26.04.2018

ТАРИХ ВА ВАҚТ СИНОВИДАН ЎТГАН ДЎСТЛИК ВА ҲАМКОРЛИК ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Туркманистон — биз учун тарих ва вақт синовидан ўтган, кўп асрлик дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари боғлаб турадиган энг яқин қўшнимиздир. Ҳақиқий дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатлари қандай бўлиши лозимлигини биз бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш учун барча имкониятларни ишга соламиз», Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг «Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар — бир-бирини қадрлайдиган ва ҳурмат қиладиган қардош халқлар, меҳрибон қўшниларнинг мулоқотидир. Ушбу мустаҳкам пойдевор асосида биз бундан буён ҳам халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва қардошлик алоқаларини ривожлантирамиз ва мус­таҳкамлаймиз», деган сўзларида тарих бор, бугун бор, истиқбол бор. Ўзбек-туркман халқларининг қардошлиги, қўшнилиги, тарих синовидан ўтиб келаётган дўстлиги, қадрдонлигига эҳтиром бор. Бу дўстликнинг эртанги истиқболи, яъни ҳақиқий дўстлик ва қўшничиликда бошқаларга ибрат даражасига кўтариш, ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадлари мужассам. Хитой мақолларидан бирида «Кучли одамлар йўлдаги тўсиқларни олиб ташлайди, донолар бутун йўлни босиб ўтади», дейи­лади.

Бу муштарак фикрлар ўзбек ва туркман халқлари дўстлигининг бугунги ҳолатини ва эртанги истиқболини акс эттиради, уларни келажакдан келаётган хушхабарлар, деса арзийди. Чунки Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари дўстлигини янада мустаҳкамлаш йўлида учраган тўсиқлар олиб ташланаётгани, олдинда турган мададкорлик ва ҳамкорлик, дўстлик йўли текис ва равон бўлиши рост гап.

2018 йил 24 апрель куни эрталаб икки халқ дўстлигининг ёрқин истиқболи рамзи сифатида Урганч осмонига кўтарилган минглаб оқ кабутарлар ана шу улуғ ниятлар парвозига ўхшади. Урганч кўчалари бўйига чиққан, қўлларида Ўзбекистон ва Туркманистон байроқларини тутган минглаб кекса-ю ёшнинг «Яшасин ўзбек-туркман дўстлиги!» деган олқишлари, болакайларнинг дўстлик ҳақидаги жарангдор шеърлари, нуроний кексаларнинг дуолари тадбирга юксак маънавий руҳ, файз-тароват бахш этди.

Қўшни мамлакатлар билан ўзаро дўстликнинг мус­таҳкамланаётганлиги мамлакатимиз аҳлини қувонтирмоқда. Бунга ўзбек ва туркман дўстлик алоқалари мисол. Халқ фикри — ҳақ фикри. Биз бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар якуни бўйича Хоразм вилоят фаоллари, ижодкорлар, нуронийлар, турли соҳа вакиллари, ёшлар, аҳоли фикрини ўргандик.

 

Отабой Худойназаров, меҳнат фахрийси:

— Этни тирноқдан ажратиб бўлмайди, деганларидек, ўзбек ва туркман эт билан тирноқдек бир-бирига яқин. Мен ана шу дўстлик ва биродарликни Туркманободдаги Ислом Каримов ҳайкали ва Тошкентдаги «Ашхобод сайилгоҳи» тимсолида, икки халқнинг тинч­лиги, хотиржамлиги йўлида ҳурматли ­Президентларимиз бошлаган савобли ишларда кўраман. Бугун биз Кўҳна Урганчдаги 360 авлиёни, туркманис­тонликлар Хива, Бухоро, Самарқандни бемалол зиё­рат қиладиган бўлдик. Ҳар икки халқда нон улуғланади, ана шу нонни ёпадиган тандиримиз ҳам, узган иссиқ чурагимиз бир. Дастурхон атрофига кўрпачани тўшаб бошимизга силкима чўгирмани кийиб, боғдош қуриб ўтиришимиз бир хил. Сузма паловимиз бир.

 

Садоқат Маткаримова:

— Бутун дунёга донғи кетган Маъмун академияси ва унда фаолият олиб борган юксак истеъдод ва қобилият эгалари, буюк энциклопедист олимлар, алломалар ўзбек ва туркман халқининг буюк аждодлари ҳисобланади. Ҳозирги кунда мен фаолият олиб бораётган Урганч давлат университетида юздан ортиқ туркман талабалари таҳсил олмоқда.

Туркман халқ шоирлари Махтумқули, Мулла­нафас, Андалиб, Зелилий ўзбеклар учун ҳам севимли, ардоқли. Республикамизда Мулланафас таваллудининг 200 йиллиги, Махтумқули таваллудининг 290 йиллигига бағишланган тадбирлар кенг миқёсда ўтказилди. Уларнинг шеърлари хоразмлик машҳур хонандалар, хусусан, Комилжон Отаниёзов, Жуманазар­ Бекчоновлар ижросида мамлакатимизнинг бошқа минтақаларига тарқалиб, барчанинг кўнглидан ўрин олганлиги ҳаммамизга маълум. Халқларимиз ўртасидаги меҳр, дўстлик асрлардан асрларга ошиб келмоқда ва абадий шундай бўлиб қолишига ишонаман.

 

Бекберган Сапарбоев, меҳнат фахрийси:

— Менинг асли келиб чиқишим туркман. Ота-боболаримиз бундан 350-400 йил олдин Хива хонлиги ҳудудида қўним топган. Урганч туман ҳудудидан оқиб ўтган Ғазавот канали бўйида «Улли ҳовли» биносини қуришган. Кейинчалик якка тартибдаги иморатлар кўпайган. Бугунги кунга келиб маҳалладаги 840 дан ортиқ оилада 4000 га яқин аҳоли тинч-тотув яшаб келмоқда. Болаларимиз, набираларимиз туркман тилида ўқийди. Ўзбек-туркман қуда-анда бўлиб кетган. Мана менинг ўзим ҳам ўзбек қизига уйланганман. Бахтлимиз. Болаларимизнинг ҳаммаси ўқимишли, ишли. Бахтимизга кўз тегмасин, илоҳим.

 

Гавҳар Ибодуллаева, шоира:

— Мен киндик қони туркман тупроғига томган, бахтини ўзбек заминида топган пешонаси ярқироқ аёллардан бириман. Азалий дўстлигимиз янада мус­таҳкамланаётганидан кўксим тоғ, бошим осмон, ўзимга сиғмай, чексиз-чегарасиз қувончдаман.

Ўн саккиз ёшимда ёр-ёр садоси билан Хоразмга кириб келдим. Илдиз отиб, япроқ ёздим. Тўрт фарзандимни юрагимнинг тўрт бўлаги, деб билдим. Бири-биридан ширин, бири-биридан асал набираларим дунёга келгач, юрагимни уларга ҳам ушатиб, сочилиб-бўлиниб яшаяпман. Аслида аёлнинг бахти шу. Толеимдан, бахтимдан жуда-жуда шодман.

Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига номзодим қўйилганида, отамнинг: «Туғилган еринг Туркманистон бўлса, сени сайлашармикан?» деб куйинганларини, депутат бўлганимда, «Эл-юрт ҳурмати» орденини олганимда, «Шу кунларни онанг кўрганидами?», деб елкалари силкиниб-силкиниб йиғлаганларини эслаганимда ҳали-ҳануз кўнглим тўлиб кетади. Отажоним «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонини олганимни кўрганларида, билмадим, қувончдан нақ юраклари ёрилиши тайин эди. Буларнинг барчаси учун, инсоний қадр-қимматимни бошимга тож қилиб берган Ўзбекистонимга жоним фидо бўлсин. Улуғ Махтумқули бундан 250 йил илгари:

 

Айтинг Фироғийнинг икки эли бор —

Бири Атрак бўлса, бири Хоразм.

Айтинг Фироғийнинг икки кўзи бор —

Бири туркман бўлса, бири ўзбегим, — деган эди.

Менинг ҳам икки элим бор — бири туркман бўлса, бири ўзбек. Ишончим комил, бундан 250 йил кейин ҳам келгуси авлод бу иборани фахрланиб айтиб юради.

 

Давлатназар Ражабов, Хоразм вилоят ­ўзбек-туркман дўстлик жамияти­ раҳбари:

— Бун­ёдкорлик ишлари туфайли шаҳар-туманлардан тортиб то чекка қишлоқ ва маҳаллаларгача обод бўлаётир. Бизнинг Урганч туман Ғайбу қишлоғидаги Туркман маҳалласида жуда қисқа вақтда болаларимизга 120 ўринли янги болалар боғчаси, Мусиқа ва санъат мактаби, 64 намунавий турар жой, Махтумқули номли мактаб биноси шаҳардагилардан аъло қилиб, замонавий жиҳозлари билан қуриб берилди. Оилавий поликлиникаларда тиш докторигача бор. Очиғи, туман марказига 15 километр йўл босиб боришга ҳожат ҳам қолмаяпти. «Дўстлик боғи» марказида дўстлик уйи, бобомерос қадриятимиз бўлган «Улли ҳовли» қайта қурилди. Ҳовли дарвозасида ўша йиллардан қолган қадимий ёзув сақланиб турибди. Унда араб алифбосида: «Ушбу муборак «Улли ҳовли» Хоразмшоҳ Абдулғози­ Баҳодирхон томонидан солар туркманлари оқсоқоли Хўжамберди Шерматбой илтимосига кўра, ҳижрий 11.9.1120 йили бунёд қилинган», дейилган. Ана шунинг ўзи ҳам ўзбек-туркман халқлари дўстлигининг бундан 400 йил олдин қандай бўлганига бир маҳобатли ёдгорлик эмасми?

«Улли ҳовли» туризм маршрутига киритилди. Ҳовлида қадимий ҳунармандчилик намуналари, фото, картиналар галереялари, гиламчилик, заргарлик, кулолчилик, темирчилик, қўғирчоқсозлик, ўзбек-туркман мусиқа асбоблари устахоналари ишламоқда. Ҳовлига кирганингизда туркман бахшиларининг қадимий оҳанглари сизни ўз оғушига олади.

Бу йил Урганч туман Чолиш қўрғонида бунёдкорлик ишлари бошланди. У ерда яшаётган қозоқ халқи вакиллари ҳам бундан хурсанд. Ўтган йили Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти ­Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллик юбилейи кенг нишонланиб, буюк ҳофизнинг ижод маркази, уй музейи барпо этилди. Вилоят марказида 20 йил орзу қилинган Охунбобо масжиди қурилиши ишлари якунланиш арафасида. Юз йиллик орзулар ушалиб, темир йўли Хивагача келди. Яқин қўшни мамлакатлар билан дўстлик ипларининг боғланиши мушкулларни осон қилаётир.

 

Кенжабой Артиқов, меҳнат фахрийси:

— Ўзбек-туркман азал-азалдан қондош-қариндош. Амударёдан сув ичади. Мен бир умр сув хўжалиги соҳасида ишлаб келганман. Кўп йиллар Туркманистон сув хўжалиги вазирнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган ­Текебай Атиевич ва бошқа раҳбарлар билан кўп бора мулоқотда бўлганман. Айниқса, Тошҳовуз вилоятнинг сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида узоқ йиллар меҳнат қилган Алланазар Вапаев билан оға-инидек бўлиб ишлаганмиз.

У вақтлар Ғазавот, Шовот ҳамда Қиличбой-Арна каналларидан сув ичганмиз. Сув хўжалиги масалалари бўйича биронта муаммо чиқмаган. Ўтган 2017 йил 23-24 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Давлатлар­аро сув хўжалиги масалаларини мувофиқлаштириш комиссиясининг 25 йиллик юбилейини нишонладик. Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон сув хўжалиги раҳбарлари ва фахрийлар иштирок қилди. Бир-биримизни бағримизга босиб, шод бўлдик.

Азалдан қондош-қариндош икки элнинг борди-келдиси йўлга қўйилиши муносабати билан энди бемалол тўй-маъракаларга бориб келамиз. Шу кунларга етказганига шукр.

 

Қурбон Муҳаммадризо, Махтумқули мукофоти лауреати:

 — Туркман халқининг буюк шоири Махтумқули шундай деган эди:

 

Қадрдон дўстингдан юзинг ўгирма,

Борсанг, бошларига тож этар сени.

Биз бу туйғуни ўтган йил ноябрь ойида Туркманис­тонда бўлиб ўтган ўзбек маданияти кунларида, бугун Ўзбекистонда ҳис этдик. Яъни, таниқли туркман шоири Қора Сайитлиев бир вақтлари ёзганидек:

 

Туркманнинг уйида мажлис очилса,

Навоийдан бошланар бахшилар сози.

Ўзбекнинг уйида маъни сочилса,

Фироғийдан бўлар донолар сўзи.

 

Ўзбек ва туркман халқлари тақдири туташиб кетганлигига яна бир ёрқин мисол: Ҳазрат Навоий бир вақтлар бош вазир сифатида Марв, Ниса (Ашхобод) яқинидаги шаҳарларни обод қилиш учун жон куйдирган. Эндиликда туркман халқи Навоий қадами теккан жойларни зиёратгоҳга айлантирди.

Узоққа бориб ўтирмайлик, туркман халқининг машҳур адиби Хидир Дарёев ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирийни ўз устози ҳисоблаган бўлса, ўзбек шоири Ғафур Ғулом билан туркман ёзувчиларининг отахони Берди Кербобоевнинг, Зулфия билан Товшон Эсенованинг дўстлиги, биродарлиги каби мисоллар икки халқ маънавиятининг муштараклигига ибратли мисолдир.

Шу ерда икки давлатнинг азалий дўстлиги тарихидан бир мисол: Х асрларда Тажан дарёсида қурилган «Пули хотин» кўприги орқали аждодларимиз қуда-андачилик, савдо-сотиқ баҳонасида бир-бири билан борди-келди қилишган. Кейинчалик ҳазрат Навоий ҳам шу кўприкдан ўтган. Андижон, Марғилон, Самарқанд, Туркистон ва Бухорои шариф, Хива шаҳарларини ихтиёр этганда, Махтумқули оёқларига пойандоз бўлган.

Икки халқни боғлаган бундай кўприклар, йўллар жуда кўп. Ўзбек ва туркман диёри фуқароларининг нияти шуки, бу кўприклар, бу йўллар қардошлар учун уларнинг қалбидек, дастурхонидек доим очиқ тургай.

Ана шу дўстликнинг маънавий дастурхонини безаш­ мақсади, туркман халқининг файласуф ­шоири Махтумқулига бўлган муҳаббат мени у ҳақда роман ёзишга ундади. Махтумқули мени қўллаб-қувватлади, Ашхободга етаклади, ҳурматли Гурбангули ­Бердимуҳамедов кўксимга «Махтумқули-Фироғий» медалини тақиб қўйди.

 

Фаррух Отагалди, ёш шоир:

 

— Дарвозанг олдида турибман сокин,

Саломим қабул эт, эй Улли ҳовли.

Сурай кўзларимга боболар хокин,

Саломим қабул эт, эй Улли ҳовли.

 

Очилди дарвозанг, бағрига олди,

Бир эшик — ўзбегим, бириси — туркман.

Боболар нафасин руҳимга солди,

Саломим қабул эт, эй Улли ҳовли.

 

Дўстлик дарвозаси абадий бўлсин,

Дўстликнинг йўллари гулларга тўлсин.

Ўзбек ва Туркманнинг иқболи кулсин,

Каломим қабул эт, эй Улли ҳовли!

 

Халқларимизни боғловчи маънавий-маърифий, моддий-маънавий кўприклар, йўллар жуда кўп. Янгилари қурилмоқда. Бу кўприклар қардош халқларимиз кўнглидек, фаровон дастурхонидек доим очиқ тургай.

 

Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,

Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари,

педагогика фанлари доктори.



DB query error.
Please try later.