26.04.2018

ХАЛҚ МАНФААТЛАРИГА ЙЎНАЛТИРИЛГАН ИСЛОҲОТЛАР

Пойтахтимизда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан «Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзуида халқаро конференция ташкил этилди.

Унда касаба уюшмалари соҳасидаги халқаро ташкилотлар мутасаддилари, 30 дан ортиқ давлатларнинг олим ва экспертлари, юртимизда аккредитация­дан ўтган дипломатик корпус ва хорижий ваколатхоналар раҳбарлари, касаба уюшмаси соҳаси мутахассислари, ҳуқуқшунослар, олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Қ.Рафиқов, ­«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори А.Бурҳонов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиев ва бошқалар мамлакатимизда одамлар манфаатларини таъминлаш, халқимиз ҳаётини янада фаровон этиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юртдошларимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил жорий этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида давлат қурилишини ва суд-ҳуқуқ ­тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш билан бирга ижтимоий соҳани изчил равнақ топтиришга устувор масала сифатида ёндашилмоқда. Айни жиҳатлар миллий қонунчилигимизнинг муттасил такомиллашиб бораётганида, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини кучли ижтимоий муҳофазалаш, кўрсатилаётган кўмакнинг аниқ, манзилли, шаффоф, самарали бўлишини таъминлашга доир ишларда яққол намоён бўлмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳар бир фуқаронинг таклиф ва мурожаатини ўрганиш билан боғлиқ амалий ишлар долзарб масалаларга ўз вақтида ечим топиш имконини беряпти.

Халқаро Меҳнат бюросининг бош директори Гай Рейдернинг анжуман иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида қайд этилганидек, Ўзбекистонда кечаётган шиддатли ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам қизиқиш уйғотаётир. Бу жиҳатлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам яққол ўз ифодасини топган. Бугунги кунда Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан узвий ҳамкорлик ўрнатган ва бу борада етакчи позицияга эга бўлган мамлакат саналади.

Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (ACTRAV) директори Мария Ҳелена Андренинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар аҳолини кучли, аниқ ва манзилли ижтимоий ҳимоялаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, ислоҳотларга давлат идоралари билан бирга жамоат тузилмаларини ҳам жалб этишда намоён бўлмоқда.

Бу жиҳатлар Касаба уюшмалари федерацияси фаолиятида ҳам кўзга ташланмоқда. Юртимиздаги етакчи жамоат тузилмаси саналган мазкур ташкилот наинки меҳнаткашлар учун муносиб иш шароитларини яратиш, балки ходимлар билан бирга уларнинг оила аъзолари манфаатларини ҳимоялаш, саломатлигини асраш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу йўналишдаги тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишувга киритилган, мазкур ҳужжат асосида 100 дан ортиқ тармоқ, 14 та ҳудудий келишув ва бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда 171 мингдан ортиқ жамоа шартномаларида ўз аксини топган.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари мазкур локал ҳужжатларга мувофиқ ходимларнинг реал даромадларини босқичма-босқич ошириш, меҳнат бозорида талаб катта бўлган кадрларни тайёрлаш тизимини кенгайтириш, иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларини касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш ишларида ҳамкорлик қилмоқда. Касаба уюшмалари федерациясининг дастурий ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоялашга кўмаклашиш, ёлғиз кексалар, нуронийлар, тиббий кўмакка муҳтож одамлар, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда давлат органлари, иш берувчилар билан ҳамкорлик қилиш, бандликнинг ноанъанавий шакл­ларидаги машғул кишилар ва уларнинг оила аъзосини ижтимоий ҳимоялашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

— Ўзбекистондек ажойиб диёрга келганимдан ғоят мамнунман, — дейди норвегиялик эксперт, иқтисодчи олим Эрик ­Райнерт. — Кеча Самарқанд шаҳрини кўриш имконига эга бўлдик. Бу ерда аввалги завод ўрнида Япония билан ҳамкорликда қўшма корхона барпо этилгани, унда ишлаб чиқариш, бандликни таъминлаш каби долзарб масалалар муносиб тарзда ҳал этилгани эътиборга моликдир. Ўзбекистон Президенти томонидан ташаббус қилинган эзгу ислоҳотлар давлат идоралари, жамоат тузилмалари, одамлар томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.

— Юртингиздаги ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари ҳаётида, онгу тафаккурида юз бераётганига гувоҳ бўлдик, — дейди Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси Умум­европа минтақавий кенгашининг ижрочи котиби Антон Леппик. — Бу ижобий ўзгаришлар очиқлиги, камчиликларга муросасизлиги, оддий одамларга ғамхўрлик кўрсатишга, аҳолининг турмуш тарзи фаровонлашувига йўналтирилганида яққол сезилмоқда. Давлат органлари билан бирга жамоат тузилмалари қаторида касаба уюшмалари ҳам эзгу ўзгаришларда фаоллик кўрсатаётгани диққатга сазовор.

— Тиббиёт, ижтимоий муҳофаза, таълим, суд-ҳуқуқ соҳаларидаги туб ўзгаришлар жараёнида Ўзбекистон ўзига хос йўлдан бораётгани, бунда одамларнинг мақсад-муддаолари эътиборга олинаётганининг гувоҳи бўлдик, — дейди Малайзия касаба уюшмалари конгресси раиси Тан Энг Хонг. — Кам таъминланган оилаларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш, меҳнат жамоаларида фарзанд кўриш арафасидаги аёллар учун яратилган имтиёзлар менда катта таассурот қолдирди.

Биринчи ялпи мажлисдан сўнг конференция иши «Аҳолининг реал даромадлари ҳамда бандлиги даражасини изчил ошириб бориш», «Аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва соғлигини муҳофаза қилиш давлат тизимини такомиллаштириш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш», «Аҳолининг турмуш сифати: арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модер­низация­лаш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш», «Таълим ва фан соҳасидаги ёшларга оид давлат сиёсати: миллий, хорижий ва халқаро тажриба» мавзуларида йиғилиш бўлиб ўтди.

Халқаро конференция доирасида хорижлик экспертлар юртимиздаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ишлар, таълим, ижтимоий инфратузилма, арзон уй-жойлар, иш жойларидаги меҳнат шароитлари, давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ҳамкорлиги тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиш мақсадида Тошкент ва Самарқанд вилоятларига ташриф буюрдилар. Ижтимоий объектларда фуқаролар учун мавжуд имтиёз ва имкониятлар, меҳнат жойларида ходимлар учун яратилган шароитлар, давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклиги натижасида ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги амалий ишлар билан яқиндан танишдилар.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ. Акмалов иштирок этди.

 

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.