12.04.2018

ТУРИЗМ РИВОЖЛАНИШИ ҲАММАМИЗГА ФОЙДА КЕЛТИРАДИ

Ўзбекистон улкан сайёҳлик салоҳиятига эга бўлган дунёнинг етук давлатлари қаторига киришини ҳаммамиз зўр мамнуният билан тилга оламиз. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби шаҳарларимиз тўғрисида, уларнинг тарихий бино ва иншоотлари тўғрисида эшитмаган, ҳаёти давомида бир маротаба ўз кўзи билан кўришни, уларнинг чиройидан баҳраманд бўлишни ҳавас қилмаган инсон кам топилади.

Бугун дунёда туризм илғор ва сердаромад соҳалардан бирига айланган. Маълумотларга кўра, дунё бўйича 200 миллионга яқин киши ушбу соҳада меҳнат қилади, жаҳон иқтисодиётида халқаро туризмдан тушаётган даромад 1 триллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этаяпти. Жаҳон бўйлаб сайёҳлар йилига 4-5 фоизга кўпа­йиб, ҳар йили бошқа давлатларга саёҳат қилувчилар сони ошмоқда.

Мамлакатимизда ҳам туризмни ривожлантириш, экотуризм, этнотуризм, зиёрат туризмини тараққий топтиришнинг кенг имкониятлари мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги Ўзбекистон Рес­публикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонига мувофиқ сайёҳлик мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида белгиланди. Президентимизнинг 2017 йил 16 августидаги қарори билан 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривож­лантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Жорий йил февраль ойининг ўзида соҳага доир 4 фармон ва қарор қабул қилингани туризм ривожига юксак эътибордан далолатдир. Шу тариқа соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди, ички туризмни янада ривожлантиришга кўплаб имтиёзлар, енгилликлар жорий қилинди.

Хоразм вилояти ҳам сайёҳлик салоҳияти бўйича катта имкониятларга эга ҳудуд ҳисобланади. Бугун бутун дунёда очиқ осмон остидаги музей, дея эътироф этилувчи ­«Хива-Ичанқалъа» музей-қўриқхонаси, Дешонқалъа, яъни, Ташқариқалъадаги Нуриллабой мажмуаси, Хива хонларининг шаҳардан ташқаридаги «Қибла тоза боғ», «Чодра Ховли» ёзги қароргоҳлари, Урганч туманининг Ғойбу қиш­лоғида жойлашган Туркман қалъа, яъни «Улли ҳовли» мажмуаси, ­Шовот туманидаги Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи, Боғот туманидаги Қалажиққалъа, Ҳазорасп туманидаги Сулаймонқалъа каби ноёб мажмуалар мавжуд бўлиб, вилоятмизга сайёҳларни жалб этишда уларнинг имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Вилоятда 21 сайёҳлик йўналишидаги ташкилот, 58 меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган йилда вилоятга жами 1 миллиондан ортиқ турист ташриф буюрган бўлиб, уларнинг 100 мингга яқини меҳмонхоналарга жойлашган. ­Меҳмонхоналарга жойлашган сайёҳларнинг 60,6 мингдан зиёди хорижлик туристлардир. Ушбу кўрсаткичлар вилоятга сайёҳларнинг келиши 2016 йилга нисбатан 30 фоизга ошганлигини кўрсатади.

Жорий йилнинг январь ойида вилоятга жами 20 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган бўлса, уларнинг 500 нафари чет эллик сайёҳдир. Бу эса вилоятга келаётган сайёҳларнинг, ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда, 35 фоизга ўсганлигини кўрсатади.

Яқинда Халқ депутатлари ­Хоразм вилоят Кенгаши Ижтимоий-­маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссиясининг мажлисида «Вилоятда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги масала танқидий-таҳлилий муҳокама этилди.

Кун тартибидаги масала бўйича Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жавлонбек Шамуратовнинг ахбороти тингланди.

Маърузачи ҳамда масала юзасидан музокараларда иштирок қилган депутатлар, соҳа мутахассислари таъкидлаганидек, вилоятимиз туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўла туриб, узоқ йиллар бу имкониятдан тўлиқ ва самарали фойдаланилмади.

Мамлакатимизда иш ўринлари яратиш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, ҳудудларни жадал ривожлантириш, валюта тушумларини кўпайтириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш каби энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифаларни яқин истиқболда ҳал қилиш учун туризм­ни ривожлантириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вилоятда мутасадди ташкилотлар томонидан қарорнинг ижросини таъминлаш юзасидан қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, Хоразм вилоят ҳокимининг 2017 йил 18 августда 577 сонли қарори қабул қилиниб, вилоят ҳокими раислигида «Вилоятда туризм­ни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгаш» таркиби тасдиқланган. Соҳадаги ишларни янада жадаллаштириш ва мувофиқлаштириш мақсадида вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масаласи бўйича ўринбосари лавозими жорий этилган.

Хоразм вилояти билан Туркманистон Республикасининг Дашҳовуз вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо­-­иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида ­Битим имзоланган.

Шу билан бирга, вилоятда туризм­ни ривожлантириш, унинг замонавий инфратузилмасини шакл­лантиришда айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлиги аниқ мисоллар билан қайд этилди. Мисол учун, ҳожатхоналар масаласига жиддий эътибор қаратилмаган. Уларнинг тартибсизлиги, камлиги бор ҳақиқат.

Маданий мерос объектларига кириш тизимини такомиллаштириш, турникетлар, видеокамералар ва йўл кўрсаткичлари ўрнатиш, ахборот марказлари ташкил этиб, сайёҳларни қизиқтирувчи хизматларни тизимли йўлга қўйиш масаласи эътибордан четда қолмоқда.

Юртимизга келаётган хорижлик сайёҳларга енгиллик яратиш мақсадида бир неча тилда (бутун дунё аҳолисига тушунарли бўлиши учун) йўл кўрсаткичларининг ўрнатилишига алоҳида эътибор бериш керак, деб ҳисоблаймиз.

Тарихий обидалар ҳудудида бепул Wi-Fi хизмати йўлга қўйилмагани боис, сайёҳлар ўз таассуротларини реал вақт режимида бўлиша олмайди. Зеро, бугун туризмни ривож­лантиришда интернетнинг хизмати беқиёс экани ҳаммамизга аён. Бу йўналишда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини таъминлаш ўзининг яхши натижаларини беради.

Вилоятимиз зиёрат туризми, маънавий-маърифий туризм, экотуризм, этнотуризм бўйича катта салоҳиятга эга. Бу йўналишларни ривожлантириш учун зарур инфратузилмани йўлга қўйиш зарур. Аммо афсуски, бу масалада ­фаоллик етишмаяпти.

Туризм замонавий иқтисодиётимизнинг муҳим йўналиши бўлишини инобатга олган ҳолда, мазкур масалани халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига киритиш тавсия этилди. Ўйлаймизки, сессия муҳокамаси вилоятдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда, ишларни тизимлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Туризм масаласига иккинчи даражали масала сифатида муносабатда бўлишга ҳаққимиз йўқ. Чунки бу соҳа ривож топса, умумий тараққиётимиз тезлашади. Барқарор, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилади, хизмат кўрсатиш сифати ошади, ижтимоий инфратузилма яхшиланади. Демак, сайёҳлик ривожидан ҳамма манфаатдор бўлади.

 

Раимберган САБУРОВ,

Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси.



DB query error.
Please try later.