Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
24.04.2018

ДЎСТУ ҚАРДОШДИР АЗАЛДАН ЎЗБЕГИМ ТОЖИК БИЛАН

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 9-10 март кунлари Тожикистон Республикасига давлат ташрифи давомида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни ривожлантириш юзасидан муҳим келишувларга эришилган эди. Шу асосда дастлабки бизнес-форум Самарқанд шаҳрида ташкил этилди.

Самарқанд шаҳрида Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.

Форумда иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрган Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги делегацияни Самар­қанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари Ургут туманидаги Жартепа ўтказиш пунктида тантанали кутиб олишди. Шу ернинг ўзида самар­қанд­лик санъаткорлар томонидан маданий дастур намойиш этилди.

Сўғд вилояти вакиллари уч кунлик ташриф давомида бизнес-форумда иштирок этиш билан бирга, Самарқанд вилоятидаги йирик саноат корхоналари, фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишишди. Тарихий-маданий обидалар, диққатга сазовор масканларда бўлишди. Бизнес-форум доирасида икки мамлакат санъаткорлари иштирокида концерт ва бошқа бир қанча маданий тадбирлар уюштирилди. Самарқанднинг «Динамо» ва Хўжанднинг «Хўжанд» футбол жа­моалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилди.

Мухбиримиз делегация аъзоларидан бири, Тожикистон Халқ демократик партияси Сўғд вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги вакили Сафароз Юнусов билан суҳбатлашди.

— Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик, қўшничилик алоқаларининг ривожланиб бораётгани, азалий биродарлик алоқаларининг қайта тикланаётгани дунё аҳлининг эътиборини тортмоқда. Бундай эзгу ишлар, узвий алоқаларни янада ривожлантириш борасидаги ҳаракатларга Тожикистонда муносабат қандай?

— Бир дарёдан сув ичиб, қариндошлик ришталари билан боғланган ўзбек ва тожик халқлари ўртасида азалдан яқин қўшничиликка асосланган ҳамкорлик йўлга қўйилган. Аслида икки халқнинг умумий тарихи, маънавий қадриятлари бир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифини мамлакатимиз аҳли катта қизиқиш ва чуқур қониқиш билан қарши олди. Негаки, бу ташриф икки давлат ўртасидаги азалий қўшничилик, биродарлик алоқаларини қайта тиклаш, савдо-иқтисодий, маданий-маърифий муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилади. Бизнес-форум мақсади ҳам ана шундай эзгуликка қаратилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарларининг Душанбе шаҳрида ўтказган учрашувлари, ҳар икки давлат учун муҳим ҳужжатлар имзоланган кун икки қардош халқ учун дўстлик ришталари мустаҳкамланган тарихий сана бўлиб қолди. Бундан буён тожик халқи бу кунни байрам сифатида нишонлайди. Чунки бу кун Тожикистондаги ҳар бир хонадонга шодлик олиб келди. Бу қувонч хал­қимизнинг улуғ ва ёрқин кунларини, яқин қўшнилар билан янада яқинлашиш истаги мавжудлигини ёрқин ифода этмоқда. Энди икки миллат шоирларининг ўзбек ва тожик дўстлиги ҳақидаги шеърларидан, санъат аҳлининг қардошлигимизни тараннум этувчи куй-қўшиқларидан баҳра оламиз.

Шу ўринда Ўзбекистон халқ ­шоири Абдулла Ориповнинг аллақачон халқларимизнинг севимли қўшиғига айланиб улгурган «Дўсту қардошдир азалдан ўзбегим тожик билан...» деб бошланувчи ­машҳур шеърини эсладим. Бу бизнинг тожикларда «Ёру бародар аз азал ўзбеку тожик...» дея куйланади. Икки халқ ижодкорлари томонидан ҳали халқларимизни улуғловчи бундай асарлар кўплаб яратилади.

— Ўзбекистон ХДП фаолиятидан хабардор бўлсангиз керак. Бу икки сиёсий партия ўртасида ўзаро алоқалар йўлга қўйилиши борасидаги фикрларингиз, таклифларингиз билан ўртоқлашсангиз? Тожикистон Халқ демократик партияси нашрлари фаолиятига ҳам тўхталсангиз...

— Бизда ҳам худди Ўзбекистондагидек Халқ демократик партияси фаолият кўрсатади. У 1994 йилда ташкил топган. Унинг аъзоларининг, хайрихоҳларининг сони йил сайин ошиб бораяпти. Айни пайтда Сўғд вилоят Кенгашидаги 70 нафар депутатнинг 58 таси бизнинг партиямиздан сайланган депутатлардир. Шу ўринда мамлакатимиз Президенти Имомали Раҳмоннинг номзоди ҳам Тожикистон Халқ демократик партия­сидан кўрсатилганини алоҳида таъкидлашни истардим.

 ЎзХДП фаолияти билан яқиндан танишман. Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларда, барча сиёсий жараёнларда бу партиянинг фаоллигини яхши биламан. Партиянинг Сайловолди дастурида таъкидланганидек, Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари иқтисодий ва демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратди. Устувор иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий вазифаларни ҳал қилиш жараёнига демократик механизмлардан самарали фойдаланиш орқали таъсир кўрсатиш — бу мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларга партия дахлдорлигининг энг яхши амалий кўринишидан биридир.

Партияларимизнинг ҳам худди давлатларимиз каби мақсадлари, ғоялари бир мақсадга йўналтирилган. Энг асосийси, тинчлик ва фаровонликка хизмат қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш. Бу борада биз, тожикистонликлар яқин қўшнимиз ўзбекистонликлар билан, ғоядошмиз, фикрдошмиз. ЎзХДП билан ҳамкорликка ҳамиша тайёрмиз.

 Ўйлайманки, бугунгидек тадбирларда ажойиб инсонларимиз қалбларидан эзгу ва хайрли фикрлар худди булоқларнинг зилол сувидек отилиб чиқаверади, муҳим ва фойдали таклифлар ўртага ташланади.

Партиямизнинг асосий наш­ри — «Халқ минбари» республика газетаси 62 минг нусхада чоп этилади. Марказий Кенгашимиз, вилоят кенгашлари ҳам ўз интернет сайтига эга. Сўғд вилоят кенгаши нашри бўлган «Халқ сўзи» деб номланган газетамиз ҳафтасига бир мартадан чоп этилади. Бундан ташқари, вилоятимиздаги Хўжанд, Бўстон, Иста Равшан, Зафар­обод, Матчин каби шаҳар ва туманларда ҳам партиямиз нашр­лари фаолияти йўлга қўйилган.

— Сўғд вилояти, унинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётидаги ўрни ҳақида гапириб берсангиз...

— Биласиз, Сўғд вилояти Тожикис­тон Республикасининг шимолий қисмида жойлашган. Вилоятнинг асосий ҳудудини тоғли жойлар ташкил этади. Вилоят аҳолиси 2,5 миллион кишидан иборат. Ви­лоят маркази — Хўжанд шаҳри.

Вилоятда «Сўғд» эркин иқтисодий зонаси мавжуд. Бу ерда сутни қайта ишлаш, металл конструкциялар, сенд­вич панеллар, омухта ем, паррандачилик корхоналари фаолият кўрсатади.

Сўғддаги энг йирик корхона «Зарафшон» қўшма кон-металлургия комбинатидир. Корхона бир суткада 10 минг тонна металл, 11 минг тонна маъданни қайта ишлаш, бир йилда 2,2 тонна соф олтин ишлаб чиқариш қувватига эга. Келгусида мазкур корхона қувватини суткасига 17 минг тонна маъданни қайта ишлаш ва бир йилда 5 тонна соф олтин ишлаб чиқаришга етказиш режалаштирилган.

Вилоятда деҳқончиликнинг асосий йўналишини боғдорчилик ташкил этади. Етиштирилаётган қишлоқ хўжалик экинларининг асосий қисми ички истеъмолга чиқарилади.

Самарқанд ва Сўғд тадбиркорлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган. Ушбу форумдан сўнг унинг жадал ривожланишига асло шубҳа йўқ.

— Самарқанд ҳақидаги фикрларингиз юртимизнинг ҳар бир фуқаросини, ҳусусан, самарқанд­ликларни қизиқтиради. Бу қадим шаҳарда охирги марта қачон бўлгансиз?

— Самарқандда бундан роппа-роса 28 йил аввал бўлганман. Ўша пайтда Хўжанд давлат университети 3-курс талабаси эдим. Бугун эса мустақил Ўзбекистон Самарқанди жамолига қараб тўймаяпман. Янгидан қурилган маъмурий, маиший бинолар, йўллар, кўприклар, хиёбонлар, боғлар ҳавасимни келтирди. Бозорлардаги тўкинлик, шаҳарнинг ҳар бир ҳудудидаги ободончилик, одамлар қалбидаги жўшқинлик эътиборни тортмай қолмади. Қадимий осори-атиқаларга боқиб, уларнинг асрлар билан бўйлашганига ишонгинг келмайди. Ҳаммаси ярқираб, ялтираб, шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб турибди.

Бизнес-форум доирасида ўтказилган маданий тадбирларда қатнашдим, тадбиркорлар, фермерлар билан суҳбатлашдим. Шаҳар марказидаги ста­дионда «Динамо» ва «Хўжанд» жа­моалари ўртасидаги футбол учрашувини томоша қилдим. Кўплаб самар­қандликлар билан мириқиб суҳбат қурдим. Шаҳарда, бутун вилоятда амалга оширилаётган ишлар билан Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши раиси Мажидхон Усмонов яқиндан таништирди.

Ўйлайманки, бу шаҳарда бир бор бўлган киши уни бутун вужуди билан севиб қолади. Мен ҳам энди бу шаҳарга тез-тез келишга ҳаракат қиламан. Бунинг учун имкониятлар етарли. Йўл борасида муаммо йўқ. Чегараларимиз эса худди бир-биримизга доимий муштоқ қалбларимиздек очиқ.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.