Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
19.04.2018

НОГИРОНЛИК ТУШУНЧАСИГА МУНОСАБАТИМИЗНИ ЎЗГАРТИРИШИМИЗ КЕРАК

Жорий йилнинг 21 февраль куни Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтиб, ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирга қадар 22 ногиронлар жамоат ташкилоти аъзоликка қабул қилинди. Янги ташкил этилган ассоциациянинг мақсад-вазифалари нималардан иборат? Бу ҳақдаги саволларга жавоб топиш мақсадида ассоциация раиси Ойбек Исоқовга мурожаат қилдик.



Ойбек ИСОҚОВ, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси:

Маълумки, мамлакатимизда анча йиллардан буён Ногиронлар жамияти фаолият юритиб келмоқда. Суҳбат аввалида ассоциация билан жамиятнинг вазифалари ўртасидаги фарқ ҳақида гапириб берсангиз.

Бугунги кунда юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ 78 жамоат ташкилоти фаолият олиб боради. Ушбу ташкилотлар ногиронликнинг турига қараб улар ҳаётининг турли соҳаларини қамраб олган. Ўзбекистон ногиронлар жамияти ўзининг 160 бўлинмалари билан ана шу 78 ташкилотнинг бири ҳисобланади. Жамиятга жисмоний ва юридик шахслар, ассоциацияга эса фақат юридик шахслар аъзо бўлиши мумкин. Шу ўринда Ўзбекистон ногиронлар жамияти Ассоциация бажарган вазифаларни уддалай олмасмиди, деган савол туғилиши табиий. Ногиронликнинг тури кўп. Уларнинг ҳар бири ўзига хос. Бирининг имконияти иккинчисиники билан тенг эмас. Лекин ногиронлар жамоат ташкилотлари хилма-хиллигига қарамасдан, уларнинг умумий муаммолари ҳам мавжуд. Ана шу умумий муам­моларни давлат органларига етказиш ва уларни бартараф этиш таклифларини олиб чиқадиган ташкилот мавжуд бўлмаган. Бошқача айтганда, ногиронлар жамоат ташкилотлари бир-бирининг манфаатларини тўлиқ ифодалай олмайди. Бу эса миллий ва ­халқаро даражадаги ягона стратегияни ишлаб чиқиш имконини бермади. Тасаввур қилинг, бир масала юзасидан давлат идораларига ўнта жамоат ташкилоти мурожаат қилгани маъқулми ёки бирлашиб, умумий таклиф билан чиққаними?.. Биз бир тана аъзоларидек жипслашишимиз лозим эди. Шунда овозимиз баландроқ бўлиб, фикримиз теранлашарди.

Яна бир омил ҳақида тўхталсам, бугунги кунда Хал­қаро ногиронлар жамиятига 164 давлат аъзо бўлган. Юртимиздаги ногиронлар жамоат ташкилотлари мазкур халқаро ташкилот аъзоси бўлишга ҳаққи бор. Аммо бир давлат номидан саксонга яқин ташкилотнинг Халқаро ногиронлар жамиятига аъзо бўлиши нотабиий эмасми?..

Жорий йил якунига қадар ассоциация ногиронларнинг халқ­аро ташкилот аъзолигига киришни режалаштирган.

Ассоциация олдида турган устувор вазифалардан яна бири Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциясини ратификация қилиш масаласидир. Афсуски, тегишли қонунларимиз ушбу Конвенцияда белгиланган халқаро талаблар ва стандартларга тўлақонли жавоб бермайди. Ўйлайманки, ратификация қилиш орқали соҳада қатор ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошлайди. Негаки, Конвенцияда нафақат давлат, балки жамоат ташкилотлари олдидаги вазифалар ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Улар ногиронлиги бўлган шахс­лар манфаатлари билан боғлиқ қонунлар ижросини мониторинг қилиши ва жамоатчилик назоратини олиб бориши лозимлиги қайд этилган. Мониторинг якуни бўйича ҳар тўрт йилда Конвенцияни ратификация қилган давлатлар БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари қўмитасига унинг бажарилиши юзасидан муқобил ҳисобот бериб боради. Давлат ҳисоботи билан бирга, ногиронлар ташкилотларининг ҳисоботи ҳам эшитилади. Ногиронлар ташкилотларининг номидан ушбу ҳисоботларни Ассоциация тайёрлайди. Бу эса жуда катта масъулият.

Умуман, Ассоциация давлатимиз ҳудудидаги барча ногиронлик билан боғлиқ ташкилотлар ­фаолиятини яхшилашга, такомиллаштиришга кўмаклашади.

Ассоциация ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармонида белгиланган вазифалар билан боғлиқ қандай ишларни амалга оширмоқчи?

Аввало, мамлакатимизда истиқомат қилаётган 600 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда мазкур фармоннинг ўрни бениҳоя катта бўлганини таъкидлаш жоиз. Унда белгиланган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ногиронлар жамоат ташкилотларининг иштироки кўзда тутилган. Шу кунга қадар Ногиронлар жамиятидан бошқа ташкилотлар қонунчиликка таклиф беришда турли сабабларга кўра оқсаётган эди. Ассоциация юқоридаги омилларни ўрганиб, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўрмоқда. Жамоат ташкилотлари ходимлари учун ўқув курслари очиш режалаштирилган. Ҳуқуқий саводхонлиги юқори бўлган ходимларга эга ташкилотгина қонунчиликка муносиб ва ўринли таклиф билан чиқа олади. Ассоциация қисқа фурсатда бунга эришади, деб ўйлайман.

Фармоннинг 9 бандида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ягона электрон реестридан фойдаланиш лозимлиги белгилаб қўйилган. Бу орқали бюджет маблағлари мақсадсиз сарф­ланиши ва суи­истеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш мақсад қилинган эди. Ассоциациянинг бу борада ­Давлат статистика қўмитасига берган 17 банддан иборат таклифидан 12 таси қабул қилинганидан хурсанд бўлдик. Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг ногиронлиги бўлган шахсларнинг статистик ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори ҳам эълон қилинди.

Хўш, бизда статистика масаласи қандай эди? Шу вақтгача статистик маълумотда ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий, вилоятлар кесими бўйича сони, жинси ва ёшидаги тафовут акс этарди. Бошқа маълумотлар билан ҳеч кимнинг иши бўлмасди. Уларнинг қанча қисми уйга муҳтож, ижтимоий аҳамиятга молик биноларнинг қанчасида пандуслар ўрнатилган, қонунчиликда белгиланган 3 фоизлик квота бўйича қанча ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойлаштирилган ва қанча махсус иш ўринлари яратилган, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қанчаси олий таълим муассасаларида таҳсил олаётгани ва бошқа маълумотлар тўғрисидаги саволлар очиқ қоларди. Бундай маълумотларга эга бўлмасдан туриб, қонун лойиҳ­аларига таклиф бериш самарасиздир.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш муҳим масала ҳисобланади. Ассоциациянинг бу борадаги режалари ҳақида гапириб берсангиз...

Маълум бир қатламнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб қабул қилинаётган ҳужжатларни тайёрлашда шу қатламнинг бевосита иштирокини таъминлаш — жуда долзарб масала. Бу эса ижтимоий шерикликсиз амалга ошиши даргумон. Ижтимоий шериклик орқали қонунлар, қарорларнинг сифати ошади, деб ўйлайман. Ижтимоий шериклик йўлга қўйилмас экан, самарали натижага эришиш қийин эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ассоциациянинг ташкил топиш мақсадларидан бири ҳам давлат идоралари билан ногиронлар жамоат ташкилотлари ўртасида ижти­моий шерикликни изчил йўлга қўйишдан иборат.

Яқинда Парламент фонди ижтимоий буюртма эълон қилди. Унга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлар давлат идораларидан бири билан ижтимоий лойиҳа ишлаб чиқиб, фондга тақдим этиши лозим эди. Аммо ҳеч ким бу имкониятдан фойдаланмади. Шундан кейин Ассоциация жараённи ўрганишни бошлади. Аъзо ташкилотларимизга лойиҳа тузиш, тақдим этиш масалалари ҳақида ўқув курсларини ташкил этмоқчимиз.

Ўзимиз ўрнак кўрсатиб, Банд­лик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқишга келишиб олдик. Унга кўра, иш билан таъминлашга кўмаклашиш бўйича махсус марказ ташкил этиш режалаштирилган. Бунда касбга тайёргарлик, юридик ва психологик хизматлар ташкил қилиниши ҳам кўзда тутилган.

Ижтимоий шериклик тўғрисида қонун қабул қилинганига уч йил бўлди. Қонунда давлат идоралари қошида ННТлардан иборат маслаҳат кенгашлари тузиш мумкинлиги белгилаб қўйилган эди. Аҳамият беринг, мумкин эди. Аммо Ногиронлар жамияти ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги маслаҳат кенгашидан бошқа бирор кенгаш тузилмади. 2018 йил Давлат дас­турида мана шундай кенгашлар ҳар бир давлат идоралари таркибида фаолият юритиши шартлиги белгиланди. Бу борадаги ишлар назоратига алоҳида эътибор қаратамиз. Ассоциация ногиронлик масалалари билан шуғулланувчи барча вазирлик, қўмиталар ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси қошида маслаҳат кенгаши тузишни ҳам режалаштирган.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ассоциация фаолиятини самарали олиб бориш масалаларида сизни ўйлантираётган муаммолар ёки таклифларингиз борми?..

Ассоциацияни ривожлантириш учун биринчи навбатда барча ногиронлар жамоат ташкилотлари аъзолигига эришиш, вилоятларда бўлимлар очиш лозим. Ногиронлар жамоат ташкилотлари биноларини махсус ахборот технологиялари билан жиҳозлаш ва электрон алоқа тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу ўринда бир оғриқли ҳолатга тўхталиб ўтмоқчиман. Бу ногиронлиги бўлган шахсларга муносабат масаласидир. Кино яратишда, клип суратга олишда, телевидениеда ахборот ёки лав­ҳа тайёрлашда уларни ногиронлиги бўлган инсонлар ҳам кўришини ҳисобга олиш зарур. ОАВда ногиронлик образини нотўғри талқин қилиш ҳолатлари ҳамон учраяпти. Уларнинг образи ёрдамга, меҳр-шафқатга муҳтож, жуда ожиз инсон қиёфасида кўрсатилмоқда. Аслида ногиронлиги бўлган шахслар ўзларини ажратиб кўрсатишларини исташмайди.

Айни вақтдаги долзарб муам­молардан бири ногиронлар жамоат ташкилотларининг аксариятида ўз биноси йўқлигидир. Хусусан, янги ташкил этилган Ассоциациянинг ҳам. Бўшатилаётган коллеж биноларидан биттаси Ассоциация­га бириктирилса, улардан унумли фойдаланиш чораларини кўрган бўлар эдик. Масалан, ана шундай битта бинода 10 га яқин ўз биносига эга бўлмаган ногиронлар ташкилотларини жойлаштириш, турли ўқув курслар, маданий марказ, спорт билан шуғулланиш маркази, махсус автомактаб ташкил этиш мумкин бўларди.

Сўзим охирида ҳеч ким ногиронликдан кафолатли ҳимояланмаганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Шуни унутмасак, ногиронлиги бўлган шахслар манфаати учун қилинаётган ишлар ҳақиқатда самарали ва савобли бўлади, деб ўйлайман.



«Ўзбекистон овози» мухбири

Маҳлиё РУСТАМОВА



DB query error.
Please try later.