Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
19.04.2018

ШИРКАТДАН ШИКОЯТ ҚИЛМАНГ, УНИ БОШҚАРИШДА ЎЗИНГИЗ ИШТИРОК ЭТИНГ

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамкорлигида «Уй-жой, коммунал хўжалиги соҳасидаги муаммо ва ечимлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Уй-жой, коммунал соҳадаги муаммолар ҳеч биримизга бегона эмас, — деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшод Остонов. — Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, вазирлигимизга ширкатлар фаолияти юзасидан бир минг юздан ортиқ шикоят тушган. Имконият даражасида уларни ечишга ҳаракат қиляпмиз. Аммо кўпчилик ҳали ҳам соҳада янги тизимга ўтилгани ва ширкатлар фаолиятида фуқароларнинг ўзлари бевосита иштирок этиши кераклигини чуқурроқ англаб етгани йўқ. Ширкат раислари билан бўлган суҳбатда аҳолининг ҳисобот мажлисларига чиқмаслик ҳолатлари кўп кузатилаётганини эшитамиз. Бу уларнинг ўз мулкларига бефарқ қарашларини англатмайдими?..

Жорий йилга мўлжалланган Давлат дастурида «Хусусий уй-жой ширкатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш лозимлиги белгилаб қўйилган. Шунга асосан қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режаси тасдиқланган. Бу ишга ўндан ортиқ вазирлик вакиллари ва йигирма нафардан ортиқ малакали мутахассислар жалб қилинган.

Март ойидан бошлаб Facebook ижтимоий тармоғидаги «mjkouz» гуруҳида соҳадаги 8 йўналиш асосида саволномалар эълон қилдик. Тўғри, қонун лойиҳаси тайёр бўлгач, халқ муҳокамасига қўйилади. Биз жараёнга қадар қонун ло­йиҳасини мукаммал тайёрлашга интиляпмиз. Шу ўринда гуруҳ фойдаланувчилари томонидан билдирилаётган таклифлар ўринли ва ҳаётийлиги билан ажралиб турганини айтиб ўтмоқчиман. Масалан, кўп қаватли тураржой биноларининг биринчи қаватида тадбиркорлик қилиш мақсадида кўпгина хонадонлар нотураржой сифатида рўйхатдан ўтказилган. Табиийки, улар хизмат турига қараб мослаштирилган. Айримларида таянч деворлар олинган ҳолатлар ҳам кўзга ташланмоқда. Бу зилзила ёки бошқа табиий офат вақтида бино сифатига жиддий таъсир қилиши мумкинлигини англатади. Аҳоли томонидан бундай нотураржой биноларига жарима солиш ва қайта жиҳозлаш амалиётини йўлга қўйиш лозимлиги ҳақидаги таклифлар билдирилмоқда.

Вазирлик қошида уй-жой фондини назорат қилиш мақсадида ­инс­пекция ташкил этилган. Лекин унинг самарали фаолият юритишига амалдаги қонунчиликдаги муаммолар тўсиқ бўлаётганини ҳам рад эта олмаймиз. Инспекция ҳар бир хонадонгача бўлган ҳудуднинг техник ҳолатини назорат қилади. Аммо хонадонларга кириш имконияти йўқлиги, яъни шахсий мулк дахлсизлиги боис, инспекция ўз фаолиятини тўлақонли амалга оширолмаяпти. Шикоят­ хати тушсагина, жойига чиқиб, унинг мазмуни билан танишамиз. Маълумки, авария ҳолатидагина маҳалла ва фуқаролар иштирокида хонадонларга киришга рухсат бор. Қўшнилар орасида коммунал соҳага тегишли низоли ҳолатлар юзага келганда уйни кўздан кечиришга ҳам ваколатимиз йўқ.

Партиямиз Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан меморандум имзолаган, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов. — Бугунги кунда мазкур меморандум ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Хусусий уй-жой ширкатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар берилмоқда.

Шу ўринда бир жиҳатга эътиборингизни қаратсам, ширкатлар кредит олиб, маблағнинг асосий қисмини кўп қаватли тураржойларнинг том қисми ва подъездларни таъмирлашга сарфламоқда. Ички йўлларга бетон қопламалари ётқизиляпти. Баъзи ҳолларда кредит тўғри сарфланмай, аҳоли ишончини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кўзга ташланиб қоляпти. Оқибатда аҳоли зиён кўряпти. Шуни алоҳида айтиш керакки, кредитни қоплаш мақсадида белгиланган тўлов миқдори сезиларли даражада оширилмоқда. Аммо уларнинг орасида эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Қарийб бир ярим ­баробар оширилган тўловни тўлашга қурби етмайдиган оилалар ҳам йўқ эмас. Бундай аҳоли вакиллари учун маълум бир имтиёзлар яратилиши лозим. Шу ўринда амалий таклифлар ишлаб чиқиб, тегишли давлат органларига тақдим этиш муҳим масала ҳисобланади.

Уй-жой ва Шаҳарсозлик кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш даркор. Бу жараёнда уй-жой коммунал соҳасидаги муаммоларни бартараф қилишга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.

Давра суҳбатида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Нигора ­Эшметова сўзга чиқиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчилик орасида кенг тушунтириш, аниқланган муаммолар юзасидан депутатлик назоратини кучайтириш ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.



Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: