Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
05.04.2018

ЎЛЧАШ ВОСИТАЛАРИНИ ҚИЁСЛАШ ИШЛАРИ КЎНГИЛДАГИДЕКМИ?..

Ўзбекистон миллий метрология институти давлат корхонаси томонидан «Республикамизда ягона ўлчашлар бирлилигини таъминлаш ва халқаро алоқаларни кенгайтириш истиқболлари» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда корхона томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида сўз юритилди. Бугунги кунда корхона 15 ўлчаш турлари бўйича ўлчаш воситаларини қиёслаш, калибрлаш, метрологик аттестация қилиш ишларини 24 лаборатория орқали амалга оширади ва улар ўлчаш воситаларини стандарт талабларига мос келишини назорат қилади.

Фаолиятимизни Германия, Беларусь, Корея, Хитой ва бошқа ривожланган давлатлар тажрибаларини ўрганган ҳолда ташкил этдик, — дейди Ўзбекистон миллий метрология институти давлат корхонаси директори ўринбосари Лазизбек Саидорипов.Ҳозир корхонамизда 700 дан ортиқ юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини қиёслаш имкони бор. Ўлчов воситалари, усуллари ва натижаларига метрологик талаблар белгиланиб, 1750 дан ортиқ халқаро ва 20 дан зиёд давлат стандартлари амалга киритилди. 2018-2021 йилларда 15 дона эталон (юқори аниқликдаги ўлчаш воситаси) харид қилинади. Натижада хорижга қиёслаш учун олиб чиқилаётган 2100 дан ортиқ юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини ўзимизда қиёслаш орқали йилига 1,3 миллион АҚШ доллари тежалади. 2021 йилда эталонлар сони 24 тага етказилиб, 2500 дан ортиқ юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини ўзимизда метрологик текширувдан ўтказиш имконияти яратилади.

Маълумки, маҳсулотнинг сифат назорати ўлчаш ва синаш асосида амалга оширилади. Ҳар бир ўлчаш ва синовлар натижалари эса давлатлараро тан олинишига эҳтиёж сезади. Ўзбекистоннинг Метрик конвенцияга қўшилиши давлатлараро интеграциялашувни таъминлашга, халқаро савдо жараёнларида талаб этиладиган маҳсулотларни синаш ва ўлчаш натижаларининг халқаро миқёсда тан олинишига замин яратиб беради. Шу боис «Ўзстандарт» агентлиги томонидан метрология бўйича халқаро конвенцияга (1875 йил Парижда тузилган) қўшилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш белгиланган бўлиб, ўрганиш натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига қарор лойиҳаси киритилган.

Шунингдек, тадбирда республикамизда ўтказилган ўлчашлар натижасини Халқаро даражада тан олинишига эришиш мақсадида Халқаро ўлчовлар ва тарозилар қўмитасининг ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишуви (CIPM MRA) га асос солингани, бунда ҳар бир давлатнинг ўлчаш имкониятлари махсус жадвалларга жойланиб, ушбу жадвал Халқаро ўлчовлар ва тарозилар бюросининг расмий сайтида (www.bipm.org) эълон қилиб борилиши тўғрисида ҳам маълумот берилди.

САВОЛ:

— Ҳозир 700 дан ортиқ юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини ўзимизда қиёслаш имконияти мавжудлиги таъкидланди. Бугунги кунда тадбиркорларимиз томонидан мамлакатимизга хориждан олиб келинаётган асбоб-ускуналар ҳам қиёсловдан ўтказилаяптими? Давлат стандартига мос келмайдиган асбоб-ускуналар аниқланган ҳолларда қандай чоралар кўрилмоқда?

ЖАВОБ:

— Тўғри, тадбиркорларимиз томонидан хориж давлатларидан олиб келинаётган асбоб-ускуналар текширувдан ўтказилганда, стандартга жавоб бермайдиган ҳоллар ҳам учраб туради. Бу кўпинча тиббиётда қўлланиладиган Хитойда ишлаб чиқарилган электрокардиограф аппаратида аниқланмоқда. Бу аппаратни ишлаб чиқарган корхонага қайтариб жўнатиб, ўрнига стандартга жавоб берадиган ускуна келтирилмоқда.

САВОЛ:

— Айрим харидорлар бозорлардан маҳсулот харид қилганда килограмидан кам чиқаётганини айтиб, эътироз билдиришади. Четдан келтирилаётган ёки ўзимизда ишлаб чиқарилаётган электрон тарозилар ҳам стандартдан ўтказиладими? Ўтказилса, бу каби эътирозларга сабаб нима?

— Бу каби эътирозлар билан бизга ҳам мурожаатлар бўлмоқда. Биз ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ҳамда четдан кириб келаётган электрон тарозиларни давлат стандартидан ўтказиб, кейин фойдаланишга рухсат берамиз. Аммо бозорларда ишлатилаётган тарозиларнинг кўпчилиги хусусий тарозилар ҳисобланади. Уларнинг кўпи эса вақтида стандарт текширувидан ўтказилмайди. Аслида қонун-қоида бўйича савдо қилаётган тадбиркорлар бозор маъмурияти томонидан стандарт текширувидан вақтида ўтказилган тарозилар билан таъминлаши керак.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.