Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
10.04.2018

«МЕНИНГ ЭНГ ОЛИЙ МУКОФОТИМ»

Узоқ йиллик армонли орзу ушалди, руҳий изтироблар ортда ҳолди

Андижон вилоятининг Хонобод, Қорасув шаҳарлари, Пахтаобод, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Булоқбоши, Марҳамат каби қатор туманлари қўшни Қирғизис­тон Республикасига чегарадош­дир. Ўзбек ва қирғиз миллати вакиллари бу ҳудудларда азалдан бир маҳалла, бир жамоа, қуда-анда, қавму қариндош бўлиб яшаб келмоқда. Бундан ташқари, Қирғизистон Республикасининг Ўш, Жалолобод вилоятлари ҳам ҳудуд жиҳатидан бир-бирига туташиб кетган, шаҳар, қишлоқларни биргина ариқ ёки озгина адирлик ажратиб туради, холос.

Қорасув асли яхлит шаҳар бўлиб, шаҳарнинг ярми Ўзбекистонга, ярми Қирғизистонга қарайди. Ўртадан оқиб ўтадиган Қорасув дарёси — чегара. Қорасув шаҳрининг ҳам бу қисмидан у қисмига, у қисмидан бу қисмига келин бўлиб тушганлар табиийки кўп. Маликахон Андижон шаҳрига келин бўлиб тушаётганида узоқ йиллар давомида «фуқаролиги бўлмаган шахс» сифатида ҳуқуқлари чекланиб, ўксиниб, кутиб, ўз ота-онаси, қавму қариндошлари билан худди икки оламдагидек айро яшаши мумкинлигини, албатта, хаёлига ҳам келтирмаган эди...

 1993 йилнинг июнь ойида андижонлик бухгалтер йигит Олимжон Маҳмудов билан турмуш қуриб, фамилияси ўзгарган Маликахон тез орада янги паспорт олди. Ўш педагогика билим юртини тамомлаб, туғилган шаҳри — Қорасувдаги мактабда тўрт йил ишлаб, тажриба орттирган муаллима Андижон шаҳридаги 2-гимназияга, бугунги кунда 35-давлат ихтисослаштирилган мактабига айланган таълим даргоҳига ишга қабул қилинди.

1997 йилда Ўзбекистон фуқаролари эски паспортларини янгилаётганида Малика Маҳмудова ҳам эски паспортини топширди-ю, янгисини олишга эришолмай, «фуқаролиги бўлмаган шахс»­га айланди...

Бу орада турмуш ўртоғи Андижон давлат университетининг иқтисод факультетига ўқишга кирди. 2000 йилда Маликахон ҳам мазкур университетнинг бошланғич таълим ва мактабгача тарбия факультети талабаси бўлди. 2005 йилда бакалавр дип­ломини олган Маликахон университетнинг она тили ўқитиш методикаси йўналиши бўйича магистратурасига қабул қилинди.

Магистрлик дипломи билан ўз меҳнат жамоасида фаолиятини давом эттира бошлади. Унинг ҳеч нарсадан камчилиги йўқ эди. Севимли иши, аҳил жамоаси, шириндан шакар фарзандлари бор. Турмуш ўртоғи билан икки ўғил, бир қизни илмли, одобли қилиб тарбиялаб, вояга етказишди.

Унинг қалби ҳамиша изтиробда эди. Наҳотки дунёдан «фуқаролиги бўлмаган шахс»лигимча армон билан ўтиб кетаверсам?», деб қўярди ўзига ўзи.

2005 йилда Маликахоннинг онаси, узоқ йиллар халқ таълими соҳасида хизмат қилган ­Мунаввархон ая олтмиш беш ёшида ёруғ оламни тарк этди. Ўша пайтларда чегарадан фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам ўтса бўларди. Борди, онасини сўнг­ги йўлга кузатди. Аммо кутилмаган муаммолар, аламли дамлар олдинда эди: бирдан Маликахон учун она шаҳрига бориш йўллари, онаси қаб­рини зиёрат қилиш, отаси ҳолидан хабар олиш йўллари бутунлай ёпилди! Биргина ариқ ажратиб турган чегарадан эмас, бошқа ноқонуний йўллар орқали айланиб, қизини кўргани келишга эса Қирғизистон фуқароси бўлган кекса Асад отанинг қуввати етмас эди...

Бир неча йиллардан буён жигарбандини кўролмай кўзлари йўлда қолган ота 2012 йилда дийдорни қиёматга қолдириб, саксон ёшида бандаликни бажо келтирди. «Фуқаролиги бўлмаган шахс» — Маликахон учун сўнгги дийдор йўли ҳам очилмади. Бузруквори ҳаққига тиловат қилиб, Яратгандан сабр тилашдан бошқа чораси йўқ эди унинг. Бу жуда оғир қисмат эди. Йўл узоқ эмас, чиқса, 40 чақирим чиқади.

Ҳар беш йилда «фуқаролиги бўлмаган шахс» — «ФБШ» гувоҳномасини янгилатиш учун пас­порт столига борганида кейинги беш йил келгунича бирор янгилик бўлиб қолишидан умидини узмаган Маликахон фуқароликни олиш мақсадида 2000 ва 2005 йилларда бир талай ҳужжатларни тайёрлади. Ижобий жавоб беролмаган мутасадди ходим унга раҳми келиб, Россия давлати бошқа юртлардан келаётганларни ҳам фуқароликка қабул қилиши мумкинлиги ҳақида гапириб қолди. «28 давлатга, жумладан, она юртингизга бемалол бориб кела оласиз, бир ойда паспорт қўлингизга тегади», деди у. «Ё тавба, ўзим келин бўлиб тушган, шунча йиллик онгли ҳаётим давомида яшаб келаётган, фарзандларим, турмуш ўртоғимга Ватан бўлган юртда яшаб туриб, бош­қа давлат фуқаролигини оламанми?! Ёруғ юз билан бир куни ўз юртим фуқаролигини олиш насиб этар». Маликахон сабр қилди.

Бор куч-қувватини севган касбига сарфлади. Дарс сифатини ошириш, янги педагогик тажрибаларни ўрганиш ва тарғиб қилиш, оммалаштириш, ўқувчиларни фанларга қизиқтириш, шунингдек, иқтидорли ва изланувчан ўқувчиларни аниқлаб, рағбатлантириш, уларнинг ижодий фаолликларини кучайтириш борасида мунтазам равишда изланишлар олиб борди.

2009 йилда «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг шаҳар ва вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаб, Республика босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этди. 2010 йилда эса «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг Республика босқичида ғолибликни қўлга киритди. 2011 йилда Республика халқ таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон Респуб­ликаси Халқ таълими аълочиси нишони билан тақдирланди.

Турли йилларда ўтказилган танловларда «Энг мазмунли дарс ишланма муаллифи», «Энг яхши тадбир ташкилотчиси», «Энг яхши мақола муаллифи» номинациялари бўйича ғолиб деб топилиб, Андижон вилояти халқ таълими бош­қармаси ҳамда Андижон шаҳар халқ таълими бўлимининг диплом ҳамда фахрий ёрлиқларини олишга муваффақ бўлди.

Маликахон ҳар бир дарсни ўзига хос тайёргарлик, янгича ёндашув, янгича услубда ўтишга ҳаракат қиларди. Малика Маҳмудованинг дарс­лари услубий жиҳатдан пишиқлиги, ўқувчидаги қобилиятни юзага чиқаришга қодирлиги билан ҳамкасблари учун ўрнак бўла олди, талабчан, интизомли, зукко педагог сифатида эътироф этилди.

Унинг ноанъанавий дарслари, тадбирлари Ўзбекистон телеканаллари орқали бир неча марта ёритилди. Методик мақола ва намунавий дарс ишланмалари республика матбуотида изчил чоп этиб борилди. 2010-2013 йилларда Малика Маҳмудованинг илғор иш фаолияти туман, шаҳар ва республикада оммалаштирилди. 2013 йилда бошланғич синф ўқитувчилари учун «Ўқитувчига ёрдам» номли методик қўлланмасини яратди.

 Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан Маликахон фаолият юритаётган Андижон шаҳар 35-давлат ихтисослаштирилган мактаб вилоятда «Маҳорат мактаби» деб белгиланди ва Малика Маҳмудова бошланғич таълим фанидан вилоят тренер-ўқитувчиси сифатида фаолият олиб бориб, қатор семинарлар ташкил қилди...

Орадан ойлар, йиллар ўтди. Ўша армон, дард ҳамон унинг юрагини ўртарди. Малика Маҳмудованинг 2016 йил октябрь ойида Бош вазир виртуал қабулхонасига ёзган хати ўрганилиб, унга мутасаддилар томонидан керакли ҳужжатларни топшириши мумкинлиги айтилди. Декабрь ойида керакли ҳужжатларни тайёрлаб, ўзи муқим яшаётган Андижон шаҳридаги паспорт столига борди. Ҳужжатларни топширди-ю турли фикрлар уни қамраб олганди. Чунки унга узоғи билан бир йил ичида жавоб келишини, жавоб эса қандай тарзда бўлиши номаълумлигини айтишган эди. Начора, ҳаяжон, ҳадик билан, интиқиб кута бош­лади...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 ноябрь кунги Фармонига асосан Маҳмудова Малика Асадовна Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди! Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали маросимда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг қўлидан фуқаролик пас­портини олар экан, Маликахоннинг қалбини кучли ҳаяжон қоплаганди. Кўзларидан қувонч ёшлари қуюларди. «Наҳотки?», деган савол хаё­лида айланарди. Гўё туш кўраётгандек эди...

— Уйимизга участка нозири келиб, розилик хати келганини айтганида кўз ёшларимни тўхтатолмай қолдим, — дейди Маликахон. — Тушдан сўнг суратга тушгани бордим ҳамки ўзимга ишонмасдим. Паспортим қўлимга тегмагунча шундай ҳолат бўлди менда.

Малика Маҳмудова турмуш ўртоғи Олимжон Маҳмудов Андижон давлат университетининг бош ҳисобчиси вазифасида узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келмоқда. Тўнғич фарзандлари Ойбек Маҳмудов ҳозир Тошкент иқтисодиёт университетининг молия иши йўналишида магис­тратурада ўқийди. Қизи Азизахон Маҳмудова Андижон давлат тиббиёт институти қошидаги 1-академик лицейнинг иккинчи босқич ўқувчиси. Кенжа фарзанд — Асилбек Маҳмудов­ Андижон шаҳридаги 24-умумтаълим мактабининг 9-синфида таҳсил олади.

— Мен касбимдан, оиламдан бахт топган инсонман, Ўзбекистон деган улуғ юртнинг фуқаросиман! Бу — энг олий мукофотим менинг. Умрим борича, кучим борича шу она юртимга сидқидилдан хизмат қиламан.

Мен эса Малика Маҳмудова каби Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган ҳамюртларимизга «ФБИ», деган ҳужжат энди ҳеч қачон керак бўлмаслиги ҳақида ўйлаб қувонаман.

 

Хуршида ҚЎЧҚОРОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Андижон вилоят бўлими раҳбари.



DB query error.
Please try later.