01.05.2018

ЖАНГОҲЛАРДАН КЕЛГАН ХАТЛАР ОЛИС ХОТИРАЛАРДАН СЎЗЛАЙДИ

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Сергели туманида «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!» лойиҳаси доирасида амалий тадбир ташкил этилди.

Партия фаоллари билан дастлаб «Йўлдош-1» мавзеси томон йўл олдик.

— Бугунги кунда туманимизда 40 нафар боқувчисини йўқотган якка-ёлғиз нуронийлар ҳамда 14 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси яшайди, — деди халқ депутатлари Сергели туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари, туман партия кенгаши раиси Мирзоҳид Хидиров. — Уларни тез-тез йўқлаб турамиз. Ҳаёт тажрибаларини ўрганамиз. Айниқса, туман партия кенгаши қошида ташкил этилган «Кўнгилли ёшлар» гуруҳи бу борада фаол. Уларнинг ҳолидан доимий равишда хабардор бўлишади. Уй юмушларига кўмаклашишади. Уруш қатнашчиларининг хонадонларида бўлганимизда уларнинг хотираларини диққат билан тинглаймиз, маслаҳатларини оламиз.

«Йўлдош-1» мавзеси 11 уйда истиқомат қилаётган Алла Кречевеская хонадонига кириб боришимиз билан онахон ёшлар қуршовида қолиб кетди. Фотоальбомларини қўлга олиб, уруш йилларига тўғри келган болалик хотиралари ҳақида сўзлади.

      Бу суратларда бутун ҳаётим акс этган, — деди у. — Уруш болалигимизни, орзуларимизни ўғирлади. Миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритди, қанчадан-қанча болаларни етим қилди. Менинг отам ҳам уруш қатнашчиси бўлган. Ўзим уруш йилларида эвакуация қилинган болаларнинг бириман. Ҳамон ёдимда, отам ҳарбий бўлиб ишларди. Биз яшайдиган ҳудудда эвакуация эълон қилинган вақтда отам хизмат вазифасини бажараётганди. Онам зудлик билан мени, эгизак синглим ва уч ёшли укамни олиб, вокзал томон шошилди. Орада отамга хабар бериш йўлини ҳам қилди. Аммо биз вақт тиғизлиги сабаб улар билан хайрлаша олмадик. Поезд жойидан қўзғалгунча кўзимиз йўлда бўлди... Афсус, на ўшанда, на ундан кейин отамни кўрдик.

Онам бизга Тошкентга кетаётганимизни айтди. Поезд жойидан силжиганида осмонда икки самолёт бир-бирининг ости-устидан айланиб учаётганини эслайман. Улар бироз вақт ўтиб, тўқнашиб кетди. Поезддагиларнинг бари жим бўлди. Худди сасимизни чиқазсак, душман бизни эшитиб қоладигандек. Поезд ўз йўлида давом этарди: Тақа-тақ, тақа-тақ...

 Бир кун эрта тонгда кўзимизни очганимизда, мусаффо осмонни кўрдик. Манзилга етиб келганимизни англадик. Вокзал турли мамлакатлардан келган «уруш болалари» билан тўлганди. Кун охирига бориб, вокзал бўшади. Ўзбек халқи ҳам бу вақтда қийналиб кун кечирар, борини урушдаги яқинларига жўнатарди. Шу вазиятда ҳам ўзбеклар турли миллат болаларини ўзлариникидан кам кўрмади. Уйидан жой берди, нонини бўлишди. Онам ҳам тез орада пойабзал фабрикасига ишга жойлашди. Биз ўқишни давом эттира бошладик...

Орадан етмиш беш йил ўтди. У кунларни эслашнинг ўзи оғир. Отамни ёд этганимда улардан келган хатларни олиб ўқийман. Ғойибона суҳбатлашгандек бўламан. Хотираларим янада жонланади.

Шундан сўнг Алла Кречевеская эҳтиёткорлик билан ўралган қоғоздаги хатларни қўлимизга тутқазди. Хатлар сарғайган, букланган, айрим сўзлари ўчган, шошилинчда ёзилгани яққол сезилиб турарди. Аста ундаги сатрларга кўз югуртира бошлаймиз:

«Салом, азизам Ривуся, қадрли фарзандларим. Мен айни вақтда соғ-саломатман ва сизларга ҳам шуни тилайман. Сизларга бир хат жўнатдим. Ҳозир яна бирини ёзишга шайланяпман...

Сизларни жуда қаттиқ соғинганлигим боис яқин орада хат ёзолмаслигим мумкин. Кейинроқ фикримни, диққатимни бир ерга жамлаб, албатта аҳволимни маълум қиламан. Сизларга соғлик ва бахт тилайман». Бу мактуб 1943 йил 1 декабрда ёзилган.

Сергели-8 мавзеси 39 уйда яшайдиган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Равил Асқаровнинг уйида бўлганимизда жавонда тартиб билан терилган юзлаб китоблар диққатимизни тортди. Буни сезган отахон «Кўнгилли ёшлар» гуруҳи аъзолари билан суҳбатни шу мавзудан бошлади.

      Китоб ўқишни яхши кўраман, — деди у. — Ўтган аср бошларида нашр этилган китобларим ҳам бор. Уларни қайта-қайта ўқишдан эринмайман. Сизлар ҳам истаган вақтингизда келиб, мўъжазгина кутубхонамдан фойдаланишингиз мумкин.

Ёшлар бу таклифдан қувонди, суҳбат отахоннинг болалик хотираларига уланди.

— Наманганда туғилганман, — деди отахон. — Менга номаълум сабабларга кўра, ота-онам Хитойда асирликка тушган. Отамнинг қурувчилар отрядида хизмат қилганини биламан, холос. Ўшанда 4-5 ёшлар атрофида эдим. Ота-онам билан лагерда яшашга мажбур бўлганмиз. Уруш тугагандан сўнг, ватанга қайтдик. У ердаги даҳшатларни эслашни ҳам истамайман, рости. Аммо ҳали-ҳануз қулоғимга отамнинг қўл-оёқларидаги кишанларнинг овози эшитилади. Баъзан кечалари бу сасдан уйғониб кетаман. Тушимми, ҳушимми, бироз англаёлмай қоламан...

Шу куни партия фаоллари Сергей Усков, Манзура Эшонқулова, Нозима Ҳайитова хонадонларида ҳам бўлишди. Уй юмушларига ёрдам бериб, эсдалик совғалари топширилди.

— Бу йўқловлар кўнглимизни тоғдек кўтарди, — деди Манзура Эшонқулова. — Бугунги тадбир ташкилотчиларига раҳмат.

Катта таассуротлар билан ишхона томон отландик. ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Нилуфар Йўлдошева учрашувлардан олган таассуротларини сўзлаб берди:

— Ҳар гал мана шундай мулоқотлардан ҳаёт ҳақида хулоса чиқараман. Айниқса, уруш қатнашчилари олдида қарзимиз кўплигини англайман. Минг афсуски, улар йилдан-йилга камайиб бормоқда. Уруш қатнашчиларидан эшитадиганларимиз бизга ва ёшларга ҳаёт йўлларида асқотади. Биз уларни нафақат байрам кунларида, балки ҳар доим ардоқлаб, ҳурмат-иззатини жойига қўйишимиз зарур.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.