24.04.2018

ҚАНДИМ ГАЗНИ ҚАЙТА ИШЛАШ МАЖМУАСИ

халқимиз фаровонлигига, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилади

Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири бўлган нефть-газ саноатини ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилмоқда. Бундан икки йил олдин қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган, қум барханларидан иборат чўл-биёбонда Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланган эди. Марказий Осиёдаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлган мажмуанинг ишга туширилиши бу ерда 2 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратиш имконини беради. Ўтган вақт мобайнида бепоён саҳро ўрнида улкан саноат комплекси ва шаҳарча бунёд этилди.

 

Сирож ТЎРАЕВ, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси бош директори ўринбосари:

— Мажмуа бир йилда 8,1 миллиард кубометр табиий газни қайта ишлаш имконига эга. У тўлиқ ишлашни бошлагач 174 га яқин қудуқ ишга туширилади. Мазкур қудуқлардан келадиган газни қайта ишлаб, 212 минг тонна соф олтингугурт, 134 минг тонна барқарорлаштирилган газ конденсати олинади, тозаланган табиий газ экспортга йўналтирилади. Мажмуа Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга. Чунки у энг сўнгги технологиялар асосида қурилган заводлардан бири. Хусусан, газ таркибида олтингугурт миқдори жуда баланд. Аҳамиятли томонларидан яна бири мажмуамиз атрофга зарарли чиқиндилар чиқармайди. Шунингдек, ишчиларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган. Агар фавқулодда ҳолат юз берадиган бўлса, мажмуа ичидаги одамлар хавфсизлиги автоматик тарзда таъминланади. Ходимларимизнинг барчаси чуқур малакага эга бўлиб, шу вақтга қадар Ўзбекистондаги заводларда ишлаётган тажрибали ишчилар танлаб олинган. Шунингдек, нефть-газ соҳаси бўйича юртимиздаги олий таълим муассасаларини тугатган ёшлар жалб қилинган.

 

Самойиддин ҲУСЕИНОВ, «Нуроний» жамғармаси Бухоро вилояти бўлими раиси:

— Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқини тинглаб, қалбим фахр-ифтихорга тўлди. Ушбу газ конлари ўтган асрнинг 60 йилларида топилган ва у жуда катта захирага эга. Халқимизда «чўли биёбон», деган ибора бор. Қандим мажмуаси айнан мана шундай саҳрода барпо этилди. Бугун ушбу ­бунёдкорлик туфайли корхона ҳудуди жаннатмакон жойга айланди. Сув олиб келинди. Электр энергия тортилди. Янги йўллар қурилди. Унинг қурилиш жараёнида бир қанча маҳаллий ва хорижий корхоналар биргаликда иштирок этди. Одамларни хурсандлигини айтмайсизми. Кексаларимиз дуода. Ушбу корхонада энди катта тажрибага эга бўлган, хориж корхоналарида малака ошириб келган ёшлар меҳнат қилишмоқда. Бу катта ишларнинг дебочасидир. Насиб бўлса, белгиланган барча режалар ана шундай ғалабалар билан поёнига етади. «Лукойл» компаниясининг президенти мажмуанинг очилиш маросимидаги нутқида Қандим қурилишида илм-фаннинг энг охирги ютуқларидан фойдаланилганлигини айтиб ўтди.

Бугунимиз кечадан, эртамиз бугунимиздан яхши бўлишига ишонаман.

 

Саидумар МАҚСУДОВ, халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Юртимизда инновацион иқтисодиёт шаклланаётгани боис нефть ва газ саноатида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. Мамлакатимизга тўғридан-тўғри чет эл инвестиция­лари оқими кўпаймоқда, хорижий шериклар билан барча тармоқлар, жумладан, ёқилғи-энергетика бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгаймоқда.

Амалий ҳаракатлар самараси ўлароқ, Бухоро вилоятида Марказий Осиёдаги энг йирик энергетика иншоотларидан бири — Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси ишга тушди. Қисқа муддатда қуриб битказилган мазкур иншоот учун ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 3 миллиард доллардан ошди. Мазкур қурилиш «Хундай Инжиниринг», «Поско» ва «Джи-Эс», «Энтер Инжиниринг» каби дунёга маш­ҳур компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилди. Унга юқори малакали хорижий мутахассислар ҳам жалб қилинди. Мажмуа ва инфратузилма объектларини барпо этишда 10 мингга яқин ишчи-мутахассис қатнашди.

Қандим лойиҳаси Бухоро вилоя­ти, хусусан, Қоракўл туманида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда алоҳида ўрин тутади. Туман аҳолиси ҳаётида туб бурилиш ясайдиган бу воқеа минглаб фуқаролар турмушига янгиланишлар эпкинини олиб киради. Энг муҳими, мажмуада кўплаб янги иш ўрни, замонавий ижтимоий инфратузилма тармоқлари яратилди. Бундай лойиҳалар дастурий мақсадларимиз билан ҳамоҳанг эканини алоҳида таъкидламоқчиман.

Мажмуа қурилишида иштирок этган минглаб ёш мутахассислар катта кўникма ва тажриба орттирди. Бу юртимизда нефть ва газ саноати соҳасида амалий тажрибага эга салоҳиятли кадрлар шаклланаётганидан дарак беради.

Президентимиз очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, Қандим мажмуаси табиий хом ашё билан чекланиб қолмай, уни чуқур қайта ишлаш борасида ҳам муҳим ўрин тутади.

Бу мажмуа Ўзбекистонда газдан унумли фойдаланиш, уни экспорт қилиш кўрсаткичларини оширишга салмоқли ҳисса қўшади. Муваффақиятли амалга оширилган ушбу лойиҳа Ўзбекистонга инвестиция киритишга қизиқишни ошириши билан аҳамиятли, деб ўйлайман.

 

Саидқул ОҚИЕВ, меҳнат фахрийси, Олот тумани:

— Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этиб, ниҳоятда қувондим. Бундан икки йил олдин Президентимиз мажмуани тамал тошини қўйганида ҳам қатнашган эдим. Қисқа муддатда шундай бир улкан корхона қурилдики, бундан ҳайратланмасликни иложи йўқ. Сўнгги вақт­да Ўзбекистонда бу каби улкан лойиҳалар кўплаб амалга оширилмоқда. Фабрика қу­риляпти, завод очилмоқда, корхона ишга тушмоқда, Яратганга шукр бундай янгиликларни ҳар куни эшитамиз. Мазкур мажмуада биринчи навбатда арзон, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши таъминланса, иккинчидан, ишсизлик муаммосига ечим топилди. Шунингдек, нафақат нефть-газ соҳаси балки, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳаларда ҳам катта ўзгаришлар бўлади. Бутун Бухоро халқи чин юракдан хурсанд. Бугунги шижоат, ғайратни кўриб, нуронийларимиз ҳам мамлакатимиз ривожи учун ўз ҳиссамизни қўшсак, деган фикрни билдиришмоқда.

 

Самад АЗИМОВ, меҳнат фахрийси, Бухоро шаҳри:

— Қандим газни қайта ишлаш заводининг ишга туширилиши, аввало Ўзбекистонимиз қолаверса, Бухоро учун ҳам катта имкониятлар беради. Қисқа фурсатда Қоракўл туманининг чўл ҳудудида 1150 кишига мўлжалланган замонавий шаҳарча қурилиб, 280 километрдан ортиқ йўллар, 50 ки­лометр­лик темир йўл, 272 кило­метр­лик электр узатиш линиялари барпо этилганига ҳайрон қоласан киши. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлган эмас. Бу ишга бош бўлган Президентимизга Бухоро аҳли номидан чексиз миннатдорлигимизни билдирамиз.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.