28.04.2018

СУДЛАР ЖАЗОЛОВЧИ ЭМАС, БАЛКИ ҲУҚУҚНИ ҲИМОЯ ҚИЛУВЧИ ОРГАНДИР

Бугун суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш, аҳолининг одил судловга ишончини ошириш долзарб вазифа бўлиб турибди. Президентимизнинг «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада дастурий ҳужжат ҳисобланади.

Биз ҳозирги талабдан келиб чиқиб, ўз фаолиятимиз ҳақида жамоатчиликка батафсил ахборот беришга ҳаракат қиляпмиз.

2017 йил 1 июндан маъмурий судлар иш бошлади. Маълумки, маъмурий судлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан берилган шикоятлар, прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисидаги аризаси, ваколатли органнинг жисмоний ва юридик бош­қариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқади. Фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилади ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб беради.

Хусусан, ўтган давр мобайнида Шайхонтоҳур туман маъмурий судига давлат органлари масъуллари устидан тушган шикоятларнинг 40 таси кўрилган бўлса, шулардан 10 тасининг қарори ғайриқонуний экани аниқланди. 1600 ҳуқуқбузарликдан 121 таси махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш деб топилди.

Ўз фаолиятимдан мисол келтирадиган бўлсам, бир тадбиркоримиз солиқ инспекция­сининг текшируви билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари ва қарори устидан шикоят аризаси билан мурожаат қилди. Ишни кўриш жараёнида ўша тадбиркорга нисбатан текширув қонунга зид бўлганлиги аниқланди. Ушбу қарор ҳақиқий эмас, деб топилди ва тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тикланиб, солиқ ходимларига нисбатан хусусий ажрим чиқарилди ҳамда прокуратурага уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари борлигини аниқлаш мақсадида тақдимнома юборилди.

Анча чигалликларга сабаб бўлган яна бир мисол ҳақида тўхталиб ўтмоқчи эдим. Фуқаро Мупаррах Назарова туман Мажбурий ижро бюроси ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармасининг мансабдор шахс­лари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, шикоят аризаси билан мурожаат қилди. Иш жараёнида аниқланишича, Мажбурий ижро бюроси ходимлари шаҳар кадастр бошқармасига нотўғри маълумотнома тақдим этгани сабаб, фуқаро М.Назарова сотиб олган бинога ҳеч қандай асосларсиз тақиқ қўйилгани маълум бўлди. Кадастр бошқармаси ходимлари эса тақиқ борлигини важ қилиб, бинони давлат рўйхатидан ўтказмай келган.

Аслида бино тақиққа қўйилиши лозим бўлмаган объект эканлигини била туриб, Мажбурий ижро бюроси ходимлари асоссиз равишда бинодан фойдаланишга, яъни бинони сотишга, бошқа фуқарога ижарага беришга ёки ўзи ишлатишга ҳам йўл қўйилмаслик тақиқини қўйган.

Суд бу ҳолатда фуқаро М.Назарованинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганини аниқлиб, бино билан боғлиқ хатти-ҳаракатларни ғайриқонуний деб топди. Мансабдор шахслар зиммасига бинога қўйилган тақиқни олиб ташлаш ҳамда улардан давлат фойдасига тегишли давлат божи ундириш ҳақида қарор чиқарилди.

Кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда фуқаролик, иқтисодий, жиноят судлари билан биргаликда сайёр суд мажлислари ўтказиб келинмоқда. Ушбу тадбирларда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва қонунларни ҳурмат қилиш масалаларида тарғиботни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Маълумки, Олий суд ҳамда Ёшлар иттифоқи ўртасида меморандум имзоланган. Унга асосан, Ёшлар иттифоқи аъзолари ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир қилган ёшлар билан суҳбат ўтказади. Суҳбат жараёнида содир этилган жиноят ўрганилиб, тўғри йўлга қайтариш кафиллиги олинса, бундай ҳолда судга мурожаат этилади. Биз эса кафиллик хатини инобатга олиб, енгиллаштирувчи ҳуқуқий чора кўрамиз.

Яна шуни айтмоқчи эдимки, маъмурий судларда кўриладиган ҳуқуқбузарликлар асосан майда безориликлар бўлиб, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш, лицензия­сиз йўловчи ташиш, ҳақорат ва туҳмат, эҳтиётсизлик натижасида енгил тан жароҳат етказиш кабилардир. Аслида булар жиноятга бир қадам дегани. Фуқаролар, айниқса, ёшлар бу каби ҳуқуқбузарликларни содир этишдан ўзларини тийса, интизомли бўлса, қонунларни ҳурмат қилса, кўплаб жиноятларнинг олди олинган бўлар эди.

Зеро, мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг янги босқичида адолат, ҳақиқат ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

 

Санжар ЗУЛУНОВ,

Шайхонтоҳур тумани маъмурий суди раиси.



DB query error.
Please try later.