10.04.2018

АЁЛГА ЭЪТИБОР — ОЛАМГА ЭЪТИБОР

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун уларга фақат маслаҳат эмас, балки амалий кўмак бериш зарур

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонидан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари олдида турган вазифаларга бағишланган семинарлар ўтказди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят кенгашлари масъуллари, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек ­Вафоев кун тартибидаги масаланинг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди. Таъкидландики, фармонда белгиланган вазифалар бевосита партия электорати манфаатларига дахлдор бўлиб, бу ҳамкор ташкилотлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлашни тақазо этади. Фармоннинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тушунтириш ҳамда ижросини таъминлашда ҳар бир партия аъзоси ҳамда депутат фаол иштирок этиши лозим.

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Нилуфар ­Юлдашева партия аъзоларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини доимий равишда ўрганиб бориш долзарб масала эканини таъкидлади. Бу борада партия олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, Оила илмий-амалий тадқиқот маркази мутахассиси Инобат Каримова амалга оширилган ишлар, фаолиятидаги ўзгаришлар, режалар хусусида маълумот берди. Жамиятда, оилаларда юзага келаётган муаммолар, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари бўйича ишлаб чиқилаётган дастур ҳамда унинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритди. Тегишли фармон асосида тайёрланаётган таклифларга ҳам тўхталиб ўтди.

— Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, банд­лигини таъминлаш ва жамиятнинг фаол кишисига айлантириш борасида келгуси йилларга мўлжалланган йўл харитаси ишлаб чиқилди, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Гулшан Асатова. — Ногиронлиги бўлган аёлларни аниқлаш ва режа асосида хонадонма-хонадон кириб, улар ҳолидан хабар олиш кўзда тутилган. Опа-сингилларимизни ўйлантираётган масалаларни аниқлаб, уларни бартараф этишга кўмаклашишга ҳаракат қиляпмиз.

«Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш бурчимиз» «Аёллар бандлиги — оила фаровонлиги гарови», «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари», «Аёллар соғлиғи — жамият бойлиги» лойиҳалари доирасида хотин-қизларни касаначилик, оилавий тадбиркорликка жалб қилиш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш масалаларини қамраб олинган. Албатта, ҳали қилиниши зарур бўлган ишлар кўп. Бу борада ҳамкор ташкилотлар қўллаб-қувватлашини истардик. Чунки кўп ҳолларда хотин-қизларнинг мурожаатларига ҳуқуқий маслаҳат бериш билан чекланиб қолиняпти. Депутатлар кўмагида юборилаётган сўровларнинг натижалари чўзилиб кетмоқда.

Биз лойиҳалар орқали амалий натижаларни кўзлаганмиз, лекин айрим партия ташкилотлари эҳтиёжмандларга озиқ-овқат маҳсулотлари олиб бориш ёки номига давра суҳбатлари ўтказиш билан ҳисобот тўлдиряпти. Хотин-қизлар масаласида узвийликни, доимийликни таъминлашимиз зарур.

Семинарда, шунингдек, Президент фармони асосида тайёрланаётган қарор лойиҳаси бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Айтиш керакки, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармон ҳамма нарса жойида бўлганидан ёки муаммолар йўқлигидан қабул қилинмади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев. — Жойларга бориб ўрганганимизда опа-сингилларимиз томорқасида ишлаётгани, қорамол ёки парранда боқаётгани, ногиронлиги бўлган фарзандини парваришлаётганини кўряпмиз. Лекин нафақа ёшига етганда уларга иш стажи белгиланмаяпти. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган фарзанди бор оналар учун қонунчилигимиздаги меъёрлар номутаносиб эканини кўриш мумкин. Яъни ногиронлиги бўлган фарзандни тарбиялаётган аёл бирор бир ташкилотда ишлаб, 7 йиллик стажга эга бўлса, кейин унга меҳнат дафтарчаси юритилади ва бола қараган йиллари ҳам қўшилади. Ўйлаб кўрайлик, ахир унинг боласи биринчи гуруҳ ногирони. Она қайси вақтда ишлаб, 7 йил стажга эга бўлади?..

Янги оила қураётган йигит-қизларга уларнинг бурчлари ҳақида тушунтириш, уқтириш керак. Қизларга келин бўлиш илмини, йигитларга оталик вазифаларини ўргатиш керак. Куёв бўлаётган одам эртага оиласига нон топиб кела оладими, деган савол ҳақида ўйламай қўйилди. Бу ҳақда ҳеч қандай чоралар кўрилмаяпти, демоқчимасман. Лекин натижаси яққол кўзга ташланмаяпти. Демак, самарали усуллардан фойдаланиш ва мазкур йўналишда қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдириш талаб этилади.

— Бугунги кунда аёллар масаласи эртанги йўлимизни бевосита белгилаб берувчи, фарзандларимиз келажагига таъсир қилувчи омил эканини унутмаслигимиз лозим, — деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова. — Бир нарсани афсус билан айтмоқчиман, ўтган йиллар давомида хотин-қизлар қўмиталари асосан ижтимоий-сиёсий фаол бўлган аёллар билан ишлаб келди. Жамиятдан узилиб қолган, оила ташвишлари, уй юмушлари ёки фарзанд тарбияси билан ўтирган аёллар бироз эътибордан четда қолди. Натижада фаол ва фаол бўлмаган опа-сингилларимиз ўртасида бўлиниш юзага келди. Бугунги йиғилишда ҳам буни кўриш мумкин, яъни йиғилганлар ислоҳотлардан хабардор, ижтимоий-сиёсий фаол инсонлардан иборат. Демак, жамиятни, ҳаётни ўзгартиришни истасак, буни ўзимиздан бошлашимиз зарур. Давра суҳбатлари, турли тадбирларни тор доирада, маҳаллаларда ўтказиш ёки уйда ўтирган аёлларни мана шундай давраларга таклиф қилиш керак. Чунки уларнинг ҳам ўз айтар сўзи, таклифлари, қизиқишлари бор.

Яна бир масала. Ҳозирги кунда «оммавий маданият», деган бало жамиятимизга янада чуқур кириб келяпти. 13-14 ёшдан 20 ёшгача бўлган йигит-қизлар орасида на билимга, на касб-ҳунарга қизиқмайдиганлари оз эмас. Маънавият, деганда улар сериаллар қаҳрамонларидек кийинишни, ясан-тусан қилишни тушунади, шуни ҳаёт деб қабул қилишади.

Маҳалла маслаҳатчиси лавозимига одам танлашда ҳам эътиборсизликка йўл қўйиляпти. Бундан 15-20 йил олдин ушбу лавозимда оиласи тўкис, ҳаммага намуна бўла оладиган, фарзандлари тинч, тарбияли, ҳурматга эга аёллар кўп ишлар эди. Бугун эса маҳалла маслаҳатчиларининг ҳар учтадан бири ана шу лавозимга нолойиқ бўлган кишилардир. Бундай ҳолат одамларнинг ғашини келтириб, маҳаллага ишончини сусайтирмоқда. Тўғрида, ўз оиласида тинчлик ўрната олмаган одам бошқаларга қандай маслаҳат бериши мумкин?..

Кўп ҳолларда опа-сингилларимиз моддий ёрдам сўраб келади. Савол берсак, на томорқасида ишлашни билади, на қўлида бирор ҳунари бор. Шунинг учун хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимини, дунёқарашини ошириш, уларни молиявий мустақил қилиш масалаларида таъсирчан чоралар белгиланиши лозим, деб ўйлайман. Ана шунда аёлларнинг ўрни ва қадри юксалади.

Асосийси, замонавий оила деган тушунчани тўғри талқин қилиш зарур. Хўш, замонавий оила бир неча тилни билиши, ҳар йили бир қанча ­хорижий давлатларга бориб дам олиши, энг сўнгги урфдаги ки­йим кийишию охирги русумдаги машина миниши керакми? Ёки аждодларимиз ҳақида яхши биладиган, урф-одат ва анъаналар, қадриятларимизни қадрлаган, ўз тилимизда соф сўзлаган, одоб-аҳлоқи билан ўрнак бўла олган оила замонавий оилами?..

— 20 йилдан бери мактабда ўқитувчиман, — деди Шайхонтоҳур туманидаги 254-мактаб ўқитувчиси Нигора Ҳолиқова. — «Оммавий маданият» масаласи бевосита мактаб ўқувчиларига ҳам таъсир қиляпти. Шунинг учун ота-оналарга махсус мактаб формаси таклиф қилсак, улар борини ва хоҳлаганини кийдиришини айтишади. Мактаб тартиб-қоидаларига риоя қилиш кераклиги ҳақида уларга тушунтиришимизга қарамасдан, натижа бўлмаяпти. Балки бу масалада қатъий тартиб-қоидани меъёрий ҳужжат билан ўрнатиш вақти келгандир?..

Сифатли дарс ўтиш ҳақида фикр билдирилди. Ўқитувчилар қўлидан келганча болага яхши дарс ўтишга ҳаракат қилади. Лекин уни мустаҳкамлаш ўқувчининг ўзига, унинг ота-онасига ҳам боғлиқ, деб ўйлайман. Такрорлаш билимларнинг онасидир, деб бекорга айтилмаган. Бу борада кўп гапириляпти. Ҳатто уйма-уй юриб тушунтириляпти, мулоқот дафтарлари юритилмоқда. Аммо натижаси қониқарли эмас. Шунинг учун истардикки, ота-оналарнинг бу борадаги масъулияти оширилса, фарзанди нималарни ўрганаётганини назорат қилса, болада жавобгарлик ҳисси ошади.

Семинар якунида аёллар манфаатлари ва оила институтини мустаҳкамлаш масалаларида таклифларни умумлаштириш ҳақида келишиб олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.