17.04.2018

ФАРЗАНД ТАБАССУМИ — ОИЛА ҚУВОНЧИ

Термиз шаҳридаги Сурхондарё вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида «Фарзанд табассуми — оила қувончи» акцияси доирасида Ўзбекистон — Туркия саломатлик ҳафталиги бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, ­Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TИКА) ҳамкорлигида ташкил этилган ҳафталик доирасида туркиялик пластик жарроҳлар, малакали анестезиолог ва ҳамширалар Термиз шаҳридаги вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида Қашқадарё, Сурхондарё вилоят­ларидан келган юқори лаб ва қаттиқ танглайнинг ҳамда юз соҳасидаги туғма нуқсони ва куйишдан кейинги асоратлари бўлган 650 га яқин болани чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Уларнинг 160 га яқини пластик жарроҳлик амалиёти орқали соғломлаштирилди.

— Ўн ойлик қизимиз Заҳро инфекция билан туғилган экан, — дейди Денов туманидан келган Н.Суярқулова. — Тана ҳарорати ҳеч тушмади. Шифокорлар муолажасидан сўнг игна ўрни қорайиб, қўл ва оёғида чандиқ пайдо бўлиб қолди. Туркиялик шифокорлар тиббий кўрикдан кейин жарроҳлик амалиёти ўтказди. Мана, тўрт кунда қизим яхши бўлиб қолди. Бунинг учун давлатимиздан беҳад миннатдормиз.

Тиббий кўрик ва жарроҳлик амалиётлари туркиялик ҳамда ушбу соҳа бўйича юртимизнинг тажрибали мутахассислари ҳамкорлигида олиб борилди.

— Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик келишувларига мувофиқ, сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш соҳасида ўнта йирик лойиҳа амалга оширилди, — дейди Анқара илмий текшириш клиникаси профессори Угур Кочер. — Шуларнинг тўрттасида тажрибали пластик жарроҳларимиз иштирок этди. Бизга ана шундай имконият яратиб берганлардан миннатдормиз. Ушбу акцияга Туркиядан беш нафар юқори малакали пластик жарроҳ, тўрт нафар малакали анестезиолог ва уч нафар ҳамшира жалб этилди. Ҳафталик давомида келган барча беморлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, улардан жарроҳлик амалиёти ўтказиш лозим, деб топилганларини замонавий тиббиёт кўмагида соғ­ломлаштириш чоралари кўрилди. Биз туғма лаб, дудоқ муаммолари бўлган, қулоқдаги ёки куйиш оқибатида танада юзага келган асоратларни ўз амалиётимиз орқа­ли даволашни мақсад қилиб олган эдик. Шунга мувофиқ, мурожаат этган барча беморларга ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилдик. Тиббий кўрик даврида зарур маслаҳатлар бердик. Беш кун давомида ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашдик. Ўзбекистонда тиббиёт жадал ривожланмоқда. Бироқ мутахассислар тайёрлайдиган таълим муассасаларига янада кўпроқ эътибор қаратилишини истаб қолардим. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизни тажриба алмашиш учун Туркияга таклиф этмоқчиман. Воҳа бой таассурот қолдирди. Самолётда бепоён чўл устидан учиб ўтдик. Термизга қўнгач, шундай чўл ўртасида гўзал табиат манзараларига бой шаҳар барпо этилганини кўриб, ҳайратда қолдик. Ўзбеклар ва турклар бир дарахтнинг икки шохидир. Яшилликка бурканган бу юрт одамларининг кўрсатган меҳмондўстлиги, самимий ҳурмат-эътибори учун миннатдорлик билдирамиз.

Ҳафталик доирасида Қашқадарё вилоятининг турли ҳудудларидан келган бемор болаларга ҳам беғараз ёрдам кўрсатилди.

— Қизим Муслима беш ёшида тўсатдан куйиб қолди, — дейди Китоб туманилик Ф.Қосимова. — Натижада ўнг қўл бармоқлари чандиқ бўлиб, яхши ҳаракатланмаяпти. Уни туркиялик шифокорлар қабулига олиб келган эдик, тиббий кўрикдан ўтказиб, жарроҳлик йўли билан тузатиш имкони борлигини айтишди. Шифохонада ажратилган бўлимга жойлаштиришди. Шу куни замонавий пластик жарроҳлик амалиётини ўтказишди. Бугун жавоб беришди. Уйга қайтаяпмиз. Қизимизнинг соғлиғи тикланаётганидан қувончимиз чексиз.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.