01.05.2018

Президент Шавкат Мирзиёев Пханмунжомда корея давлатлари ўртасидаги саммит муваффақиятли ўтгани муносабати билан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Инга табрик йўллади

Корея Республикаси Президенти 

Мун Чжэ Ин Жаноби Олийларига 

Жаноби Олийлари! 

Сизни 2018 йил 27 апрель куни корейс халқи тарихида том маънода унутилмас воқеага айланган корея давлатлари ўртасидаги Пханмунжом саммитининг муваффақиятли ўтгани билан самимий қутлайман. 

Бутун дунё ҳамжамиятининг диққат марказида бўлган ушбу учрашувда эришилган улкан натижага Сизнинг қатъий позициянгиз, Корея Республикаси ҳамда Корея Халқ Демократик Республикаси ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, минтақада ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган тинчликпарварлик сиёсатини амалга ошириш йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатларингиз туфайли эришилди. 

Музокаралар самимий ва дўстона муҳитда ўтгани, унинг якуни бўйича қабул қилинган, икки давлатни яқинлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш юзасидан ғоят муҳим келишувларни мустаҳкамлаб берган Корея ярим оролида тинчлик ва тараққиётга эришиш, уни бирлаштириш ҳақидаги Пханмунжом декларацияси Корея Республикаси ва КХДР ўртасида янги шериклик даври бошланганига умид ва ишонч уйғотмоқда. 

Ўзбекистон Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш ташаббускори сифатида, ҳеч шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш ва минтақада интеграция жараёнларини илгари суришга хизмат қиладиган Корея ярим оролидаги денуклеаризация жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. 

Сизнинг темир йўл ва автомобиль қатновини тиклаш тўғрисидаги ташаббусингизни алоҳида таъкидлашни истардим. Бу Корея ярим оролининг бепоён Евроосиё мамлакатлари, жумладан, Марказий Осиё билан ҳамкорлигини кенгайтириш, уни ягона логистика тизими ва жадал ривожланган савдо-иқтисодий алоқаларга эга бўлган минтақага айлантириш учун янги истиқболлар очади. 


Муҳтарам жаноб Президент, 

Ўзбекистон Республикаси Корея Республикасининг стратегик шериги сифатида корейс халқининг умумий тараққиёт ва фаровонликка қаратилган ўзаро яқинлашиш, Корея ярим оролида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги фаол амалий қадамларини бундан буён ҳам қатъий қўллаб-қувватлайди. 

Ишончим комил, шундай ёруғ кунлар келади ва корейс халқининг бўлиниб кетган оилаларни бирлаштириш, алоқаларни тиклаш ҳақидаги кўп йиллик орзуси албатта амалга ошади, минтақада эса мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка эришилади. 

Сиз, қадрдон дўстим ва азиз биродаримга корея давлатлари ўртасида ўтказилган саммитда эришилган, минтақа ва бутун дунёда вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга, ҳеч шубҳасиз, тарихий таъсир кўрсатадиган келишувларни амалга оширишда мустаҳкам соғлик ва улкан муваффақиятлар тилайман. 

Сиз билан Ўзбекистон заминида яна учрашишни сабрсизлик билан кутиб қоламан! 


Чуқур ҳурмат-эҳтиром билан, 

Шавкат МИРЗИЁЕВ, 
Ўзбекистон Республикаси Президенти


DB query error.
Please try later.