Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
10.04.2018

МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИ АВВАЛО ТАЪЛИМ-ТАРБИЯГА БОҒЛИҚ

Мен бироз истиҳола, бироз азият билан таълим соҳасидаги оғриқли айрим масалалар хусусида фикр билдирмоқчиман. Эҳтимол кимгадир фикрларим маъқул келмас, кимгадир умуман ёқмас. Агар мен ноҳақ бўлсам, келинг, биргалашиб ўйлайлик, баҳслашайлик.

Кейинги бир йил орасида таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Ана шу жараёнда биз ўқитувчи-педагоглар томошабин бўлиб турмасдан, ўз фикрларимизни фаол билдиришимиз керак, деб ўйлайман.

Бугунги ҳаёт таълимни бошқариш тизимини бутунлай ўзгартиришни талаб этмоқда. Шаҳар, туманлар, халқ таълими бўлимлари яқингача таълим муассасаларини методик таъминлаш бўлимлари деб аталаётганди. Лекин амалда бу бўлимлардан мактабга унчалик фойда тегмади, виждонан айтайлик, мамлакатимиздаги неча фоиз мактабга талаб даражасида методик ёрдамлар кўрсатилди?

Халқ таълими бўлимлари ­фаолияти аниқ ўзанга солинмаса, масала кескин қўйилмаса, кўп муаммолар ечимсиз қолиб кетаверади.

Таълим соҳаси бўйича уч таклифим бор:

Биринчидан, таълим-тарбия масканлари раҳбар тайинлашда таниш-билишчиликка йўл қўймаслик учун ота-оналар қўмитасининг ваколатини кучайтириш керак. Масалан, мактабнинг бўлғуси директори фикр-мулоҳазаларини, дастурини улар иштирокида эшитиб, овозга қўйиб, қарор қабул қилиш керак. Ўқитувчиларни ишга қабул қилишда ҳам кўплаб илғор мамлакатларда бўлгани каби ота-оналар қўмитасининг розилигини ҳисобга олиш амалиёти механизмларини яратиш керак. Биргина директорнинг хоҳиши билан номуносиб кишилар ўқитувчи бўлиб ишлашининг олди олинади. Билимли ўқитувчи ҳар қандай саволга жавоб беради, ўзининг муносиблигини исботлайди.

Иккинчи таклифим: ўқувчиларнинг мактабга қимматбаҳо қўл телефонлари билан келиши ҳамон муаммолигича қолмоқда. Ҳеч кимга сир эмас, қимматбаҳо телефоннинг имкониятлари, «ҳунарлари» кўплиги болалар тарбиясига салбий таъсир кўр­сатади. Бундан ташқари, дарс пайтида телефонда ижтимоий тармоқларга уланади, ахлоқ нормаларига зид ўйинларни ўйнайди, хатлар ёзишади...

Ҳар куни эрталаб кўп мактабларда ўқувчиларнинг қўл телефонларини текшириб, олиб қўйиш учун ўқитувчиларнинг вақти, асаби кетмоқда. Айримлар болаларга оддий телефонларни олиб бериш керак, де­йишмоқда. Савол туғилади: умуман, ўқувчи мактабга қўл телефон олиб бориши зарурми? Ота-оналар боламиз билан хабарлашиб туришимиз керак, дейди. Хўш, ота-она боласи билан телефон орқали хабарлашганда боласи қаерда, ким билан, нима иш қилаётганини аниқ айтадими? Ота-она фарзандидан безовта бўлса, тез-тез мактабга бориб туриши, ўқитувчилар билан суҳбатлашиши, қўнғироқ қилиб туриши керак бўлади.

Қўл телефонлари яқинда пайдо бўлди. Бунгача не-не авлодлар мактабда қўл телефонисиз ўқиб, вояга етишдику.

Анчадан буён баҳс-мунозара мавзуси бўлиб келаётган масала — ўқувчиларнинг мактабга қўл телефони билан боришини мутлақо тақиқловчи ҳуқуқий меъёрий ҳужжат қабул қилиш фақат ижобий натижага олиб келади, деб ўйлайман.

Учинчи таклиф: мактабга эркак ўқитувчиларни қайтаришимиз зарур. Эркак оилада асосий боқувчи бўлгани сабабли ўз касбидан воз кечиб, маоши кўпроқ жойларга ишга ўтиб кетмоқда. Шу сабабли ўқитувчи маоши масаласини қайта кўриб чиқиш зарур. Мамлакатимизнинг эртанги куч-қуввати, тараққиёти биз бугун таълим соҳасига қанчалик эътибор қаратаётганимиз, ёш авлодга қандай таълим-тарбия бераётганимизга боғлиқлигини ҳаммамиз яши англаймиз, албатта.

«Таълим тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда етти ўлчаб эмас, етмиш ўлчаб бир кесиш керак. Бу таклифларни жамоатчилик иштирокида қаттиқ муҳокама қилиб, ота-оналар, ўқитувчилар фикрлари олинса, маслаҳатлашилса, ўзимиз учун мақбул йўлни албатта топамиз.

 

Усмонжон АҲМЕДОВ,

Халқ таълими фахрийси.



DB query error.
Please try later.