05.04.2018

ИСЛОҲОТЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЎЗИМИЗДАН БОШЛАНИШИ ЛОЗИМ

«Тараққиёт стратегияси» марказида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан давра суҳбати ўтказилди. Унда эҳтиёжманд аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлашда ҳамкор ташкилотлар билан ишлаб чиқилган дастурлар ижроси муҳокама қилинди.

— Жойларда биз билмаган муаммолар ҳали кўп, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев. — Буни аҳоли билан мулоқотлар давомида янада чуқурроқ англаяпмиз. Ногиронлиги бўлган шахслар, нуронийларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада бир қанча ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориляпти.

Энг аввало, ҳар бир инсон, ташкилот ислоҳотларни амалга оширишни ўзидан бошлаши лозим. Биз кўпдан бери ногиронлиги бўлган кишилар учун ижтимоий аҳамиятга эга бўлган биноларда пандуслар ўрнатиш ҳақида гапиряпмиз. Лекин бу масаладаги таклифларимиз, ташаббусларимиз изчил бўлмаётганини тан олмоғимиз керак.

Ўтган йили ногиронлиги бор шахсларга бошланғич тўловсиз, узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида мингдан ортиқ арзонлаштирилган уйлар берилди. Маълумки, мазкур ҳаракат хайрия тарзида амалга оширилмоқда. Буни меъёрий ҳужжатларда ҳам акс эттириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шу боисдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига таклиф киритдик. Фракциямиз аъзолари таклифимизни ўрганиб, қонунчиликка ўзгартириш киритишга муваффақ бўлади, деган умиддамиз.

— Хабарингиз бор, ўтган йили партиямиз ҳамкор ташкилотлар билан меморандумлар имзолади, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов. — Бугунги кунда мазкур меморандумлар ижросини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, нуронийларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига оид қонун лойиҳалари ва меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишга 65 нафар эксперт жалб қилинди.

«Халқ билан мулоқот ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг энг самарали йўли» лойиҳаси доирасида 800 га яқин сайёр тадбирлар ташкил этилди. Очиқ мулоқотлар давомида аҳоли томонидан турли масалалар юзасидан маҳаллий Кенгаш депутатлари ва ҳамкор ташкилотлар вакилларига ижтимоий соҳага доир 2500 га яқин мурожаат қилинди. Таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Бундан ташқари, 200 га яқин тиббий кўриклар ташкил этилиб, шифокорлар электорат вакилларига керакли маслаҳатларини беришди. Депутатлар ташаббуси билан 26 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга махсус аравача, 18 та эшитиш мосламаси, 32 та қўлтиқтаёқ олиб берилди.

Пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга оид 56 масала депутатлик гуруҳларида, 48 масала доимий комиссияларда ва 41 масала сессияларда кўриб чиқилган ва тегишли қарорлар қабул қилинган. Олиб борилган ишлар натижасида жойлардаги муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Ўрганиш мобайнида Бахмал туманида аҳоли орасида туғма ногиронлик ҳолатлари кўп учрашини билдик. Бунга яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ асосий сабаб экан. Афсуски, салбий ҳолатлар юртимизнинг фақат шу ерида учрамайди. Муаммонинг олдини олиш учун Оила кодексига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф билан чиқдик. Таклифлар бугунги кунда фракциямиз томонидан кўриб чиқилмоқда.

— Кўп ўтмай, 2018 йил учун Давлат дастурининг қабул қилинганига ярим йил бўлади, — деди Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов. — Дастурда белгиланган вазифаларнинг қанчаси амалга ошди, деган савол эса барчани қизиқтириши табиий. Шунинг учун депутатларнинг парламент эшитуви ваколатидан фойдаланиб, Дастурда ижтимоий муҳофаза масаласи билан боғлиқ йўналишлар бўйича белгиланган вазифалар ижроси хусусида мутасаддиларнинг эшитувлари ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Комил Абдуллаев, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти раиси Ш.Мирхамидов, Ўзбекистон карлар жамияти раиси И.Рихсиев, «Нуроний» жамғармаси раиси ўринбосари Ш.Усмонов фикр-мулоҳазаларини билдиришди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

САВОЛ:

— Ногиронлиги бўлган шахслар автотураргоҳлардан имтиёзли равишда фойдаланиши мумкинми?

ЖАВОБ:

— Жорий йилнинг 7 март куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситаларидан фойдаланишлари учун қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, ҳар бир автотураргоҳ умумий майдонининг беш фоизи ногиронлиги бўлган шахслар автомашиналари учун ажратилади. Бу ердан фойдаланиш учун транспорт воситасида махсус белги ўрнатилган бўлиши лозим. Белги ўрнатилмаган ҳолатларда ногиронликни тасдиқловчи гувоҳномани кўрсатиш талаб этилади. Қоидага бўйсунмайдиган фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима жазоси қўлланилади.

САВОЛ:

— Сайлов жараёнларида ногиронлиги бўлган шахсларни ЎзХДПдан депутатликка номзод сифатида кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилганми?

ЖАВОБ:

— Ўтган йили 24 декабрда халқ депутатлари туман Кенгашларига Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган сайловда Ногиронлар жамияти аъзолари орасидан ҳам депутатликка номзодлар кўрсатилган эди. Бу амалиётда биринчи бор қўлланилиши. Мазкур сайловда тавсия этилган номзодлар етарлича овоз тўплай олишмади. Аммо кейинги сайловга ҳам оз қолди. Унга тайёргарликни ҳозирдан бошлашимиз лозим. «Бўлажак депутат мактаби» клуби фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. 2019 йилда ўтадиган сайловда сайланган депутатлар орасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бўлишига ишонамиз. Бу уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси яна мустаҳкамланишига хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.