Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
12.04.2018

ДУНЁНИ ТАНИШ ВА ДУНЁГА ТАНИЛИШНИНГ ҚИЙМАТИ

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ, Самарқанд давлат университети филология факультети декани, профессор:

– Қадимги файласуфлардан бири «Дунёни таниш ва дунёга танилиш айни қийматдаги тушунчалардир», деган пурҳикмат гапни айтган экан. Аслида бу ҳақиқатни инсонларга ҳам, давлатларга ҳам бирдай қўлласа бўлади. Инсон авваламбор атрофидагиларни, сўнгра дунёнинг илму ҳикматларини ўргангач, жаҳонга овоза бўладиган кашфиёт қилиши, асар яратиши эҳтимоли ортади. Давлатлар ўз дипломатик корпуси ва илмий-аналитик марказларининг ёрдами билан Ер юзидаги ­умумий аҳволни, иқтисодий ва сиёсий коньюктурани, геосиёсий ва гео­иқтисодий вазиятни чуқур англаб етиб, минтақа ва жаҳон сиёсати реалликларидан келиб чиқиб сиёсат юритганида, дунё меҳварида обрў-эътиборга эга бўлиши, ўз юртининг салоҳиятини тўлиқ намоён қилиши имконияти пайдо бўлади. Шу сабабли, у ёки бу мамлакатнинг муваффақиятли ташқи сиёсати унинг дипломатлари ва бошқа ташқи сиёсий-иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларининг нечоғли иш олиб бориши билан боғлиқ.

1950-йиллар бошида Япония, 1960-йилларнинг охирида Жанубий Корея «Осиё йўлбарс­лари»га айланаётган пайтда бугунги кунда жаҳон иқтисоди ва илмий-техник тараққиёти дарғалари қўнимидаги бу икки ўлканинг ташқи сиёсий ва иқтисодий идоралари бутун дунёда ўз фаолиятини кучайтириб, япон ва корейс молларига янги бозорларни излаган, араб шайхлари ва Ғарб корчалонларининг мамлакат иқтисодиётига икки тарафлама фойдали инвестициялар киритишида жонбозлик кўрсатган эди. Натижа маълум — бугунги кунда ­Япония ва Корея дунёга меҳр-шафқат, илму зиё тарқатган «юмшоқ кучлар» («soft powers»), бу ўлкаларнинг дипломатияси ҳам жаҳон ҳамжамиятига ўрнак бўларли юксак маънавий-инсонпарвар дипломатиялардир.

Бугун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан келиб чиқиб, фикрласак, Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳеч муболағасиз тарихий ҳужжатдир. Бу фармон Ўзбекистон Рес­публикасини янада ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимиз ташқи сиёсати ва ташқи иқтисодий алоқаларини янги босқичга кўтариш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистонимизнинг геосиёсий, геостратегик ва геоиқтисодий қўними ҳам устунлик, ҳам мураккаблик томонларига эга эканлиги мамлакат ташқи сиёсий ва иқтисодий идоралари олдига алоҳида вазифалар қўяди. Хусусан, юқоридаги фармонда қайд этилган «Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари фаолияти ва ташкилий-штат тузилмасининг норматив-ҳуқуқий асосларини «иқтисодий дипломатия»ни ривож­лантиришга урғу берган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш» вазифасини тез фурсатда амалга ошириш муҳимдир. Дипломатиянинг оддий қоидаси — қайси давлат билан иқтисодий алоқалар қалин ва самарали бўлса, бу муносабат илмий, маданий, гуманитар алоқаларнинг ҳам юксалишига йўл очади. Қолаверса, мамлакатимизнинг гуркираб ривожланаётган экспортга йўналтирилган саноати, йил бўйи сархил мева­-сабзавотларни катта миқдорда етказиб бериш салоҳиятига эга қишлоқ хўжалиги, қардош ва тақдирдош халқлар билан илм-фан, ­таълим ва маданият соҳасидаги алоқалар эҳтиё­жи яқин ва узоқ хориждаги мамлакатлар билан ўз­аро манфаатли алоқаларни кун сайин яхшилашни талаб этади.

«Иқтисодий дипломатия» аслида бутун ташқи алоқаларнинг локомотивидир. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Хитой Халқ Республикасининг кейинги 40 йил ичида «иқтисодий дипломатия»дан дунёнинг супер кучи даражасига эришувига қадар босиб ўтган йўлини эслаш кифоя...

Шунингдек, мазкур ҳужжатда алоҳида эътибор қаратилган «миллий ва хорижий экспертлар жамоалари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик ва илмий доиралар билан мунтазам ҳамда мақсадли ахборот алмашиш ишларини кучайтириш орқали Ўзбекистоннинг ижобий халқаро нуфузини шакллантиришда «оммавий дипломатия» воситаларини фаол қўллаш» вазифаси ҳам муҳимдир.

Элчихоналар аввало у ёки бу мамлакатнинг маданияти, тарихи ва бугуни тимсоли бўлган муассасалардир. Шу сабабли, элчихоналаримиздаги ходимлар дипломатик маълумотдан ташқари мамлакатимизнинг бой маданиятини ҳам ўзлаштириб олишлари керак, ёки Франция, Германия ва Буюк Британиянинг ташқи сиёсий идораларида кўп қўлланилган у ёки бу минтақа ёки давлатнинг маданияти, тили бўйича олимлар, ёзувчилар ва бошқа ижодкорларни маълум бир муддат (анъаналар шакллангунича) элчихоналар фаолиятига жалб этиш лозим бўлади. Элчихоналаримизнинг сайтларини бутун дунёда қабул қилинганидек, давлат тилида ва ўзи жойлашган мамлакат тилида фаолият кўрсатишини таъминлаш лозим. Сир эмас, баъзи катта-катта мамлакатлардаги элчихоналаримизнинг сайтига кирсангиз, уларда ўзбекча ахборот жуда кам, ёки рус тили фаол қўлланади. Маълум бир вақт оралиғида ­(мустақилликнинг дастлабки 15-20 йили ичида) бу ҳолни нормал қабул қилиш мумкин эди. Аммо бундан буёғига бу масалада дунё стандартига амал қилишимиз зарур бўлади.

Фармонда «фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари амалда ҳимоя қилинишини таъминлаш механизмларини шакллантириш ва амалга ошириш, хориждаги ватандошларимиз билан ҳар томонлама мулоқотни қўллаб-қувватлаш, уларни савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ижтимоий лойиҳалар ҳамда дастурларни амалга оширишга фаол жалб қилиш» хусусида алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон маълум тарихий-ижтимоий сабабларга кўра, мамлакат ташқарисида энг кўп этник диаспорага эга мамлакатлардан бирига айланди. 1900-йилларнинг биринчи ярмидаги инқилоб ва қатағонлар, кейинги йилларда «меҳнат миг­рацияси» эҳтиёжлари туфайли бугунги кунда чет элларда миллионлаб юртдошларимиз яшамоқда. Аслида бу инсонлар контингенти Ўзбекистон учун чет элларда кучли лобби фаолиятларини олиб боришда катта имкониятлардан бири. Масалан, Туркия­да, ­Саудия Арабис­тонида юз минглаб, балки миллионлаб этник ўзбеклар (туркистонликлар) яшайди, уларнинг маданий ёки ўзаро ёрдамлашув жамиятлари мавжуд. Бу инсонлар она Ватани ­Ўзбекистонни тарғиб ва ташвиқ қиладилар, маданият элчилари вазифасини бажарадилар. Улар Ўзбекис­тоннинг ютуқларидан ғурурланадилар, маданий-лисоний алоқаларга чанқоқдирлар.

2014 йилда камина Туркиядаги Муғла университетида ишлаб юрган пайтимда Адана шаҳридаги ўзбеклар жамияти мендан «Туркис­тонлик олимлар» деган китоб ёзиб беришимни сўрашди, чунки уларнинг фарзандлари Маҳмуд Кошғарий, Навоий, Абу Али ибн Сино, Фаробий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби дунё ҳамда ислом фани ва маданиятига катта ҳисса қўшган боболари ҳақида кўпроқ билишни исташар экан. Бу китобни 2015 йилда босиб чиқаришди, икки кунлик катта тантана билан таништирув маросими ташкил этишди. Матбуот, радио, телевидениеда катта реклама кампаниялари, кўрсатувлар қилишди. Бу инсонлар она юртдан айрилганига 100 йилдан зиёд вақт ўтганига қарамай, яқин маданий ва лисоний муҳитда яшаганига қарамай, она тилни, қадрдон маданиятни унутмаган, Ўзбекистоннинг байроғи ҳар бир аданалик ўзбекнинг уйида бор. Ана шундай диаспораларимиз билан яқин алоқа ўрнатиш, уларга «маданият элчиси» бўлишга имконият яратиш, улар орасидаги ишбилармонларни ватанимизга инвестиция киритишини кўпроқ ташвиқ этиш лозим, деб ўйлайман. Бу борада давлатимиз раҳбари ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлашимиз керак.

«Меҳнат миграцияси» туфайли Россияда, Кореяда, Туркияда яшаётган ватандошларимизни уюштириш, уларга Ўзбекистон фойдасига лобби фаолиятларида бўлишини ташкил этиш ҳам катта фойда бериши муқаррар. Диас­пора билан ишлашда дипломатларимиз Исроил ҳамда қардош Озарбайжон тажрибасини ўргансалар ёмон бўлмас эди.

Америка Қўшма Штатларининг яқинда истеъфога чиққан Давлат котиби, 40 йиллик «иқтисодий дипломатия» тажрибасига эга дип­ломати Рекс Тиллерсоннинг «Американинг дунё­даги лидерлиги дипломатиядан бош­ланади. Ҳамкорлар ва иттифоқчилар бўлмаса ҳеч бир ишни амалга ошириш мумкин эмас», деган машҳур фикри аслида нафақат Америка, балки ҳар бир мамлакат учун жуда муҳимдир. Чунки кучли дипломатиясиз, соат механизмидек аниқ ва мунтазам ишлайдиган ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий муассасаларсиз давлат қанотлари заиф қуш каби дунё кенгликларида парвоз қилолмайди, жаҳон меҳварига чиқа олмайди. Бугунги глобаллашган дунёнинг энг кес­кин ҳақиқатларидан бири — шу.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ­«Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фао­лиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида баён қилинган вазифалар собитқадамлик билан амалга оширилса, юртимиз қисқа фурсатларда минтақа ва дунёдаги мавқеини янада мустаҳкамлайди ва бу — мамлакатимизнинг гуллаб-яшнаши, халқимиз турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.