24.04.2018

БИР МАРТАЛИК УМУМДАВЛАТ АКЦИЯСИ

ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш 2019 йил 1 майга қадар амалга оширилади

Халқимиз уйни ватанга қиёслайди. Биров уй қурса ёки харид қилса, «Ватанли бўлибсиз», деб табриклаймиз. Бизда шундай: уй, хонадон сўзлари олий тушунчалар қаторида туради.

Мамлакатимизда аҳоли, хусусан, қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи фуқароларга муносиб уй-жой шароитини яратишга қаратлиган кенг кўламли давлат дастурлари амалга оширилмоқда. Ўтган йиллар давомида 82000 га яқин уй қурилиб, 6600 дан зиёд уй-жой массиви барпо этилди. Зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари ўтказилиши таъминланди. 2016 йилдан эса қишлоқ аҳолиси учун намунавий ло­йиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилишини назарда тутувчи сифат жиҳатидан янги давлат дастури амалга оширилмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида 18 мингдан ортиқ қулай шарт-шароитга эга уйлар қад ростлади.

Шу билан бирга, фуқароларга мерос сифатида қолдириладиган умр­бод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер майдонларида якка тартибда уй-жой қуриш ҳуқуқи қонунан кафолатланган. Ер тузиш ва кадастр органлари томонидан ўтказилган республика кўчмас мулк фондининг ялпи хатлови якка тартибда уй-жой қуриш соҳасида, айниқса, қишлоқ жойларда қонунийликни таъминлаш долзарб масала эканини кўрсатди.

Жумладан, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний талаблари бўлишига қарамасдан, минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида эгаллаб олинган ерларда якка тартибда уй-жой барпо этишган. Тўғрисини айтганда, уйга ҳужжат кераклиги, акс ҳолда, эгалик ҳуқуқи ҳақиқий бўлмаслиги айрим кишиларнинг хаёлига ҳам келмаган. «Бу уйни мен қурдим, маҳалла-кўй билади-ку», деб юраверган.

Масаланинг бошқа муҳим томони ҳам бор. Бундан 20-30 йил илгари ижтимоий вазият бошқача эди. Ўтиш даврининг қийинчиликлари пайтида аҳолини уй-жой билан таъминлаш имкониятлари чекланганди. Ёш оилаларни алоҳида чиқариш, уйли-жойли қилиш масаласи кўплаб ота-оналарни ўйлантирарди. Шундай шароитда тўрт деворни кўтариб, эшик дераза қўйиб, у ёғ бу ёғини тўғирлаган бўлиб, уй тиклаганлар ҳам бўлган. Бундай пайтда «ундан рухсат сўра», «бундай ҳужжат тайёрла» каби оворагарчиликлар кўнгилга сиғмаган, албатта.

— Маълумотларга кўра, фуқароларнинг уй-жой мулкига кадастр ҳужжатларини беришни сўраб Президент Виртуал қабулхонасига 5 мингдан ортиқ, депутатлар, сенаторлар, давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда 3 мингдан зиёд мурожаатлар бўлган, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири ­Аброр Қурбонов. — Яна шундай ҳолатлар борки, айрим кимсалар ўз манфаати йўлида турли қонунбузарликка йўл қўйган. Масалан, фермер ва деҳқон хўжаликлари тил бириктириб, фуқароларга ер участкаларини уй-жой қуриш учун муайян тўлов эвазига ноқонуний бериб юборишган. Мазкур муаммо бутун республика бўйича ­оммавий тус олиши ва уй-жой учун зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги бошқа ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Яъни фуқаронинг ҳақиқатда яшаб турган жойига рўйхатга қўйилиши, мулк ҳуқуқига эга бўлиш шулар жумласидандир. Йиллар давомида тўпланиб қолган ҳолатлар оқибатида уй-жой мулкига кадастр ҳужжатлари берилишини сўраб, ҳозирда минглаб фуқаролар мурожаат қилмоқда.

Мазкур масалаларни ҳар томонлама оқилона ҳал этиш мақсадида Президентимизнинг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат жуда долзарб ижтимоий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унда уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай ша­роитлар яратиш, ер участкаларидан оқилона ҳамда самарали фойдаланиш, фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишга кўмаклашиш масалалари қамраб олинган.

Унга кўра, мазкур Фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер ­участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан, яъни ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахс­га қатор шартлар асосида эътироф этилади.

Жумладан, мулк ҳуқуқини эътироф этишда ер участкаси (участканинг бир қисми) қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмагани ёки ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик меъёрлари, қоидалари талабларини бузмаётгани инобатга олинади. Унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмайдиган, фуқароларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига хавф туғдирмайдиган ҳолатларда ҳам эътироф этилади.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайдиган аниқ ҳолатлар эса ҳукумат томонидан белгиланади.

— Фармонга кўра, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан тузиладиган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил қилиш бўйича комиссиянинг тақдимномасига кўра, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан амалга оширилади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Қаҳрамон Мирзаев. — Шунингдек, умумий мулк ҳуқуқи фуқаролик ва оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидаларига амал қилиш шарти билан, энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик йиғим тўлангандан кейин амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у қурилган ер участкасига (участканинг бир қисмига) қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиб, ортиқча қисми Солиқ кодексининг 121-моддасида назарда тутилган ҳолда жарима солинмасдан захира ерларига олиб қўйилади.

Фармонда бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагунга қадар, яъни 2019 йил 1 майгача белгиланган тартибда келишув битимлари тузилишини таъминлаш назарда тутилган.

Афсус билан таъкидлаш керакки, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб ёндашилмагани натижасида ўтган йиллар давомида қанчадан-қанча иморатлар бузилиб кетди. Қанча оилалар қийин шароитда қолди, сарфланган маблағлар ҳавога учди. Баъзида турли ўйинлар орқали биров пешона тери билан қурган уйни бошқа бировга тортиб олиб бериш ҳоллари ҳам бўлди. Фармонда масаланинг бу томонига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Унга асосан ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш бўйича судларга киритилган даъволар тўхтатилган, турар жой сифатида фойдаланилаётган ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги ижро этилмаган суд қарорлари бўйича муроса шартномалари тузилиши белгиланган.

Акция муддати тугаши билан иморатларни ўзбошимчалик билан қурганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Бундан ташқари, бу масала бўйича Ўзбекистон бош прокурори, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими, бошқа ваколатли органлар мансабдор шахслари шахсан жавобгар ҳисобланади.

Демак, олдинда бир йилдан ортиқ муддат бор. Бу фуқаролар учун қулайлик бўлиб, йиллар давомида ноқонуний фойдаланиб келинган турар жойларни қонунийлаштириш имконини беради. Партиямиз фаоллари, депутатлар манфаатдор ва мутасадди ташкилотлар билан бирга аҳоли ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириши керак бўлади. Турли англашилмовчиликларнинг олдини олишда бу долзарб аҳамиятга эгадир.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.