05.04.2018

НУРОНИЙЛАР МАСКАНИ

Навоий шаҳри марказида ҳамда Навбаҳор туманида барпо этилган Нуронийлар маскани фойдаланишга топширилди.

Ҳар икки масканда пиру бадавлат отахону онахонлар учун дам олиб, ҳордиқ чиқарадиган сўрилар, шахмат-шашка ўйинлари, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган маърифатхона, фиточой бурчаклари, тиббиёт хонаси ҳамда бошқа қулайликлар муҳайё қилинган.

— Нуронийлар масканидаги шинам ва ёруғ хоналар, замонавий мебель жиҳозлари, спорт зали, тиббиёт хонаси, кутубхона дам олувчиларнинг вақти мароқли ва мазмунли ўтишини таъминлайди, — дейди Навоий шаҳар «Нуроний» жамғармаси маслаҳатчиси Ҳамдам Мадалиев. — Айни кунда шаҳримизда 1200 нафар нуроний истиқомат қилади. Улар мана шу ерда кўнгил ёзиб, тоза ҳаводан баҳраманд бўлади. Нуронийларимизнинг саломатликларини тиклаш учун алоҳида муолажа хоналари мавжуд.

— Ота-боболаримиз кўрмаган кунлар бизга насиб этди, — дейди ўз умрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган Шариф ҳожи ота Муҳаммадиев. — Биз учун мана шундай имкониятлар яратилганига беҳисоб шукр, эртаю кеч юртимиз тинчлигини тилаб дуо қиламиз.

Нуронийлар маскани ҳудудидаги шинам гузарда нафақат мароқли ҳордиқ чиқариш, балки атроф гўзалликларидан баҳраманд бўлиш учун ҳам барча шарт-шароитлар яратилган. Бу кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиган отахону онахонларнинг ушбу масканга келиб, баҳаво табиат қўйнида бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қуришлари учун айни муддао бўлди.

Наврўз муносабати билан уюштирилган хайрия ҳашарида Нуронийлар маскани ҳудудида мингга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Шарқона меъморчилик усулидаги шинам айвонлар қад ростлади. Бу ерда кексаларимиз учун Наврўз тадбири ҳам ўтказилди.

 

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: