05.04.2018

ҲАЛИ ҲАМ ТАДБИР КЎП...

Бухоро вилоят партия кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда ҳудудий партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаолияти танқидий таҳлил қилинди.

— Партиямиз Сайловолди дастурида пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш ғоялари илгари сурилганини бот-бот такрорлаймиз, — деди ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Робия Казимова. — Хўш, бу борада қандай ташаббусларни илгари суряпмиз? Бугун ҳар биримиз йўл қўйилган камчиликлардан керакли хулоса чиқариб, кейинги фаолиятимиз режасини тузишимиз лозим. Ютуқлар ўзимизники, камчиликлар эса тузатилмоғи керак.

Ўтган йил партия сафига қабул қилинган 2013 нафар янги аъзонинг 1266 нафарини аёллар, 1033 нафарини ёшлар ташкил этади. «Қонун ижодкорлиги — ёшлар нигоҳида», «Муаммоларни ҳал этишда менинг иштироким», «Салоҳиятли кадрлар — давр талаби» каби лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилган.

«Ижтимоий ҳимоядан ижтимоий фаоллик сари» лойиҳаси доирасида 175 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилган. Ўз бизнесини бошламоқчи бўлган 204 нафар аёлга кредит олишга кўмаклашилган. 98 нафар хотин-қиз эса оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган.

— Амалга оширилган ишларга назар солинса, кўпроқ тадбирлар ўтказиш билан чекланиб қолинаётгани аён бўляпти, — деди пленумда сўзга чиққан ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов. — Ваҳоланки, партиямиз олдида долзарб вазифалар турибди. Давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасида кўзга кўринадиган ташаббусларни илгари суришда ҳамон оқсаяпмиз. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича вилоят партия ташкилоти ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан бирор масала кўрилмаган ёки таклиф ишлаб чиқилмаган. Буни қандай тушуниш керак?.. Депутатларимиз ишлаяпти, фаоллашди, деган гапларни айтишдан олдин, «бизнинг ҳаракатимиз жамиятда нимани ўзгартиряпти?» деган, саволга жавоб топишимиз зарур.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг 2017 йилдаги фаолияти ҳақида гуруҳ раҳбари Шуҳрат Исматов маъруза қилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан, вилоят Кенгаши депутатлари Мақсуд Холов, Лола Аҳадова ва бошқалар сўзга чиқди. Соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, педагог кадрларни қадрлаш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Пленумда ташкилий масала ҳам кўрилди. Робия Казимова ЎзХДП вилоят кенгашининг раиси этиб сайланди.

 

* * *

ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгашининг пленуми ҳам танқидий руҳда ўтди.

— Ўтган давр мобайнида 30 га яқин сайёр қабуллар ташкил этилди, — деди ЎзХДП вилоят кенгашининг раиси Мажидхон Усмонов. — Учрашувлар мобайнида ижтимоий соҳага доир 200 га яқин мурожаат, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Уларнинг 132 таси маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари орқали ижобий ечимини топган бўлса, қолган мурожаатлар бўйича мутахассислар томонидан ҳуқуқий тавсиялар берилди. 18 масала ечими юзасидан мутасадди ташкилотларга мурожаатлар йўлланган ва ижроси назоратга олинган.

— Депутат зиммасига улкан вазифалар юкланган, — деди вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Бахтиёр Шукуров. — Депутатлар томонидан турли масалалар юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 80 га яқин сўров юборилди. Ҳомийлар кўмагида ногиронлиги бўлган фуқароларга 34 та ногиронлик аравачаси олиб берилди. Одамлар баландпарвоз гапларга эмас, партиянинг амалий ишига қараб баҳо беради. Шу боис муаммолар ечими йўлида тинмай изланишимиз керак. Биз қандай ишга қўл урмайлик, партия номидан ҳаракат қилаётганимизни асло ёддан чиқармаслигимиз лозим.

Пленумда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Шаҳло БАҚОЕВА,

Абдурасул САТТОРОВ.



DB query error.
Please try later.