12.04.2018

ТОМОРҚАДАН ТИЛЛО ТОПГАНЛАР

Каттақўрғонлик соҳибкорларнинг изланишлари, интилишлари ҳақида

Бутун умрим ер билан тиллашиб ўтмоқда, — дейди меҳнат фахрийси, Каттақўрғон туманидаги Новқа ­қиш­лоғида яшовчи Эрдош Эргашев.Собиқ тузум даврида салкам 40 йил бригадир, агроном лавозимларида ишладим. Гектар-гектар ерларда пахта етиштиришни қойил қилибмизу, ўзимизнинг томорқамизга қарашни, ундан даромад олишни ўрганмабмиз. Президентимизга раҳмат, бу борада бутун халқимиз кўзини очди. Мамлакатимиз раҳбари томорқадан тўғ­ри фойдаланган одам қандай имкониятларга эга бўлиши ҳақида ҳаётий мисоллар билан ҳар доим гапириб келмоқда. Бундан хулоса чиқариб, икки сотих ерда иссиқхона барпо этдим. 43 туп лимон кўчати ўтқаздим. Меҳр берса, меҳнат қилса бўлар экан. Лимонларим ҳосилга кирди. Ҳар туп дарахтдан 54 килограммдан мева йиғиштириб олдик. 2274 килограмм лимоннинг ҳар бир килосини 9 минг сўмдан жами 23 миллион сўмга уйимдан олиб кетишди.

Икки ярим сотих ерга иккинчи иссиқхонани қурдим. Унга мандарин, банан, апельсин, помидор, бодринг экдим. Минг­га яқин лимон кўчати етиштираяпман. Савоб учун қишлоқдошларимга бепул тарқатмоқчиман. Тошкентга бориб, киви кўчати олиб келдим. Ҳозир уни парваришлаяпман. Келажакда киви ҳам ўзимиздан чиқади. Ёшим бир кам саксонда, 11 нафар фарзандим, 35 набирам, 7 эварам бор. Ҳаммасини меҳнат қилишга, ҳалол яшашга ўргатганман. Томорқада ишлаб, ўзимнинг ҳам, кампиримнинг ҳам соғлиғимиз яхшиланди. Даромад олиб, кайфиятим кўтарилади. Тўғриси, томорқадан шунча фойда олиш мумкинлигига ишонмаган эдим. Бугун мендан ўрганиб, биргина Новқа қишлоғида ўнга яқин иссиқхоналар барпо этилди. Одамлар дангасаликдан қутулиб, меҳнат қилиб, пул топиб бойимоқда. Шу кунларда асалари ҳақида китоб ўқияпман. Ари боқмоқчиман. Ҳам асал оламан, ҳам арилар лимонларимни чанглатади. «Нуроний» фонди ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини ишларида ҳам фаол иштирок этаман. Меҳнат қилган одамни биров билан жанжаллашишга, беҳуда гап сотишга вақти бўлмайди. Дунёдаги ҳамма бемаъни ишлар бекорчиликдан келиб чиқади. Қиш­лоғимиздан уч одам яқинда қамоқдан қайтди. Шу кунгача уларнинг уйига бир неча марта бордим. Чақириб, иссиқхонани кўрсатдим. Кўчат керак бўлса, бераман, сизлар ҳам томорқаларингизда иссиқхона қуринглар, деб маслаҳат бердим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевга бутун каттақўрғонликлар номидан миннатдорлик билдирмоқчиман. У кишининг шарофати билан қанчадан-қанча оилалар томорқадан олинган даромад орқасидан тўқ-фаровон яшамоқда. Иссиқхонани кўриш учун ҳар куни одамлар келади. Уларга билганларимни айтиб бераман. Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев, Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромовлар ҳам томорқамни кўриб, иссиқхонани кўздан кечириб, атрофдагиларга ҳам ўргатишимни айтишди. Худо хоҳласа, шу йил муборак Ҳаж сафарига бормоқчиман. Унга кетадиган харажатларни аллақачон томорқадан олган даромадимдан тахлаб қўйганман, болаларимга ҳеч қандай оғирлигим тушмайди. Тенгдош жўраларим менга: кўринмайсан, уйингдан тилло топ­дингми ё, дейишади. Ҳа, томорқадан тилло топдим.

— Баъзи бир аёлларимизга ҳайрон қоламан, — дейди Сарой қишлоғида яшовчи­ Соҳиба Шодмонова. — Уларга ўхшаб гап-гаштакка боришга вақт топа олмайман. 12 сотих томорқамиз бор. Унда сабзи, пиёз, картошка, саримсоқ, помидор етиштирамиз. Бундан ташқари, 6 та хурмомиз, 3 та нашвати, 3 та олма, 6 туп анор, 3 та гилос, 10 та ўрик, 30 туп токимиз бор. Рўзғорда сут-қатиқ бўлиши учун 4 бош мол қилганмиз. Фарзандларим билан биргаликда қараймиз. Рўзғорга бирон нарсани бозордан сотиб олмаймиз. Ҳаммаси томорқадан чиқади. Турмуш ўртоғим фермер хўжалигида ишлайди. У киши ҳам бўш вақтларида томорқага уннайди. Мен иш йўқ, деб ўтирадиган аёллар фикрига қўшилмайман. Томорқаси бор одамни ишсизман, дейишга ҳаққи йўқ. Томорқада меҳнат қилса, пул ҳам келади. Биз томорқамизда етиштирилган ҳосилнинг ярмидан кўпроғини бозорга чиқарамиз. Мана шу томорқанинг орқасидан топилган даромад туфайли бировдан кам эмасмиз. Мен барча аёлларимизга томорқада ишлаган одам саломат бўлишини, рўзғори бут, тинч, болалари яхши еб-ичишини айтмоқчиман. Шу кунларда товуқ боқиш учун жой тайёрлатаяпман. Энди тухум ҳам ўзимиздан чиқади.

— Томорқага эътибор берила бош­ланганидан кейин мен ҳам 2 сотих ерга иссиқхона қурдим, — дейди Мундиён қиш­лоғида яшовчи Бобур Мавлонов. — Ота-боболарим деҳқон ўтишган. Мана, ўзларингиз кириб кўринглар, бодринг пишган. Помидор гуллаб ётибди. Бодрингни бемалол бозорга чиқариш мумкин. Помидор эса май ойида тайёр бўлади. Бу иссиқхона деганлари кони фойда экан. Яна битта иссиқхона қуриш учун ҳаракат қиляпман. Фақат иссиқхона ҳақидаги тушунчаларимизни, билимларимизни оширишимиз керак. Шу ўринда қишлоқ хўжалигига ихтисослашган интернет сайтлари кўпайишини истайман. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаси олимлари томонидан томорқада ҳосил етиштириш, алмашлаб экиш, ҳосилдорликни ошириш, зараркунандаларга қарши курашиш бўйича китоблар ёзилса, янада яхши бўлар эди. Ўзи ишсиз, лекин томорқаси бор тенгдош­ларимга маслаҳат бермоқчиман. Келинг, иссиқхонани кўринг, мен сизларга беминнат ёрдам беришга тайёрман.

— Мен саримсоқ етиштираман — дей­ди­ Қўштепа қишлоғида яшовчи Ойбек Турсунов. — Томорқамда бир қарич ҳам бўш ер йўқ. Саримсоқнинг илк ҳосилини май ойида бозорга чиқараман. Уч ярим сотих ерга картошка экканман. 18 та анорим бор. 40 туп нок ҳосилга кирган. Томорқамдан олаётган даромадим бутун оилам таъминотига етиб ортади. Янги иморат қурдим. Машина сотиб олдим. Бировдан кам жойим йўқ.

Бир пайтлар нотўғри бир фикр юрарди. Ердан, кетмондан бой бўлмайсан, деган. Мен ўз ҳаётим мисолида бу гап пуч эканлигини исбот қилмоқчиман. Ҳар йили икки тонна саримсоқ, бир ярим тонна картошка оламан. Томорқадан 1 йилда 3 мартагача ҳосил олишни ўрганиб олдим. Қайси сабзавотнинг қачон экилишини, қанча вақтда тайёр бўлишини биламан. Шу кунларда томорқа четларига хурмо кўчати экмоқчиман. Қисқаси, бугун одамлар бир-бири билан кўришганида деҳқончилик, томорқа ҳақида гапиради. Бу борада қўни-қўшнига ёрдам берадиган, қўллаб-қувватлайдиган бўлишди. Ҳаттоки оқсоқол деҳқонларимиз томорқасига қарамаган хонадонларга кириб, танбеҳ беришаяпти. Баъзилари ўзлари етиштирган кўчатларни келтириб экишаяпти. Тўғриси, одамларимиз йиллар давомида шундай имкониятдан фойдаланмай келишаётган экан. Инсоф билан айтганда, қиш­лоқда томорқаси йўқ одамнинг ўзи йўқ. Лекин томорқасидан унумли фойдаланмаётганлар бор.

— Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори ижросини таъминлаш мақсадида Каттақўрғон туманида фермер, деҳқон хўжалик ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда «Томорқа хизмати» МЧЖ ва «Ўсимликлар клиникаси» ташкил этилди, — дейди Каттақўрғон ­туман фермер, деҳқон хўжалик, томорқа ер эгалари кенгаши раиси ­Мардон­ Мавлонов. — Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов қарори билан бизга Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғинидаги бўш турган бино ажратилди. Бугунги кунда «Томорқа хизмати» МЧЖга «Агробанк»нинг Пайшанба филиали томонидан 156 500 000 сўм кредит маблағи берилди. Ушбу маблағнинг 126 500 000 сўмига турли хил қишлоқ хўжалиги техникалари келтирилди. Шунингдек, уруғ ва кимёвий воситалар олиниб, аҳолига тарқатилмоқда.

Каттақўрғон туманидаги 69 маҳалла фуқаролар йиғинларида 50401 хонадон мавжуд бўлиб, улар тасарруфидаги 3116 гектар томорқа ерларга турли хил қиш­лоқ хўжалиги экинлари экиш бўйича маслаҳатлар, тавсиялар берилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, 272 гектарга пиёз, 257 гектарга сабзи, 158 гектарга карам, 263 гектарга бодринг, 442 гектарга помидор, 626 гектарга картошка, 110 гектарга саримсоқ, 123 гектарга нўхат, 172 гектарга кўкатлар ҳамда минг гектардан зиёд майдонга бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари экиш белгиланган.

«Томорқа хизмати» МЧЖ фаолияти тўлиқ йўлга қўйилганидан кейин 100 га яқин янги иш ўринлари яратилади. Жамиятимиз томонидан шу кунгача кам таъминланган оилалар томорқасини экишга тайёрлаш, уларга қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини етказиб бериш, турли хил мева кўчатлари билан бепул таъминлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Туманимизнинг уста соҳибкор боғбонларидан иборат тарғибот гуруҳи ташкил этилди. Улар қишлоқма-қиш­лоқ, хонадонма-хонадон юриб, томорқа хўжалиги билан танишиб, ўзларининг маслаҳатларини беришмоқда. Шунинг­дек, жамиятимиз томонидан иссиқхоналар қуришда аҳолига ёрдам бериш борасида ҳам бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда...

Каттақўрғон туманида иш қизғин. Биз фақат кўрдик, эшитдик. Саволлар бердик. Жавоб олдик. Кўзимиз қувонди. Одамларнинг меҳнат билан бандлигидан, Каттақўрғон гуллаб-яшнаётганидан бошимиз осмонга етди. Тўғриси, томорқасига уннамаган одамни топиш мушкул. Ҳатто мактабларда ҳам иссиқхоналар қурилиб, экинлар экилаётганига гувоҳ бўлдик.

Ҳа, каттақўрғонликлар одамларни эзгуликка, яратишга, меҳнат қилишга, барака топишга, ҳалолликка ундаётган бугунги ислоҳотлардан рози ва миннатдор бўлиб, ерга уруғ қадашмоқда. Биз миришкор деҳқонлар билан ҳосил байрамларида кўришишни ният қилиб хайр­лашдик.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ



DB query error.
Please try later.