Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
07.04.2018

БУЮК МАЪРИФАТ ЗИЁСИ

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Самарқанд давлат университети профессори:

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорини ўқиб, кўнглимдан кўп ўйлар ўтди.

Бугун Ўзбекистон узра буюк бир маърифат зиёси таралмоқда. Мен эллик йиллик меҳнат фаолиятим давомида илм-фан ва унинг намояндаларига бу даражада юксак эътибор қилинганини кўрмаганман. Илмий текшириш институтлари фаолияти тикланди. Бир қатор олий ўқув юртлари очилди. Ўзбекистон Фанлар академияси ўзининг иккинчи умрини яшай бошлади. Фан ва таълим, маънавият ва маърифат, адабиёт ва санъат аҳли ­Президент ғамхўрлигини ўз ҳаётлари мисолида кўриб, англаб, ҳис этаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Алишер Навоий ҳазратлари айтади:

Бировки қилса олимларга таъзим,

Қилур гўёки пайғамбарга таъзим.

Илм ва олимлар қадрланмаган мамлакатнинг келажаги йўқдир. Фан ривожланса, давлат тараққий этади. Олим улуғланса, халқ маърифатли бўлади. Маънавиятли халқ ҳеч кимга бош эгмайди. Боболаримиз илм-фан ривожи орқали дунёни забт этишган. Илм-фан одамлари ҳурматланган мамлакатлар гуллаб-яшнаган, обод бўлган, тинчлик ҳукм сурган, кундан-кунга тараққий этган.

Бир пайтлар бутун дунё бухорийлар, фар­ғонийлар, самарқандийлар, хоразмийлар, термизийлар, насафийлар таратган илм зиёсидан ёришган бўлса, бугун фан ва таълим заҳматкашларига кўрсатилаётган эҳтиром туфайли эртага жаҳон фанида улкан кашфиётлар қилиш уларнинг авлодларига насиб этишига ишонаман.

Президентимиз мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотлар негизида аввало илм-маърифат тараққиёти мужассамлашганини таъкидлайди. Тижоратчидан фермергача, оддий ишчи ё деҳқондан тортиб юксак лавозимдаги раҳбарларгача фаолиятини фаннинг илғор ютуқлари асосида қуриши лозимлигини уқтиради.

Тан олиб айтиш керак, ўтиш даврининг қи­йинчиликлари сабабли илм аҳли меҳнатига яраша рағбатлантирилмади. Илмий-тадқиқот муассасаси ходимининг лицей ўқитувчисидан кам ойлик олиши, бутун умрини илм-фан равнақига бағишлаган профессорнинг маоши стажёр ойлигидан деярли фарқ қилмаслиги ёш олимларни ҳам, кекса авлод вакилларини ҳам кўнглидаги кемтик эди.

Мамлакатимиз олимлари ҳаётида жуда муҳим воқеа бўлган, илм аҳлини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган Президент қарори барча олий ўқув юртлари ва илмий тад­қиқот муассасаларида катта хурсандчилик ва мамнуният билан кутиб олинди. Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мавлон Жўрақулов давлат раҳбарининг ушбу қароридан руҳланиб: «Энди илм ривожланади, фан тараққий этади» деди. Бу нафақат бутун умрини илмга бағишлаган оқсоқол олимнинг фикри, балки бутун юртимиз зиёлиларининг якдил қарашидир.

Президентимизнинг ушбу қарори билан йиллар давомида биз, олимларни ўйлантириб келган муаммога ечим топилди. Садриддин Айний домла айтганидек, қаламнинг навбати келди. Ишлайдиган, илм қиладиган замон бўлди. Менинг назаримда, олий таълим тизимида, илмий даргоҳларда ишлаётган фан докторлари ва профессорлар, тадқиқотчи ва ўқитувчи-ассистентлар ушбу қарорни имтиёзмас, масъулият ўрнида қабул қилиб, илм-фан ва таълим ривожига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқлари керак. Илмий мактаблар фаолиятини янада жонлантириш, илмий ишлар сифат ва самарадорлигини ошириш, кадрлар тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этиш биз, олимларнинг виждон амрига айланиши керак.

Илм тафаккурни янгилайди, одамлар онгини эскича тушунча, қолоқ қарашлардан халос қилади. Илм орқали асрлар қиёфаси ўзгарган. Давр ва замонлар фазилатда бир-биридан ўзган, илгарилаган. Инсоннинг юксалиш йўли — бу илм йўлидир.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: