17.04.2018

ДЕҲҚОНОБОДЛИКЛАР ТОШДАН ГУЛ УНДИРАДИ

Бунга шубҳалансангиз, Деҳқонободга боринг, афсонавий ишлар амалга ошаётганини кўрасиз

Мустақиллик мўъжизаларидан бири «Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи» унитар корхонасида ўтган йили мустақиллигимизнинг 26 йиллигига бағишланган байрам тадбирда қатнашган эдим. Яқинда корхонанинг Наврўз тадбирида иштирок этиш учун йўлга отландим. Мақсад — тадбир баҳонасида туманда олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилиш, уларнинг кайфиятини билиш эди...

Корхонага эрта тонгда бориб кўрдимки, ҳаммаёқ чиннидай тоза, озода, йўлаклар чети, дарахтлар оқланган, завод ёнидаги майдоннинг тўрт томонида ўтовлар тикилган, ўртага саҳна ўрнатилган... Байрамни ташкил этишга масъул бўлган юз нафардан кўпроқ киши ҳамма ишларни қайта кўздан кечираётган экан.

Ҳисор тоғ тизмалари этагида жой- лашган Деҳқонобод — Қашқадарё вилоятининг энг катта туманларидан бири ҳисобланади. Ҳудуд жиҳатидан Андижон вилоятига тенг келиб қолади. Бир томони Қамаши, Ғузор, Яккабоғ каби туманлар билан туташиб кетган бўлса, бошқа томони Бойсун, Туркманистон билан чегарадош.

Мустақиллик йилларида машҳур Деҳқонобод қиёфаси ҳам, одамларининг турмуши ҳам мутлақо ўзгарди. Тарихий ишлар амалга оширилди. Бугун янада улкан янгиликлар бўлмоқда. Маш­ҳур Деҳқонобод калий заводи МЧЖга айлантирилибди. Мақсад — корхона фаолиятини эркинлаштириш, маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда уни янгидан тузилган Бош­қарув кенгаши орқали янада ривожлантиришдан иборат. Корхона Бош директори, халқ депутатлари Қаш­қадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Ҳамидулла ­Шерматов шундай деди:

— Эртага Наврўз байрамини мана шу майдонда ўтказамиз, туманнинг 12 маҳалласидан оқсоқоллар, фахрийлар, вилоят раҳбарларини таклиф этганмиз. Ўзбекистон халқ артисти Ўктам Аҳмедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон ва бошқа таниқли санъаткорлар иштирок этади. Қолганини ўзингиз кўрарсиз...

Эрталаб байрамда учрашадиган бўлдик. Мен қир-адирлар бағрида тар­қоқ жойлашган қишлоқларни оралаб, суви зўрға жилдираб оқаётган Катта­ўра дарёсидан ўтиб, туман марказига — ЎзХДП туман кенгашига йўл олдим.

Кенгаш раиси Ашур Норбоев билан ҳали суҳбатимиз қовушмасдан, хонага юзи офтобда бироз қорайган киши кириб келди.

— Халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Тоғаймурод Тожиев, — деб таништирди уни Ашур Норбоев. — «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, доим халқ ташвиши билан юради....

— Э, нимасини айтасиз, — дея дардини дастурхон қилди Тоғай­мурод ака. — Муаммо кўп, уларнинг ечимини топишимиз керак. Фуқаролар йиғини ҳудудида 1,5 мингдан ортиқ хўжалик бор. Ҳар бирининг ўзига яраша ташвиши, орзу-ҳаваси бор. Кўпчилик йўлларнинг таъмирталаблигидан нолийди. Ўтган йили уч километри сифатсиз асфальтланган, у ҳам тўзиб кетди. Ички йўллар 25 километр чиқади.

Иккинчи муаммомиз — сув йўқлигидан аҳоли томорқалари қақраб ётибди. Қайси бирини айтай, 500 оила фарзандига нафақа олиш учун ариза берган, 250 таси ижтимоий кўмакка муҳтож ҳисобланади. Нафақа пули шулардан 50 тасига ажратилган. Баҳс-мунозаралар бўлиб туради. Баъзан ўйлаб қоламан, нафақа тўловини маҳалла зиммасидан олиб, бош­қа тизимга ўтказилса, қандай бўларкин?...

Мухбир экансиз, яна бир гапни айтай. Туманнинг 37 маҳалла фуқаролар йиғинида 137 мингдан кўпроқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг тирикчилиги ҳудуддан оқиб ўтадиган Каттаўра ва Кичикўра дарёлари билан боғлиқ. Дарё бўйида жойлашган Бошчорбоғ, Белибойли, Тўдачорбоғ, Оққишлоқ, Катта қишлоқ, Обиравон, Бозортепа, Шўргузар ва бошқа қишлоқларда дарё сувидан томорқа хўжалигида ва чорва моллари учун фойдаланилади.

Бироқ ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган ва қарийб 20 миллион куб метр сув ҳажмига эга бўлган Деҳ­қонобод сув омборидан йиллар мобайнида Қорашина, Деҳқонобод, Аэродром, Бибиқорасоч, Бешбулоқ, Навобод ва Гумбулоқ қишлоқларида яшовчи минглаб хонадонлар фойдаланиб келарди. Йиллар ўтиши билан сув омбори сел сувлари оқизиб келган чиқинди ва лойқа билан тўлиб, бор-йўғи 3-3,5 миллион куб метр сув тўпланадиган бўлиб қолди. Ундан оқиб келадиган дарё суви баҳор тугамасдан деярли қуриб, яхши ниятлар билан экилган кўчатлар, экинлар увол бўляпти..

Тўғрисини айтганда, Тоғаймурод Тожиев ошириб-тошириб гапираётгани йўқ, аччиқ ҳақиқатни айтаяпти. Жорий йилнинг январь ойида ­Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятида бўлганида ­муаммолар ҳақида гапириб, аҳолини қийнаётган сув масаласига ҳам алоҳида тўхталди: «Деҳқонобод тумани 2 фоиз ичимлик суви билан таъминланган. Шу одамларнинг бағрикенглигига, сабрига қойил қоламан», — деди ва тегишли тизим раҳбарларига бир ой муддатда ­Чироқчи, Миришкор ва Деҳқонобод туманларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар ва Ҳукумат қарорлари ло­йиҳаларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш юзасидан тегишли топшириқлар берди. Бундан деҳқонободликларнинг кўнгли тоғдек кўтарилди, боши осмонга етди...

— Ўтган йили қайта қурилиши бошланган «Деҳқонобод» сув омборини 2019 йилда ишга тушириш режалаштирилган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев маҳаллий шароитни ҳисобга олган ҳолда бу иншоот қурилишини 2018 йил охирига қадар якунлаш бўйича қатъий топшириқ берди. 2020 йилгача яна «Арабдашт» ва «Торқопчуғай» сел сув омборлари қурилиши кўзда тутилган, — дейди туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Зоир ­Алиқулов. — Бундай имконият бир неча ўн, ҳатто юз йиллаб бир томчи сувга зор бўлиб, осмонга қараб келган халқни уйғотди, сафарбарликка даъват қилди.

Туман аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун узунлиги 77 километр бўлган, ҳудуддаги 69 аҳоли пунктини қамраб оладиган «Оқсув — Деҳқонобод» сув қувури қурилишига 100 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу иншоот қуриб битказилгач, бош­қа сув манбалари билан қўшиб ҳисоблаганда, туманнинг 98 фоиз аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, дастурхон тўкин-сочинлиги ва мўл-кўлчиликка замин яратилади.

— Айни пайтда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, улар вилоят ва республика комиссия­ларига тақдим этилди, — дейди туман ҳокими ўринбосари Бойбўри Ҳасанов. — Бешбулоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Одамтош тепалигидан илгари шиша тайёрлашда хомашё сифатида ишлатиладиган доломит ва тоғ жинсларидан блоклар олинарди. Ҳозир шу соҳа билан шуғулланадиган 10-15 та кичик бизнес ва саноат субъектлари ташкил этаяпмиз. Хорижлик ва маҳаллий инвесторлар жалб этилиб, улар кўмагида эски консерва заводи ўрнида деҳқончилик маҳсулотларини баҳоргача бирдай сақлайдиган иншоот, бундан ташқари, электр лампочкаси ишлаб чиқариш заводини қуриш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Даромадли озиқ-овқат экинларини турлари бўйича жойлаштириш, уруғлик ва кўчат етиштириш ҳамда енгил конструкцияли кичик иссиқхоналар ташкил этишга катта эътибор қаратилаяпти.

«Бегбиоимпекс» хусусий корхонаси тиббиётда қўлланиладиган коврак етиштиришни ривожлантириш ва экс­портини йўлга қўйиш мақсадида жорий йилда 300 гектар майдонга ана шу ўсимликдан экди, шу соҳа билан шуғулланадиган 174 фермер хўжалиги ташкил этилди. Катта Ўрадарё ўзанидаги 50 гектар ерга фермер, деҳ­қон хўжаликлари, томорқа ер эгалари томонидан аччиқ қалампир экилди.

Туманнинг Туркманистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларидаги ўрмон хўжалиги тасарруфидаги ер майдонларида коврак уруғи ва елими (смоласи)ни териб олишни таъминлаш ва жорий йилда 4 минг гектар лалми ер майдонларига коврак экиш ва чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш учун умумий қиймати 40 миллиард сўмлик лойиҳани амалга ошириш учун республика «Асака­банк»и томонидан 20 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилди.

Қорамол, қўй ва эчки сонини камида икки баробарга кўпайтириш, ­Тожикистон Республикасидан 5 минг бош ҳисор зотли қўй олиб келиш, қиймати 5,8 миллиард сўм бўлган жунни қайта ишлаш корхонасини ишга тушириш, йирик паррандачилик корхоналарини ташкил этиш, тери хом­ашёсини сақлаш ва тайёрлаш тизимини яратиш кўзда тутилаяпти.

2018-2019 йилларда туманда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича қиймати 250 миллион сўмлик 10 лойиҳа амалга оширилади, фаол тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида қишлоқ жойларда умумий овқатланиш корхоналари учун солиқ ставкасини икки баробарга, олис ва тоғли ҳудудларда 70 фоизгача камайтириш, янгидан ташкил этиладиган саноат корхоналарини 5 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод қилиш, савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини икки баробарга камайтириш назарда тутилган.

Аҳолини электр, газ билан таъминлаш мақсадида тумандаги паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш Дастурига асосан 30 километр узунликдаги электр тармоқларини ва 7 дона трансформатор пунктларини янгилаш ва модернизация қилиш, 65 километр узунликдаги электр тармоқлари ва 41 дона трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш, маиший газ балонларини синовдан ўтказиш маркази қуриш, аҳоли хонадонларини 9100 дона маиший газ балонлари билан таъминлаш, махсус автотранспорт ­воситаларини харид қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Узунлиги 223 километрни ташкил этадиган, йўлнинг асосий қисми Бойсун туманини Ғузор тумани билан боғлаб турадиган Ҳисор тоғ тизмаси устидан, денгиз сатҳидан 1800 метр баландликда ўтадиган «Тошгузар-Бойсун — Қумқўрғон» темир йўлининг ишга туширилиши, ноёблиги жиҳатидан Марказий Осиёда ягона ҳисобланган калийли ўғитлар заводи барпо этилиши Деҳқонобод туманида тоғ-кон қазилма бойликларини қайта ишлашни ривожлантириш, минглаб янги иш ўринлари очиш имконини берди.

Бугун Қашқадарё вилоятининг чекка тумани — Деҳқонободда амалга оширилаётган ишлар одамларга нафақат қувонч улашмоқда, уларга ғайрат-шижоат бағишламоқда, руҳини кўтармоқда.

Хизмат сафаримнинг иккинчи куни корхона томонидан ташкил этилган байрам тадбирларида иштирок этиб, яна қатор ташаббус ва янгиликлар гувоҳи бўлдим, одамларнинг ҳаётдан мамнун сўзларини эшитдим. Деҳқон­обод калий заводи томонидан ўтказиладиган ҳар бир тадбир аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотган ва ногиронларга кўмак бериш мақсадларига қаратилади.

Заводнинг логистика ва умумий масалалар бўйича директор ўринбосари Баҳодир Жонқўзиев, маъмурий-хўжалик бўлими мудири ­Жуманазар Жўраев ҳам ишчи-ходимларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам, янги очиладиган иш ўринлари тўғрисида фахрланиб ҳикоя қилишди.

Корхонада иш икки сменада ташкил этилган бўлиб, улар учун масъулия­ти чекланган жамият мақомидаги ошхона хизмат қилади. Унинг раҳбари ­Раҳим Тошмуродов 17 нафар ошпаз ва хизматчилари билан ҳар сменада 350-370 кишини овқат билан таъминлайди.

— Бугун байрам муносабати билан тумандан келган меҳмонларга ош бераяпмиз, — дейди Раҳим ­Тошмуродов. — Корхона маъмурия­ти, автохўжалик ва бир қатор цех ишчилари томонидан етти қозонда ош дамланиб, «Энг мазали ош» танлови ўтказилаяпти. Ғолибларга мукофот берилади...

Ошпазларнинг аксарияти корхона ишчиси, баъзилари тумандан, Яккабоғ, ҳатто Қаршидан таклиф қилинибди.

— Биз четдан ошпаз таклиф қилмадик, — дейди завод автобазаси раҳбари Худойберди Тўхтаев. — Ҳайдовчиларимиз ҳар икки сменада заводга қимматбаҳо тоғ-кон хомашёсини белгиланган графикда, ўз муддатида етказиб келаяпти, узилишлар бўлгани йўқ. Шунинг учун корхонада пешқадамликни қўлдан бермаяпмиз. Энди, бир йигитга қирқ ҳунар оз, дегандай, ўзимизда ошпаз турганда, четдан чақиришга ҳожат йўқ. Мажид ­Холиёров ҳар қанақа таомни сайратиб юборади, таъми оғзингизда қолади. Ишонмасангиз келинг, ошдан татиб кўринг.

Тошкентдан келган меҳмонлардан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, корхонанинг маъмурият ва механика цехи ошпазлари биринчи, шахта ва автожамланма вакиллари иккинчи, қолган учта цех учинчи ўринга муносиб кўрилди.

Байрам тадбирида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила ­Каромова ҳам иштирок этаётган экан.

— Менинг асосий сайловчиларим Деҳқонобод туманининг бир қисми ва ғузорликлар, — деди у. — Бир ҳафта мобайнида Муборак туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласини ўргандик. Ўтган куни Тошкентга қайтгандим. Деҳқонобод калий заводида тадбир ўтказилишини эшитиб, қайтиб келдим. Корхона маъмурияти томонидан тумандаги кам таъминланган оилаларга кўрсатилаётган моддий ёрдамлар, хайрли ишларни кўриб, тўғриси, кўнглим жуда жойига тушди.

— Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев томонидан Деҳқонобод туманига алоҳида эътибор берилаяпти, — деди Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев. — Бунинг сабаби битта — давлатимиз раҳбари айтганидай, бу ерда мард, танти, сабрли ва бағрикенг одамлар яшайди. Улар ютуқ ва камчиликларни одамнинг юзига айтишдан тортинмайди, тошдан гул ундирадиган бардошли, ўз гўшасини ҳеч қачон ташлаб кетмайдиган халқ...

Бу ҳудуд ўрни миллион йиллар илгари катта уммон бўлган экан. Ерости қазилма бойликлари энди-энди ўрганилаяпти, нефть, газ конлари топилаяпти. Калий заводи йилига 300 минг тонна атрофида қимматбаҳо ўғит ишлаб чиқариб, асосий қисмини хориж давлатларига экспорт қилинаяпти, ўтган йили белгиланган режани 115 фоиз қилиб бажарди. Корхонада 2 минг нафарга яқин ишчи меҳнат қилая­пти. Ҳозир бу ерга хом­ашёни канат йўли билан олиб келиш чоралари кўрилаяпти. Шунда маҳсулот таннархи бирмунча арзонлашади.

Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан икки йил олдин 3,5 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилган эди, шунинг 99 фоизи ўзлаштирилди. 5 триллион сўмлик инвестиция ҳисобидан янги завод ва фабрикалар қурилади, ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилади...

Шундан кейин суннат тўйи ўтказилаётган ўн икки нафар болага бош-оёқ сарпо, тўн кийгизилиб, уларга велосипед совға қилинди, ҳар бирига 500 минг сўмдан маблағ қўйилган жам­ғарма дафтарчаси берилди, икки нафар ногиронга махсус аравачалар топширилди. Корхонада ишлаётган, шу ерда бир-бирига кўнгил қўйиб, ҳаёт йўлини биргаликда ўтказишга қарор қилган беш жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи ўтказилди, уларга туман ФҲДЁ бўлими мудираси Камола Шарипова тантанали равишда никоҳ дафтарчаларини топширди. Ўзбекис­тон халқ бахшиси Қаҳҳор Раҳмонов деҳқонободликларни улуғлаб қўшиқлар куйлади.

Тадбир давомида меҳмонлар завод ишчилари фарзандлари учун янгидан бунёд этилган, икки сменада қирқ нафар кичкинтойни ўз бағрига оладиган, болаларга рус, инглиз тили ўргатиладиган инновацион боғча, сунъий яшил қоплама билан ихчам қилиб қурилган футбол майдончаси, корхона ишчиларини махсус кийим билан таъминлайдиган, 12 иш ўрнига мўл­жалланган тикув цехи очилишида иштирок этди. Корхона оилавий ётоқхонасидан беш жуфт келин-куёвга ажратилган хоналар калитини топшириш ваколати «Нуроний» жам­ғармаси Қашқадарё вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси ­Январ ­Иноятовга берилди.

Касаба уюшмалари Федера­ция­си вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эсон Ражабов кириш йўлагига тортилган анъанавий лентани қирқ­қанидан кейин меҳмонлар замонавий мебеллар дид билан жиҳозланган оилавий ётоқхонани, бу ерда ташкил этилган, беш мингта китоб фондига эга бўлган кутубхонани кўздан кечирдилар. ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов корхона раҳбари Ҳамидулла Шерматовга қилинаётган хайр­ли ишларига муваффақият тилаб, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов номидан партиянинг Фахрий ёрлиғини топширди...

...Корхона меҳмонхонасига борган куним таниқли ёзувчи Абдурашид ­Нурмуродовни учратдим. У Деҳқон­обод калий заводи фаолияти тўғрисида ёзган бадиий публицистик китобининг намуна нусхасини олиб келган экан. Китоб «Нур ёғилган юрт одамлари» деб номланибди. Хизмат сафаридан қайтаётиб ўйладим: нур ёғилган юрт одамларининг юз-кўзларидан ҳам нур ёғилмоқда, улар табиатнинг оғир синовларига бардош бериб, тоғу тошлар қўйнида мўъжиза яратмоқда, тошдан гул ундирмоқда...

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.