28.04.2018

«ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ АМАЛГА ОШИРАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАР БУТУН ДУНЁ ЭКСПЕРТЛАРИ ЭЪТИБОРИДА»

Муҳиттин ГУМУШ, Қирғиз-Турк Манас университети профессори:

— Демократияни одамлар турлича қабул қиладилар, уни ёқтирадиган ва ёқтирмайдиганлар ҳам бор. Демократияни қуйидаги сифатлар билан таърифлайдилар: социал демократия, либерал демократия, ярим демократия, муҳофазакор демократия каби. Менинг фикримча демократия инсонларнинг асосий ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш, сўз эркинлигига эришиш, фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлаш, шунингдек, ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечириш имконияти демакдир.

Демократик мамлакатларда энг асосий ҳақ-ҳуқуқ бу осойишта яшаш ҳуқуқидир. Бу билан бирга, таълим олиш ҳуқуқи, мол-мулк­ка эгалик ҳуқуқи, саёҳатга чиқиш эркинлиги, фикрлаш ҳуррияти, ўз эрк-иродасини намоён этиш каби тамойиллар ҳам демократиянинг энг муҳим белгиларидир.

1991 йилда мустақилликка эришган Ўзбекистон тарихий Туркистон мулкининг моддий, маънавий ва маданий бойликларга энг сероб, юксак илм-фан ва маданият маркази бўлган. Бу ерда яшовчи инсонлар ўзининг олижаноблиги ва меҳнатсеварлиги билан атрофдаги қардош халқларга намуна бўлиб келишган. Болалик чоғларимдан Ўзбекистон менинг энг севган мамлакатим эди. Ўша кезлар фурсат бўлиши билан бу қардош юртга хизмат қилишни орзу қилардим. 1992 йил сентябрда Анқара университетидан Тошкент­га келиб, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ишлай бошладим. Ўша давр балки, ҳаётимнинг энг гўзал йиллари эди. Тўғри, истиқлолнинг илк вақтларида Ўзбекистонда ҳали мустабид тузумнинг асоратлари ва йўқчилик сезилиб турарди. Аммо биз Ўзбекистон ўзининг салоҳияти юксак, меҳнаткаш ва ишбилармон ­халқи билан Марказий Осиёнинг юрагига айланишини орзу қилар ва бу орзунинг рўёбга чиқишига ишонардик.

Орадан йиллар ўтгач, Ўзбекистонда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари туфайли бу қардош ўлкада замонавий саноат, машинасозлик, автомобилсозлик, электроника ашёлари ишлаб чиқариш, текстиль вужудга келгани, Ўзбекистон ўз буюк келажаги сари шахдам қадам ташлаётганининг гувоҳи бўлдик.

2016 йил 4 декабрдаги сайловлар якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Шавкат Мирзиёевнинг сайланиши халқ билан мулоқот, демократик эркинликлар, ишбилармонлик ташаббусларига кенг йўл очди. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги қардош мамлакатлар билан қалин иқтисодий-сиёсий, илмий-маданий алоқаларни йўлга қўйгач, 1990-йиллар бошидаги орзуларимизнинг рўёбга чиққанини кўрдик. Турк дунёсининг муҳим бўғинларидан бири бўлган Туркия Республикаси билан яқин қардошлик ва дўстлик алоқалари ўрнатилди. Икки ўлканинг Йўлбошчилари — Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғоннинг самимий дўстлиги мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларга ҳам ижобий таъсир ўтказди. Ҳозир халқларимиз оташланган қардошлик ва дўстлик туйғулари ила бир-бирига интилмоқда.

Ўзбекистон кўп сонли моддий ва маънавий меросга эга бўлган мамлакат. Жаҳонда туристлар фақат дам олиш учун қитъалар­аро саёҳатга чиқмайди. Маданият туризми бугун дунёда жадал ривожланаётган ва ­оммалашган туризм турларидан биридир. Ўзбекистоннинг улкан туризм салоҳиятини жаҳонга намоён қилиш, туризм секторини ривожлантириш ила ўлка халқининг моддий фаровонлигини ошириш жуда-жуда муҳимдир. Ўзбекистонда маълум бир мамлакатлар фуқароларига виза тартибининг бекор қилиниши оқилона қарор бўлиб, бу қардош Ўзбекистоннинг дунёдаги обрўсини кескин оширди. Туркиядаги 80 миллион Ўзбекистонни ота юрт деб ҳисоблайдиган инсонлар учун бу қарорнинг қанчалик юксак қийматга эгалигини таърифлашга сўз ожиз.

Демократия аслида бир маданиятдир ва у халқнинг азалий қадриятлари билан уй­ғунлашганда ўз мевасини беради. Ҳар бир халқ­да миллий шаклдаги демократик анъаналар мавжуд. Ўзбекистонда муҳтарам ­Президент Шавкат Мирзиёев туркий халқларга, жумладан, ўзбекларга хос бўлган адолатли давлат, халқ билан мулоқотларда ютуқ ва камчиликларни сарҳисоб қилиш, халқ ғами билан яшаш анъанасини жуда чиройли бир шаклда рўёбга чиқармоқда. Зеро, давлатлар ўз хал­қини, миллатини ҳузур-ҳаловат, тинчлик-осо­йишталик, тўкин ҳаёт билан таъминлаш учун масъулдир.

Усмонийлар салтанатининг асосчиси ­Усмонбейга унинг устози шайх Эрдебали шундай деган экан: «Эй ўғил! Сабр қилишни бил, гул ўз вақтидан олдин очилмайди. Шуни ҳам унутма, инсонни яхши яшатки, давлат ҳам яшасин!» Демократиянинг асосий мазмуни ҳам шундадир. Демократия аста-аста ўрганиладиган сабоқ каби халқнинг турмуши ва ҳаёт тарзига албатта кириб боради, ўрнашади. Қардош Ўзбекистон ана шу йўлдан шахдам қадам ташлаб бормоқда.

Муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг самимий ички ва ташқи сиёсати туфайли яқин 5-10 йил ичида Ўзбекистон гуллаб-яшнашига, қардош Ўзбек халқи янада бой ва тўкин яшашига ишонаман.

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган ислоҳотлар бутун дунё экспертлари эътиборида...

 

Самарқанд давлат университети профессори Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,

Фаррух ҲАМРОЕВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.