14.04.2018

ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР МАМЛАКАТ РАВНАҚИ ВА АҲОЛИ ФАРОВОНЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 13 апрель куни Сирдарё вилоятида бўлди.

Мустақиллик йилларида вилоят ҳар томонлама ривожланди, шаҳар ва қишлоқлар обод бўлиб, аҳоли фаро­вонлиги ошди. Ҳудудда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар сама­ра­сида қурилиш, қишлоқ хўжа­лиги тармоқларида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда салмоқ­ли натижаларга эришилмоқда.

Президентимиз ўтган йил 17 май куни вилоятга ташриф буюриб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни билан танишган эди. Ўтган вақт мобайнида вилоятда улкан ишлар амалга оширилди. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури доирасида 2017 йил якунига кўра, умумий қиймати 507 миллиард 200 миллион сўм инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобидан 1 минг 108 лойиҳа доирасида янги қувватлар ишга туширилиб, 6 минг 200 иш ўрни яратилди.

Давлатимиз раҳбари бу галги ташрифи давомида вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши, берилган топшириқлар ижроси билан танишди.

Шавкат Мирзиёев дастлаб Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани­даги «Бек кластер» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона томонидан ташкил этилган замонавий гидропоник иссиқхонада бўлди, ишчилар билан мулоқот қилди.

Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ўтган йилги ташрифи чоғида «Бек кластер» корхонасини ташкил этиш лойиҳаси тақдим этил­ган эди. Ушбу лойиҳа маъқул­ланиб, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори қабул қилинди. Қисқа вақтда корхона ташкил этилиб, унга ви­лоятдан 18 минг гектар ер ажра­тилди. Ушбу ерларда пахта, ғалла ва бошқа донли экинлар парвариш­ланмоқда. Замонавий техникалар харид қилин­ган.

Мазкур кўп тармоқли кластер томонидан Мирзаобод туманида 100 гектар майдонда Жанубий Корея технологияси асосида замонавий гидропоник иссиқхона барпо қи­линаётир. Бу ерда йилига 50 миллион долларлик маҳсулот етиштириш ва уни 100 фоиз экспортга йўналтириш мўлжалланмоқда.

Айни пайтда «Бек кластер» қўшма корхонаси қошида ўсимлик маҳ­сулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва текшириш илмий-амалий маркази фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу ерда тупроқ таҳлили, ўсимликлар биотехнологияси ва ҳимояси, селекция ва пахта уруғчилиги, полиз ва сабзавот уруғ­чилиги, ўсимликлар генетикаси лабораториялари очилади. Асосий мақсад қишлоқ хўжалиги маҳ­сулотлари ишлаб чиқаришни кўпай­тириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Ушбу лойиҳа­лар амалга оширилиши натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Давлатимиз раҳбари иссиқхона конструкциялари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, мева-сабзавот­чилик бўйича мутахассислар тайёр­лаш, кластер қошида ташкил этила­диган илмий-амалий марказ фаолия­тини такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Қишлоқ хўжалигига илмий ёндашмай қўйганимиз сабабли, айрим экинлардан кутилган ҳосил ололмаяпмиз, — деди Шавкат Мирзиёев. — Шу жиҳатдан «Бек кластер» корхонаси қошида иш бошлайдиган илмий-амалий марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаймиз. Бундай марказларни бошқа клас­терларда ҳам ташкил этиш керак. Биз нафақат сифатли маҳсулот етиш­тириш, унинг харидорини топишни ҳам ўйлашимиз лозим. Бугунги замон шиддати шуни талаб қилади.

Президентимиз қишлоқ хўжалиги техникаларини ҳам кўздан кечирди. «Social web solution» корхонаси мутахассислари томонидан яратилган АКТ дастурига алоҳида эътибор қаратди. Бу дастур электрон савдони кенгайтириш, интернет орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида аҳолига кўплаб қулайликлар яратади. Дастур ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш, ундан фойдала­нишни кенгайтириш зарурлиги таъкид­ланди.

Шу ерда вилоятда балиқчилик, чорвачилик, ипакчилик ва кўнчиликни ривожлантириш, 2018-2019 йилларга мўлжалланган ирригация ва мелиора­ция давлат дастури, шоли етишти­риш, лалми ва томорқа ерлардан самарали фойдаланиш, ирригация-мелиорация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар ва хорижлик инвесторлар билан мулоқот қилди, лойиҳалар самара­дор­лигини ошириш бўйича мутасад­диларга топшириқлар берди.

Шундан сўнг М-34 «Тошкент — Душанбе» автомобиль йўлининг 117-146 километрларидаги Тошкент кўчасида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди. Ушбу йўлнинг икки кило­метрида намуна сифатида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Махсус пиёдалар йўлак­часи, велосипедда ҳаракатланиш учун алоҳида йўлак ташкил этилган ҳамда замонавий энергия тежамкор тунги ёритгичлар ўрнатилиб, кўча бўйлаб манзарали дарахт кўчатлари экилган.

Тошкент кўчаси бўйлаб вокзал, автобус бекатлари, масжид, сайёҳлик маркази, маданият ва маиший хизмат кўрсатиш маркази, бозор, диагнос­тика маркази каби ижтимоий соҳа объектлари барпо этилади. Мазкур кўча 2018-2019 йилларда қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Йўл бўйидаги инфратузилма объектлари қурилишига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Уларнинг бир-бирига ҳамоҳанг бўлиши, умумий концепция касб этиши мақсадга мувофиқ, — деди Президент. — Йўл қурилишида шошма-шошарлик қилиш керак эмас. Бу борада сифат асосий кўрсаткич бўлмоғи лозим. Йўл бўйидаги темир тўсиқлар йўловчи­ларга асло халақит бермаслиги керак.

Лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач, пиёдалар ва ҳайдовчиларга қулай шарт-шароитлар яратилади, шунинг­дек, келгусида замонавий талабларга асосан Тошкент кўчаси мисолида вилоятнинг барча кўчалари қайта таъмирланади.

Президентимиз Гулистон шаҳри­даги сув спорти турларига ихтисос­лаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида қурилган ёпиқ сузиш ҳавзасини бориб кўрди.

Спорт масканидаги 25х11 ҳамда 6х12,5 ўлчамдаги сузиш ҳавзалари, баландликдан сувга сакраш спорт тури учун алоҳида зал қурилган бўлиб, ҳовузнинг ҳажми 12х10 метр ва ёш спортчилар сувга сакраши учун уларга мослаб 1,3 ва 5 метр баландликда трамплинлар ўрнатил­ган. Томошабинлар учун 250 ўриндиқ мавжуд. Кунига 250 кишини қабул қилиш қувватига эга мажмуа барча жиҳозлар билан таъминланган, тиббиёт хоналари, тренажёр, ошхона ва бошқа хоналарда спортчилар мунтазам шуғулланиши мумкин. Бундан ташқари, сувни тозалаш, иситиш ускуналари ҳам ўрнатилган. Айни пайтда бу ерда сузиш бўйича ташкил этилган 15 ўқув-машғулот гуруҳига 176 ёш жалб қилинган.

Ёпиқ сузиш ҳавзасининг ҳаво айланиш тизимини яхшилаш, шуғул­ланув­чилар учун янада қулай шароит яратиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари Гулистон шаҳрида ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Билимдонлар масканида бўлди.

Шаҳарнинг Ислом Каримов кўча­си­даги мавжуд хиёбон қайта ре­конст­рук­ция қилиниб, ушбу янги маскан иш бошлади. Барча шароит­лар яратилган мажмуада 1 та китоб дўкони, 1 та гул дўкони ҳамда китобхонлар учун махсус айвонлар бар­по этилган.

Президентимиз мазкур айвонда вилоят ижодкор зиёлилари, ижти­моий соҳа, ёшлар вакиллари билан учрашди. Унда мамлакатимиз ва халқаро аҳамиятга молик масалалар хусусида сўз юритилди.

Оддий одамларнинг розилигига эришиш учун ҳали жуда кўп ишлар қилишимиз керак, — деди Шавкат Мирзиёев. — Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам янги корхо­налар қуришимиз зарур. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини оширишда муҳим асос бўлади.

Учрашувда сўзга чиққанлар мам­лакатимизда ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг билим ва малакасини ошириш йўлида қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Билимдонлар маскани вилоят ёшларини ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, жисмонан ва маънан баркамол улғайтиришга хизмат қила­ди.

Давлатимиз раҳбари Сирдарё туманидаги «Сирдарё мега люкс» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон — Россия қўшма корхонасида қадоқлаш маҳсу­лотлари ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

Президентимиз корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Таклиф этилаётган лойиҳа­лар, истиқболдаги режалар билан қизиқди.

2012 йили ташкил этилган қўшма корхонада полипропилен грануласи­дан кимё, қурилиш, тўқимачлик, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат, фарма­цевтика, қишлоқ хўжалик маҳсулот­ларини қайта ишлаш саноати, хомашё ва материаллар экспорти билан шуғулланувчи савдо компания­лари учун турли ўлчамдаги қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Дастлаб 75 ишчи билан фаолият бошлаган ва атиги бир турдаги қоплар ишлаб чиқарилган корхонада айни пайтда маҳсулот тури 17 тага, ишчи-хизматчилар сони 650 кишига етди. Маҳсулотларнинг 35-40 фоизи Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Болтиқбўйи давлатларига экспорт қилинмоқда.

Корхонада 2018-2023 йилларда қиймати 100 миллион АҚШ доллари бўлган еттита истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Полипропилендан қадоқлаш маҳсу­лот­лари, экспорт билан шуғулланувчи компаниялар учун юмшоқ контей­нерлар, қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун плёнкалар, четдан импорт қилинаётган ёрдамчи хом ашё ва материаллар ишлаб чиқариш каби лойиҳалар шулар жумласидандир. Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 2 минг 500 киши иш билан таъмин­ланади. Қувватлар тўлиқ иш бош­лагач, йилига 125 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, 80 миллион долларлик импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқа­рилади. Мазкур маҳсулотларга ҳозирнинг ўзида МДҲ, Европа Иттифоқи, Лотин Америкаси мамла­кат­ларидан таклифлар тушмоқда.

Давлатимиз раҳбарига ушбу лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилишича, ишга туширила­диган янги тармоқларга Россия, АҚШ, Германия, Италия, Австрия каби давлатлардаги етакчи компа­нияларнинг замонавий технологик ускуналари ўрнатилади. Ушбу қувват­лар корхона ёнида барпо этилаётган технопаркда жойлаштирилади.

Президентимиз янги маҳсулотлар­нинг харидоргирлиги, экспорт географияси билан қизиқди. Ишлаб чиқаришга инновацион технология­ларни кенг жорий этиш орқали ташқи бозорда Ўзбекистон маҳсулотлари­нинг мавқеини ошириш бўйича зарур кўрсатма ва тавсиялар берди.

«Сирдарё мега люкс» қўшма корхонаси ҳудудида вилоятда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва саноатни ривожлан­тириш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Вилоятнинг географик жойлашуви ҳудуднинг саноат, логистика имко­ният­ларини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, чет эллик ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашда катта қулайлик яратади. Вилоятда хорижий компа­ниялар иштирокида 90 корхона фаолият юритмоқда. Улар томонидан замонавий логистика марказлари ташкил этиш, Led лампочкалари, лифт ва эскалаторлар, қурилиш учун металл конструкциялар ишлаб чиқариш, чарм, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш, фармацевтика соҳаларида қатор лойиҳалар амалга оширил­моқда.

2018-2019 йилларда вилоятга жалб қилинадиган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар самарасида кимё, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, енгил саноат ва бошқа тармоқларда қатор истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади. Ушбу йўналишдаги 203 лойиҳа амалга оширилиши натижа­сида 14,6 минг иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари «Идеал аср» корхонасининг босим остида ишлай­диган ускуна ва махсус техника­ларини кўздан кечирди. Мазкур сиғимлар суюлтирилган газни сақлаш ва ташишга мўлжалланган бўлиб, чекка ҳудудлар аҳолисини табиий газ билан таъминлашда катта қулайлик яратади.

Президентимиз мазкур сиғимлар­ни кўп қаватли уйлар, савдо марказ­лари қуриш лойиҳаларига киритиш зарурлигини, бу катта иқтисодий тежамкорлик келтиришини таъкид­лади.

Гулистон шаҳрида жойлашган «Modern lift systems» МЧЖда энг замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар билан жиҳоз­ланган лифт ва эскалатор ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа, аввало, вилоятларда қури­лаётган кўп қаватли уйларни лифт билан таъминлаш имконини беради. Йилига 500 дона лифт ва 300 дона эскалатор ишлаб чиқариш қувватига эга корхона маҳсулотларининг бир қисми ички бозор талабларини қондирса, 35 фоизи экспортга йўналтирилади.

«Янгиер» кичик саноат зонаси ҳудудида «Баҳромжон Нур савдо» хусусий корхонаси 2010 йили ташкил этилган. Асосан лок-бўёқ ва қуруқ сувоқ материаллари ишлаб чиқариш­га ихтисослашган корхонада янги маҳсулот турларини ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилдан корхонада 30 турдаги кроссовкалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бугунги кунда корхонада 163 ишчи меҳнат қилмоқда.

Шу пайтгача кроссовкалар асосан четдан келтириларди. «Баҳромжон Нур савдо» хусусий корхонасининг маҳсулотлари импорт ўрнини қоплаш ва экспорт қилиш имконини беради.

Мен иккита ишчи ўрни яратган тадбиркорни елкамда кўтаришга тайёрман, деган эдим. Мана шундай корхоналарни ташкил этиб, 100-200 ишчи ўрни яратаётган юртдош­ларимиз мамлакатимизга катта фойда келтиради, ички бозоримизни эгаллайди. Ушбу лойиҳани кенгай­тириш, маҳсулотга кетаётган мате­риал­ларни тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқаришга эришиш керак. Бунинг учун тадбиркорга кўмак бериш, зарур маблағ билан таъминлаш лозим, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз «Crocus Uz compozite» корхонасида маҳаллий хом ашё, яъни шиша пахта, кварц қуми ва эфир мойидан ишлаб чиқарилаётган лоток ва қувурларнинг афзаллигига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу маҳсулотлар бетонга қараганда анча чидамли, камхарж ва узоқ муддат фойдаланиш мумкин.

Бундай маҳсулотлар нафақат Сирдарё вилояти, балки бутун мамлакатимиз учун жуда фойдали, — деди давлатимиз раҳбари. — Сув исрофгарчилигини камайтириш, қишлоқ хўжалигида даромадни оширишда бундай инновацион ёндашувларнинг аҳамияти катта. Ушбу маҳсулотларни фермер ва деҳқонларга кенг тарғиб этиш керак.

Боёвут туманида «Maker International Uzbekistan» корхонаси томонидан гулижавҳар (бархатец) гули етиштириш ҳисобига табиий дори экстрактини олиш йўлга қўйи­лади. Бунинг учун 1000 гектар ер ажратиш режалаштирилган. Ушбу майдонда 30 минг тонна гул етиштириш, ундан 300 тонна экстракт олиш мумкин. Гул пояси чорва учун озуқа бўлади.

Лойиҳа ишга туширилиши нати­жа­сида йилига 10 миллион дол­ларлик дори воситалари ишлаб чиқарилади, 200 киши доимий, 1000 дан зиёд киши мавсумий иш билан таъминланади. Лойиҳанинг афзал­лиги, табиий дори экстрактининг бозори бор. Хитойдан ташқари АҚШ, Испания, Мексика ва Европа дав­латларига экспорт қилиш режалаш­тирилган. Бу юртимизга валюта тушумини кўпайтиришга хизмат қилади.

Гулижавҳарнинг бир гектаридан 5 минг долларгача фойда олиш мумкин. Ушбу ўсимликдан олинган экстракт иммун тизимини мустаҳ­камлайди, қон босимини пасай­тирувчи хусусиятга эга. Бундан ташқари, вирусларга қарши кура­шувчан бўлгани боис жуда ҳам фойдали. Корхона ташаб­бус­корлари ярим тайёр маҳсулот билан чекланиб қолмай, келгусида тайёр дори воситалари ишлаб чиқа­ришни мақсад қилган.

Президентимиз гулижавҳар ўсим­лиги экиладиган майдонларни 2 минг гектарга кенгайтириш, келгуси йилларда бошқа вилоятлар ҳисобига 5 минг гектарга етказиш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича топши­риқлар берди.

Тақдимот чоғида давлатимиз раҳбарига Сирдарё вилоятидаги «Peng Sheng» мажмуаси таркибидаги «AWP» қўшма корхонасида сув жиҳозлари, жездан дастаклар, фитинглар, катта ҳажмдаги керамик плиталар, эшик қулфлари ишлаб чиқариш каби қатор янги лойиҳалар намойиш этилди.

Шавкат Мирзиёев кўпроқ янги иш ўринлари ташкил этиш, маҳаллий хом ашё асосида маҳсулот ишлаб чиқаришга кўпроқ хорижий инвес­тицияларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берди.

Шу куни Сайхунобод туманидаги 8-болалар мусиқа ва санъат макта­бида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Видеселектор шаклида ўтган йиғилишда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, таълим, тиббиёт соҳаларидаги ўзгаришлар, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи якунига етди.



ЎзА



DB query error.
Please try later.