14.04.2018

ХАЛҚАРО АМАЛИЁТ ВА ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ

Касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида 24-26 апрель кунлари «Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.

Конференцияда 30 дан ортиқ мамлакатдан нуфузли хорижий экспертлар ва олимлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, парламент аъзолари, мамлакатимиздаги суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, маҳаллий ва хорижий журналистлар иштирок этиши кутилмоқда, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев.Анжуманни ўтказиш ғояси Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро иш берувчилар ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ҳамда мазкур конфедерациянинг Умумевропа ҳудудий кенгаши томонидан қўллаб-қувватланди. Конфренция Ҳаракатлар стратегияси асосида сўнгги бир ярим йил ичида фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар ва уларнинг натижаси, мамлакатимизнинг янги иқтисодий ва сиёсий қиёфасини дунё ҳамжамиятига намоён этиш, хорижий экспертларни бу борада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш ҳамда мазкур йўналишдаги хориж тажрибасини ўрганиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Ялпи мажлисдан бир кун аввал барча хорижий иштирокчиларнинг Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятига саёҳати режалаштирилган, — дейди Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Маҳмуджон ИсаевУлар мазкур ҳудудларга ташрифи давомида мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсат ва ислоҳотларнинг натижаларини оддий одамлар ҳаётида ўз кўзлари билан кўриш имконига эга бўлади. Хусусан, хорижий иштирокчилар соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти, ижтимоий инфратузилма объектлари, аҳолининг кам таъминланган тоифалари учун қурилаётган арзон уй-жойлар мажмуалари, меҳнат жамоалари ва аҳоли хонадонларида бўлади. Ушбу ижтимоий объектларда улар фуқаролар учун яратилган қулайлик ва имтиёзлар, меҳнат шароитлари, давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг самарали ижтимоий шериклиги натижасида ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида эришилаётган ижобий натижалар билан танишади.

Халқаро конференция бевосита ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал этиш билан шуғулланувчи анжуман иштирокчиларининг таклифлари, фикрлари ва тажрибаларини конструктив муҳокама қилиш учун майдон вазифасини ўтайди. Анжуманнинг айнан шу форматда ўтиши Ўзбекистоннинг дунёга очиқлигини, мазкур йўналишда илғор халқаро ва хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканлигини намойиш этади.

Халқаро анжуманнинг биринчи ялпи мажлиси 25 апрель куни «International Hotel Tashkent» ҳамда «Xalqaro Hamkorlik Markazi»да бўлиб ўтади. Секция йиғилишларида аҳолининг реал даромадлари ва бандлиги даражасини ошириш орқали ижтимоий ҳимояни кучайтириш, фуқаролар ва улар саломатлигини ижтимоий ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш, арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантиришнинг мақсадли дастурларини амалга ошириш, фан ва таълим соҳасини ривожлантириш истиқболлари, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш йўналишлари қамраб олинади.

26 апрель куни ялпи мажлисда секциялар модераторларининг тақдимотлари эшитилади ҳамда халқаро конференциянинг якуни бўйича тавсиялар қабул қилинади.



Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.