19.04.2018

ЎҚИТУВЧИНИНГ МАЖБУРИЙ МЕҲНАТИГА КИМ АЙБДОР?

Ижтимоий соҳа ходимларининг жамоат ишларига мажбурий жалб этилаётгани, бу борада айрим маҳаллий раҳбарлар қонунбузарлик ва кўзбўямачилик ҳолатларига йўл қўяётгани Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жиддий танқид қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раҳбарлигида жорий йил 17 апрель куни ўтказилган ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш ҳамда ушбу ҳолатларга йўл қўйган барча даражадаги ҳокимлар ва раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳам айни шу мавзуга бағишланди. Унда Самарқанд вилоятида ҳам ўқитувчи ва шифокорларни ободонлаштириш, қишлоқ хўжалик ишларига жалб этиш ҳолатлари мавжудлиги таъкидланди.

Каттақўрғон туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Д.Еникеева билан у жамоат ишларига жалб этилган вақтда рўй берган фожиа, Пахтачи туманида ўқитувчиларнинг чигит экиш ишларига, Нуробод туманида эса «Обод қишлоқ» дастури асосидаги ободонлаштириш ишларига сафарбар этилгани тилга олиниб, бундай ҳолатларга чек қўйиш лозимлиги қайд этилди. Мазкур йиғилишда бир қатор ҳокимлар, мутасадди идоралар раҳбарлари билан бирга Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Йўлдошевга ҳам ҳайфсан берилди.

Каттақўрғон туманида рўй берган фожиада вилоят халқ таълими тизимидаги барча раҳбарлар айбдормиз, — дейди Р.Йўлдошев. — Ҳашар, ободонлаштириш ишларида қатнашиш ҳар биримизнинг виждон амримиз билан бўладиган иш. Бунга бировни мажбурлаш нотўғри. Афсуски, эскича қараш туфайли ёки кимгадир яхши кўриниш учунми, Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими ва 42-умумтаълим мактаби раҳбарлари амалдаги қоидаларга зид равишда ўқитувчиларни ободонлаштириш ишларига жалб қилган. Унинг оқибати эса бугун кўпчиликка яхши маълум.

Мазкур ҳолат Халқ таълими вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги, тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўрганилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди. Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими мудири А.Жуманазаров ва 42-умумтаълим мактаби директори Н.Болтаева вазифасидан озод этилди. Бошқа масъул шахсларга ҳам тегишли интизомий чоралар белгиланди.

Пахтачи ва Нуробод туманларида ўқитувчиларнинг қишлоқ хўжалик ва ободонлаштириш ишларига жалб этилгани юзасидан ҳам ушбу туманлар ҳокимлари билан суҳбатлашиб, бундай ҳолатларга бошқа йўл қўймаслик тўғрисида келишиб олинди. Мазкур туманлар халқ таълими бўлимлари мудирлари тегишли тартибда огоҳлантирилди.

Умуман, бугун вилоятимиздаги ўқитувчилар Президентимизнинг Сирдарё вилояти фаоллари билан учрашувда куйиниб айтган гапларини қалбдан ҳис қилиб, асосий эътиборни таълим сифати ва мазмунини оширишга қаратмоқдалар.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг айтишича, Бош вазир раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби брифингида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, келгуси ҳафтада Самарқанд вилоятининг барча туман, шаҳарларида ижтимоий соҳа ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этишнинг олдини олиш, меҳнат муносабатларининг ҳуқуқий асослари юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўқитувчилар учун семинарлар ташкил этилади.



Ғ.ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.