05.04.2018

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ ХАЛҚ НАЗОРАТИ ДЕМАКДИР

Конституциямизнинг 2-моддасида давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгилаб қўйилган.

Бош қомусимизда белгиланган бу тамойил давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб боришга қодир бўлган фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга оид қонунчилик тизимининг шаклланишига замин яратди.

Шу аснода «Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Нoдaвлaт нoтижoрaт тaшкилoтлaри тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Нoдaвлaт нoтижoрaт тaшкилoтлaри фaoлиятининг кaфoлaтлaри тўғрисидa»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қoнунлaр ва бошқа юзга яқин қонуности ҳужжатларида давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг у ёки бу кўринишига тааллуқли меъёрлар ўз аксини топди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциямизга 2014 йилда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг конституциявий асоси шакллантирилган.

Юқорида санаб ўтилган қонун ва қонуности ҳужжатлари жамоатчилик назорати институтининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. Бироқ уларда жамоат назорати ҳақида қатор нормалар мавжуд бўлса-да, ушбу назоратнинг моҳияти, турлари, уни амалга оширишнинг усул ва шакллари, умуман олганда, назорат қилиш механизмларини назарда тутувчи махсус қоидалар ва ягона ҳужжат мавжуд эмас эди. Бу эса қонунлардаги ушбу қоидаларнинг ва ҳатто конституциявий норманинг тўлиқ ишламаслигига сабаб бўлаётган, ушбу соҳада ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти мавжуд эмас эди.

Жамоатчилик назорати билан боғлиқ қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирхиллаштириш ҳамда ягона тизимлаштирилган таянч қонунни қабул қилишга эҳтиёж мавжуд эди.

Шунга кўра, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурига асосан «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонун Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ишлаб чиқилди.

Қонун Конституциянинг 32-моддасида назарда тутилган ҳавола нормани амалда татбиқ этишга, мамлакатимизда давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг қонунчилик асослари ва механизмини тўлиқ белгилашга қаратилган.

Давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишининг муҳимлиги нимада, деган савол туғилиши табиий.

Биринчидан, жамоатчилик назорати фақатгина жамият учун эмас, балки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини самарали ташкил қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Зеро, жамоатчилик назорати қонунларнинг самарали ишлашини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш билан бирга, уни ҳимоя қилишга даъват этади, давлат тузилмаларининг такомиллашувини таъминлайди.

Бу эса бугунги кунда ўта долзарб ҳисобланиб келаётган давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги ва масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Иккинчидан, жамоатчилик назорати орқали фуқаролар фикр ва мулоҳазаларининг ижтимоий ҳаётдаги таъсирчанлиги ортади, давлат келажагига бефарқ бўлмаган ва ижтимоий фаол аҳоли қатлами шаклланиб боради.

Учинчидан, жамоатчиликнинг ишончи ҳамда қўллаб-қувватлаши орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолиятини янада самарали ташкил этиш имкониятига эга бўлади.

«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонун жами 21 моддадан иборат бўлиб, унда жамоатчилик назорати субъекти ва объектлари, асосий тамойиллари ва жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг шакллари белгиланмоқда.

Назорат шаклларининг ҳар бирини амалга ошириш тартиби қонун билан батафсил ёритиб берилмоқда. Шунингдек, жамоатчилик назорати субъектлари ва объектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жамоатчилик назоратининг натижаларини расмийлаштириш тартиби очиб берилмоқда.

Қонунга мувофиқ, жамоатчилик назоратининг субъектлари сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари белгиланди.

Шунингдек, жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари масалан, Мудофаа вазирлиги ва бошқа идоралар ҳузурида ташкил этиладиган жамоатчилик кенгашлари томонидан амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.

Жамоатчилик назоратининг объекти сифатида эса давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари белгиланди.

Қонунга мувофиқ, жамоатчилик назорати субъектлари давлат органлари фаолияти устидан қатор шаклларда назорат олиб боришлари белгилаб қўйилмоқда.

Масалан, давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар йўллаш; давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш; жамоатчилик муҳокамаси; жамоатчилик эшитуви; жамоатчилик мониторинги; жамоатчилик экспертизаси; жамоатчилик фикрини ўрганиш; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиш шулар жумласидандир.

Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида миллий қонунчилик, ҳуқуқшунос олимлар ва экспертларнинг фикрлари ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди, жамоатчилик назорати соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлил қилинди.

Жумладан, АҚШ, Бельгия, Германия, Буюк Британия, Франция, Россия ва Қозоғистон каби мамлакатларнинг жамоатчилик назорати соҳасидаги қонун ҳужжатлари тўлиқ ўрганилган.

Қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун турли давлат ва нодавлат ташкилотлари мутахассис ва экспертларидан иборат таркибда ишчи гуруҳи тузилиб, улар томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Қонун ҳудудлар эътиборига етказилиб, жойлардан ушбу ҳужжат ҳудудий манфаатларга тўлиқ мос эканлиги тўғрисида фикр-мулоҳазалар олинди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши давлат органлари ва мансабдор шахслари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, энг муҳими, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш механизмининг янада такомиллашувига хизмат қилади.

 

Толибжон МАДУМАРОВ,

Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.