05.04.2018

СУВ БЕҲИСОБ ЭМАС

Ундан тежаб-тергаб фойдаланиш муқаддас бурчимиз

Кейинги пайтда Ер куррасидаги сув ресурсларининг тугаши ёки «иссиқхона эффекти» натижасида кўпайиши инсониятни катта экологик фожиаларга олиб келиши ҳақида турли-туман мулоҳазалар билдирилмоқда. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, инсониятнинг чучук сув ресурсларидан фойдаланиш аҳволи ҳозирги тарзда давом этса, 2100 йилларга бориб, ишлатиб бўлинади ва 2230 йилга бориб, планетанинг сув захиралари батамом тугайди.

Соҳа экспертларининг айтишича, сўнгги 50 йил мобайнида дунёда ичимлик сувга бўлган эҳтиёж аҳоли сони ва экин майдонлари кенгайишига пропорционал тарзда уч баробар ортиб, тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар тобора чуқурлашиб бормоқда.

 

Назаримизда, сайёрамизда сув ниҳоятда кўпдек, уни қадрлашга, тежашга эҳтиёж йўқдек туюлади. Аслида ҳам шундайми?..

Дарҳақиқат, сувнинг асосий манбаи бўлган дунё океанлари майдони Ер сайёрасининг учдан икки қисмини эгаллаган бўлиб, миқдори 1,4 млрд. куб километрга тенгдир. Сув захиралари кўп бўлишига қарамасдан, унинг атиги 3 фоизигина истеъмолга яроқли чучук сувлар бўлиб, ушбу сувнинг ҳам учдан икки қисмини Арктика, Антарктида ва Гренландия музликлари, қорлари ташкил қилади. Юқорида келтирилган рақам ичимлик сув масаласи умумжаҳон миқёсидаги муаммолардан бири экани, мавжуд ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш эса энг долзарб вазифалардан бирига айланганининг далилидир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 22 мартнинг «Халқаро сув куни», 2013 йилнинг «Халқаро сув ҳамкорлиги йили» деб эълон қилиниши, ХХI асрни — «Сув асри» деб аташ юзасидан киритган таклифи ҳам бежиз эмас.

Кейинги пайтда Ер куррасидаги сув ресурсларининг тугаши ёки «иссиқхона эффекти» натижасида кўпайиши инсониятни катта экологик фожиаларга олиб келиши ҳақида турли-туман мулоҳазалар билдирилмоқда. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, инсониятнинг чучук сув ресурсларидан фойдаланиш суръатлари шу тарзда давом этса, 2100 йилларга бориб, ишлатиб бўлинади ва 2230 йилга бориб, планетанинг сув захиралари батамом тугайди.

Соҳа экспертларининг айтишича, сўнгги 50 йил мобайнида дунёда ичимлик сувга бўлган эҳтиёж аҳоли сони ва экин майдонлари кенгайишига пропорционал тарзда уч баробар ортиб, тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар тобора чуқурлашиб бормоқда.

2010 йил БМТнинг «Бутунжаҳон сув куни» муносабати билан эълон қилинган маърузасида ифлосланган сувдан фойдаланиш урушлар ёки куч ишлатишнинг барча бошқа шаклларига нисбатан инсонларни кўпроқ нобуд қилади, деб таъкидланган. Яъни, БМТ маълумотларига кўра, «Ҳар йили сифатсиз сув истеъмол қилиш билан боғлиқ касалликлар сабабли дунёда 5 ёшгача бўлган 1,8 млн. бола, ёки бошқача айтганда, ҳар 20 сонияда бир бола нобуд бўлмоқда. Дунё касалхоналаридаги беморларнинг ярмидан кўпи у ёки бу даражада ифлосланган сув билан боғлиқ касалликларга чалинган кишилардир».

Ўзбекистон сув ресурслари билан таъминланиш ва фойдаланиш табиий шароити анча ноқулай минтақада жойлашган. Хусусан, Марказий Осиё гидрогеографиясида табиий сув ҳавзалари ва ресурслари нотекис тақсимланган. Сув ресурсларининг фақат, тахминан 10 фоизи мамлакат ҳудудида ҳосил бўлади, қолган 90 фоизи яқин қўшни мамлакатлардан келадиган сувлар бўлиб, уларни тозалаш иншоотлари бўлмаганлиги учун сифати талаб даражасида эмас.

Шунинг учун БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг «Атроф-муҳит сиёсати» қўмитаси томонидан 2009 йил «Бутунжаҳон сув куни» муносабати билан тайёрланган «Атроф-муҳит ҳолатининг шарҳи»да охирги ўн йилликларда Орол денгизида вужудга келган энг ташвишли сув инқирози нафақат Марказий Осиёга, балки бутун планетага тааллуқли эканлигига дунё ҳамжамиятининг диққат-эътибори жалб қилинди.

Ҳақиқатан ҳам, эллик йил давомида Орол денгизи ўрнида учта мустақил «намакоб кўл» вужудга келган. Унга сув қуйилиши камайиши Орол денгизи атрофидаги экологик мувозанатни бутунлай ўзгартиб юборди.

Бугунги кунда Орол денгизи минтақасида 6 миллион гектардан ортиқ қум-туз саҳроси — «Оролқум» пайдо бўлган. Олимларнинг фикрича, ҳар йили денгиз тубидан 700-800 миллион тоннадан зиёд чанг ва турли заҳарли моддалар, тузлар атмосферага кўтарилиб, 500 километр майдон бўйлаб тарқалади.

Орол денгизи қуриши унумдор ер ресурслари камайишига, тупроқнинг шўрланишига, ҳосилдорлиги пасайишига олиб келмоқда. Чўллашиш жараёнининг тезлашиши эса ўсимлик ва ҳайвонлар дунёси хилма-хиллигигабиосфера экологик мувозанатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шундай шароитда трансчегаравийАмударё ва Сирдарё дарёларининг қуйи оқимида сувлардан оқилона фойдаланиш Марказий Осиё давлатлари учун ўта муҳим иқтисодий ва экологик вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Нуфузли экспертларнинг маълумотларига кўра, сув танқислиги туфайли фақатгина Қорақалпоғистон Республикасида суғориладиган майдонлар деярли икки баробар камайган.

Марказий Осиё давлатларининг аҳолиси кўпайиб бораётган шароитда электр энергия танқислигини (муқобил вариантлари бўлгани ҳолда) фақат трансчегаравий сув ресурслари ҳисобига бартараф қилишга уринишлар бошқа давлатларда аҳолини озиқ-овқат ва бошқа биринчи эҳтиёж моллари билан таъминлашга; экологик мувозанат бузилишига; маиший ва санитария-гигиена шароити ёмонлашувига; юқумли касалликлар кўпайиши ва тарқалишига; иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий офатларни келтириб чиқариш эҳтимоли кучайишига олиб келади. Бу эса муаммоларга халқаро экологик ҳуқуқ нормалари ва умуминсоний ахлоқ тамойилларига асосан жаҳон ҳамжамиятининг адекват чора-тадбирлар кўришини тақозо қилади.

2014 йил октябрда Урганч шаҳрида «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Бу анжуманда Оролбўйи минтақасидаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш учун халқаро ҳамжамият маблағи ва саъй-ҳаракатларини сафарбар этишга доир амалий таклифлар берилди, қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон халқ хўжалигида дарёлар, сув омборлари ва сунъий ҳавзалардан ташқари, ерости сувларидан ҳам фойдаланилади. Ўзбекистондаги жами ерости суви захиралари 24,35 куб км.га тенг бўлиб, республика аҳолиси эҳтиёжининг 80 фоизини қондиради. Чучук ерости суви асосан Фарғона водийсида — (34,5%), Тошкент — (25,7%), Самарқанд — (18%), Сурхондарё — (9%), Қашқадарё — (5,5%) вилоятларида мавжуд бўлиб, қолган вилоятларда чучук сув захираси 7 фоизни ташкил этади.

Бироқ охирги йилларда ерости суви сифатининг ёмонлашиб бориши ҳақида турли маълумотлар берилмоқда. Хусусан, мамлакатнинг ғарбий ҳудудларидаги ерости суви захираларида кучли шўрланиш жараёни кузатилиб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келганлиги айтилмоқда. Келажакда дунё ОАВида углеводородларни ноанъанавий усулда қазиб олиш технологияларининг кенг қўлланилиши оқибатида ерости сувлари глобал ифлосланиши ҳақида турли илмий башоратлар қилинмоқда.

Бу башоратларнинг ҳақиқатлигини сланец конларидан ёқилғи олиш технологиясидан фойдаланаётган давлатларда ерости сувлари сифати ёмонлашгани, шунингдек, геологик қатламлар жойлашуви издан чиқаётгани ҳақида нуфузли экспертлар хулосалар бермоқда.

Шу ўринда яна бир масалага эътибор қаратиш лозим бўлади. Маълумки, бу йил қиш ва баҳорда мамлакатимизда ёғингарчилик кам бўлди. Демак, қишлоқ хўжалиги экинлари парвариши бошлангач, сув танқислиги келиб чиқади. Бу вазият сувдан жуда ҳам оқилона фойдаланишимизни талаб этади. Айниқса, фермер хўжаликлари, томорқа эгалари сув исрофгарчилигига йўл қўймаслик чора-тадбирини кўрмоғи керак.

Қисқа қилиб айтганда, тирикликнинг асосий манбаларидан ҳисобланган сув камайиб кетаётган бойлик бўлиб, ундан ҳар томонлама самарали фойдаланиш талаб этилади.

 

Саидмурод МАМАШОКИРОВ,

фалсафа фанлари номзоди, профессор.



DB query error.
Please try later.