мақсадга эришиш учун меҳнат қилиши, ўзининг билим ва савияси билан тегишли давраларда ҳурмат, эътибор ва эътироф қозониши лозим.

Элчи, Франс Кафка тасвирлаган «кичкина туйнук» ор­қали миллионлар қалбини миллионлар қалбига туташтириши лозим. Инсонлар қалбини, халқ қалбини аввало унинг маданияти, адабиёти ва санъатига, миллий қадриятларига ҳармат-эҳтиром кўрсатиш орқали забт этиш мумкин, холос.

Ниҳоят, бугунги кун дипломати очиқ, тезкор ва ташаббускор бўлиши лозим. Ташқи сиёсатнинг ҳаддан таш­қари сиёсийлашгани ва мафкуравийлашгани «совуқ уруш» даврининг асоратидир. Ҳар нарсадан ҳадиксираш, хавфсираш ва ёвқараш бунинг асосий аломатлари эди. Биз бу даврни ўз бошимиздан кечирдик. Ҳаракатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Шундай экан, энг кичик имкониятлар майлида ҳам ҳаракатдан тўхтамаслик лозимлигини ҳис этмоғимиз керак.

Буюк натижаларга баъзан кичик қадамлар билан эришилади. Шунинг учун ҳар бир жузъий ҳолатга ҳам эътиборлироқ бўлишга масъулмиз. Жараёнлар қутқусида нафақат тезкор қарор қабул қилиш керак, балки унинг ижросини ҳам изчил таъминлаш зарур. Ўз-ўзига талабчанлик ва ички масъулият ҳисси ор­қалигини воқеалар измини бўйсиндириш, ундан олдинга ўтиб олиш ва уни «етаклаш» мумкин.

Мамлакатимиз раҳбари бу борада ўзининг хатти-ҳаракати билан барча даражадаги дипломатларимиз учун намуна кўрсатмоқда. Ташқи сиёсат ва дипломатия соҳасида улкан тажрибага эга, АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен «Америка овози» телерадиоси мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Президентининг шахси ва фаолиятига тавсиф берар экан, унинг олдинга, суҳбатдоши томон бироз интилиб гапиришини илғаб, ­Президентнинг самимийлигини олқишлагани таҳсинга сазовор. Биринчи ҳолат Президентнинг ташаббускорлиги, мулоқотга очиқлиги, суҳбатдошга хайрихоҳлигидан дарак берса, унинг самимийлиги ўзбек халқига хос бўлган буюк фазилатни ўз суҳбатдошига етказиш вазифасини ўтайди.

Ташқи сиёсат ва дипломатия давлатчиликнинг энг муҳим йўналишларидан биридир ва шундай бўлиб қолаверади. Глобаллашув жараёни ғоят кенг қулоч ёйган ҳозирги шароитда, айниқса, ташқи алоқаларсиз яшаб бўлмаслиги қўшимча исбот талаб қилмайди. Улкан табиий ва чексиз ақлий салоҳият захираларига эга Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти, айниқса, жаҳон маданияти ва иқтисодиётига янада интеграциялашуви ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Бу борада дастлабки залворли қадамлар ташланди.

2017 йилда 21 олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, 60 дан зиёд давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди, 400 дан ортиқ битим ва келишувларга эришилди. Куни кеча Ўзбекистон навбатдаги 134-чи ҳамкор давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатди.

Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳузурида Ўзбе­кис­тоннинг элликка яқин дипломатик ваколатхоналари мавжуд. Афсуски, уларнинг ҳаммаси ҳам самарали фаолият кўрсатмаётганлиги Президентимиз томонидан ҳам кескин танқид қилинди. Буларнинг барчаси, албатта, кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ масалага бориб тақалади.

Ташқи сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар учун мутахассислар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари фаолиятини танқидий ўрганиш асносида мутлақо янги тизим яратиш ва уни миллий меросимиз, илғор хорижий тажриба ҳамда дипломатия фани ва санъатининг энг ил­ғор ютуқлари билан мунтазам озиқлантириб бориш бугунги кун талабидир.

Давлатимиз раҳбари миллий дипломатиямиз тарихига дахл­дор бир нечта ноёб манбалар, муаллифлар, дунёга дон­ғи кетган тарихий шахс­лар — дипломат элчиларнинг номларини келтирдики, аслида уларнинг сони бир нечта юзлик ва ҳатто, мингликни ташкил этади.

Бугунги кун ёшлари, талабаларини, ҳар қачонгидан кўра, ватанга ва халқимизга садоқат руҳида тарбиялашимиз керак. Дипломатлар учун ватанпарварлик ва миллатга фидойилик энг муҳим фазилат экан, элчилар, биринчи нав­батда, ўз халқининг барча хислат ва фазилатларини ўзида жо этмоғи, руҳига синг­дирмоғи лозим. Шунинг учун ҳам у элчи, яъни элу-халқнинг вакилидир. Ўз халқининг тили, тарихи ва маданиятини билмай туриб, унинг дарди ва орзу-умидларини ўзида чуқур ҳис этмай туриб, афсуски, уни тамсил этиб бўлмайди. Тегишли олий даргоҳлардаги таълим ва тарбия жараёни мана шу мақсад йўлида ташкил этилмоғи керак.



DB query error.
Please try later.