24.04.2018

Ўзбекистон — Туркманистон: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 23 апрель куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ўзбек ва туркман халқлари азалдан бир дарёдан сув ичиб, тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келган. Халқларимизни ягона тарих, муштарак маданият ва қадриятлар, ўхшаш тил ва урф-одатлар бирлаштириб туради. Бу яқинлик мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликка асос бўлмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида илк хорижий ташрифи 2017 йил 6-7 март кунлари Туркманистонга бўлган эди. Мазкур тарихий ташриф Ўзбекистон ташқи сиёсатида яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганининг ёрқин далили, давлатимиз раҳбарининг қўшни мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишининг ифодаси сифатида эътироф этилди.

Дўстона учрашув ва музокараларнинг асосий натижаси ўлароқ, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатдан янги босқичга — стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яқин дўстлиги, ўзаро самимий ҳурмати ва ишончи мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Президентларнинг ҳар бир учрашуви икки давлат муносабатлари кўламини янада кенгайтириш имконини бермоқда. Президентимизнинг ўтган йил май ва сентябрь ойларида Туркманистонга амалий ташрифлари чоғида икки давлат раҳбарлари учрашиб, ҳамкорликнинг кенг қамровли йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг бу галги учрашуви ўзаро манфаатли ва фаол мулоқотнинг мантиқий давомидир.

Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказдилар.

Президентимиз Туркманистон Президентини Ўзбекистон заминида самимий қутлаб, ушбу ташриф мамлакатларимиз муносабатлари ривожида муҳим сиёсий воқеа, яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорлигимиз изчил ривожланиб бораётганининг далолати эканини таъкидлади.

— 2017 йил мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожида тарихий йил бўлди. Ўзбекистон Президенти Туркманистонга уч маротаба ташриф билан борди. Бу мамлакатларимизнинг стратегик даражадаги муносабатларига янги суръат бахш этди, эришилган келишувлар амалга оширилишига жиддий туртки берди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 55 фоиз ўсди. Бу, албатта, ўтган йилги келишувларимиз натижасидир. Олий даражадаги бу галги музокаралар ушбу суръатни янада ошириш йўлида жиддий қадам бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Гурбангули Бердимуҳамедов давлатимиз раҳбарига таклиф учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда муттасил тараққий этаётганини мамнуният билан қайд этди.

— Туркманистон ва Ўзбекистон тинчликсевар давлатлар, яхши қўшнилар сифатида танилган. Мамлакатларимиз халқаро майдонда ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Бугунги музокаралар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун яхши имкониятдир. Туркманистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни барча соҳалар бўйича кенгайтиришга тайёр, — деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш мамлакатларимиз ҳамкорлигида алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон ва Туркманистон Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор ривожланишнинг самарали механизмларини яратиш тарафдоридир. Мамлакатларимиз Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича якдил фикрга эга.

Учрашувда терроризм, экстремизм, наркотикларнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳамда халқаро хавфсизликка таҳдид соладиган бошқа хавф-хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 15 март куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашувини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун Гурбангули Бердимуҳамедовга миннатдорлик билдирди.

Мулоқотда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Музокаралар икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирилди. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, нефть-кимё, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникаси, сархил ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, кимё, тайёр текстиль маҳсулотлари, турли соҳадаги хизматлар экспорт қилинади. Туркманистондан юртимизга нефть ва нефть маҳсулотлари, механик ускуналар, пропилен полимерлари, бошқа кимёвий товарлар келтирилади.

Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодиётида ҳали тўла ишга солинмаган кўплаб имкониятлар мавжуд. Улардан фойдаланиб, ўзаро савдо айланмасини жадал ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Икки мамлакат бозорларига харидоргир маҳсулотлар етказиб бериш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. 2020 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларгача етказиш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.

Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолияти бу борада аниқ амалий натижаларга эришишда муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. Мазкур комиссиянинг жорий йил 1 март куни Тошкентда ўтказилган учрашуви савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланишида яна бир қадам бўлди.

Турли даражадаги самарали учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлаб, уни амалий мазмун билан бойитмоқда. Март ойида Ашхободда Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси муваффақиятли ўтказилди. Шу кунларда пойтахтимизда Туркманистон миллий кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда.

Музокараларда бундай кўргазмаларни мунтазам ўтказиш, савдо, ишлаб чиқариш кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Мамлакатларимиз минтақада йирик энергетик лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Йилига 25 миллиард куб метргача газ етказиш қувватига эга Туркманистон — Ўзбекистон — Қозоғистон — Хитой газ қувури лойиҳаси шулар жумласидандир.

Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Амударё устида қурилган Туркманобод — Фараб автомобиль ва темир йўл кўприклари бунинг тасдиғидир. Мазкур кўприклар Президентимизнинг 2017 йил март ойида Туркманистонга давлат ташрифи чоғида тантанали равишда очилган эди.

Ўзбек ва туркман халқларини бир-бирига боғлаб турадиган тарих, маданият ва урф-одатлар халқларимизнинг умумий мулкига айланган. Бу яқинлик маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ривожида мустаҳкам асос бўлмоқда.

Ўзбекистон таълим муассасаларида Туркманистоннинг 720 фуқароси таҳсил олмоқда. Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари икки мамлакатда ташкил этилаётган турли маданий тадбирлар, концертлар, фестиваллар ва танловлар, спорт мусобақаларида фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон спорт делегацияси 2017 йилнинг сентябрь ойида Ашхободда ўтган V Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинларида иштирок этди. Ноябрь ойида Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Ушбу тадбир доирасида мамлакатимиз санъат усталари ва маданият арбоблари иштирокидаги концерт, бадиий асарлар кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистонда туркман миллатига мансуб 192 минг аҳоли истиқомат қилмоқда. Уларнинг тили, маданияти, урф-одатларини ривожлантириш учун барча шарт-шароит яратилган.

Мамлакатимизда туркман тилида дарс бериладиган 44 мактаб фаолият юритмоқда. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида туркман филологияси йўналишида мутахассислар, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида туркман тили ўқитувчилари тайёрланмоқда.

Музокаралар давомида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, бу орқали мамлакатларимизнинг ушбу йўналишдаги рақобатбардошлигини ошириш зарурлиги қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги техникаси, автомобиллар, электр техникаси ускуналарини ҳамкорликда ишлаб чиқариш, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш, чегараолди ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқни ошириш, хизматлар кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича келишувларга эришилди. Ўзбекистоннинг Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон газ қувури қурилиши лойиҳасида иштирок этиши қайд этилди.

Икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар.

Икки томонлама ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, таълим ва спорт соҳаларида янада мустаҳкамлашга ва ўзаро алоқаларни изчил ривожлантиришга доир 17 ҳужжат имзоланди.

Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, 2018-2020 йилларга мўлжалланган транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро дастурлар, Ўзбекистон ва Туркманистонда савдо уйларини ташкил этиш, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасида ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида битимлар, Ўзбекистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2019 йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Икки томонлама ҳамкорликни қишлоқ хўжалиги, ёшлар, хотин-қизлар масалалари, фан-техника, касаба уюшмалари ва бошқа соҳаларда янада мустаҳкамлашга доир ҳужжатлар қабул қилинди. Ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим, икки мамлакат касаба уюшмалари ва хотин-қизлар қўмиталари ўртасида Англашув меморандумлари, ёшлар ташкилотлари ўртасида Англашув меморандуми шулар жумласидандир.

Шунингдек, ташриф доирасида олий ўқув юртлари ўртасида ва ахборот-коммуникация соҳаларига оид 15 ҳужжат имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар музокаралар очиқ, самимий, ишчанлик руҳида ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари манфаатлари йўлидаги серқирра ва дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этдилар.

Куннинг иккинчи ярмида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Шундан сўнг, Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, Буюк Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

2017 йил май ойида ўзбек ва туркман халқлари боқий дўстлиги ҳамда қардошлигининг рамзи сифатида Тошкент шаҳрида Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилган эди.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Махтумқули кўчасига ташриф буюрди. Президентлар машҳур туркман шоири ва мутафаккири ёдгорлиги пойига гул қўйди.

Яхлит ансамблга айланган бу хиёбон Гурбангули Бердимуҳамедовда катта таассурот қолдирди. Туркман халқи, адабиёти ва маданиятига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи шарафига Махтумқули кўчасида “Ашхобод сайлгоҳи” барпо этилди. Икки давлат раҳбарлари ушбу сайлгоҳнинг очилиш маросимида қатнашдилар.

Президентлар боғда яратилган шароитлар билан танишди. Икки давлат раҳбарлари Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларининг рамзи сифатида «Ашхобод сайлгоҳи»га кўчат ўтқазди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.